Таъкидланганидек, бугунги кунда бутун дунё ҳамжамиятини ҳавотирга солиб, ривожланган давлатларнинг ҳам иқтисодиётига жиддий зарба бераётган коронавирус пандемияси барча даражадаги раҳбарларнинг масъулияти ва жавобгарлигини янада оширишни талаб этмоқда. Йил оғир келган бўлсада, иқтисодиётни мустаҳкамлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ишлари тизимли олиб борилмоқда. 3,8 миллион нафар аҳолига эга бўлган Фарғона вилояти аҳолиси учун муносиб турмуш, меҳнат шароитларини яратиш, ижтимоий  муҳофазасини таъминлаш, камбағаллар ва ишсизлар билан ишлаш, ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш энг устувор вазифадир.

Қайд этилганидек, вилоятда 2020 йилнинг 9 ой якуни билан деярли барча соҳаларда иқтисодий ўсишга эришилди. Вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 101,4 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 100,4 фоизга, хизматлар кўрсатиш ҳажми 103,1 фоизга, қурилиш ишлари 100,4 фоизга ўсди.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йил якунлари бўйича макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози барча йўналишлар бўйича ортиғи билан бажарилиши кутилмоқда. Хусусан, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 37,4 триллион сўмга етиб, ўсиш кўрсаткичи 102,2 фоизни ташкил этади.

Мамлакатимизда инқирозга қарши курашиш бўйича ўз вақтида қабул қилинган Фармон ва қарорлар пандемия даврида аҳолини кучли ижтимоий ҳимоясини таъминлаш билан биргаликда тадбиркорликни ривожлантириш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, вилоятда фаолият кўрсатаётган 20 мингдан ортиқ тадбиркорларга қарийб 400 миллиард сўм солиқ имтиёзлари берилганлиги, 7,2 мингта тадбиркорларнинг 1,3  триллион сўм кредит қарздорлиги 6 ой муддатга узайтирилганлиги тадбиркор ва ишлаб чиқарувчилар учун жуда катта кўмак бўлди.

Жорий йилнинг ўтган даврда тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 12 минг 271 та субъектга  қарийб 5 триллион сўм кредитлар ажратиб берилди. Шундан, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қарийб 7 мингта субъектларга хомашё ва айланма маблағлар учун 1,7 триллион сўм кредит маблағлари йўналтирилди.
Аҳолининг бандлигини таъминлаш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ижтимоий дастурлар доирасида жорий йил бошидан вилоятимизда 19 минг 63 та оилага 513 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилди.

Ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида пандемия даврида вилоятдаги 51 та йирик корхона фаолияти узлуксиз давом этди, вақтинчалик ўз фаолиятини тўхтатган 1 минг 720 та саноат корхонаси ҳамда 3 минг 173 та кичик бизнес субъекти фаолиятини қайта тиклашга эришилди. Бугунги кунда вилоятда тадбиркорлик ривожи учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. Шаҳар ва туманларда, вилоят марказида тадбиркорлар уйи ташкил этилди.

Фарғона вилоятида инвестиция дастурига мувофиқ, жорий йилда қиймати 7 триллион сўм бўлган 737 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 20 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Ўтган давр мобайнида 4,1 триллион сўмлик 552 та лойиҳа ишга туширилди.

Жумладан биргина “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида 41 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши натижасида 1,3 триллион сўмлик ёки 136,4 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Бунинг натижасида ушбу лойиҳалар ҳисобига 2 минг 500 дан ортиқ иш ўринлари яратилди. Шу билан бирга, мазкур корханалар томонидан 25,5 миллион долларлик маҳсулот экспортга йўналтирилди. 
Шунингдек, 44 та янги хорижий сармоя иштирокидаги қўшма корхона ўз фаолиятини бошлади. 423,4 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилиши кутилмоқда.

Мазкур дастур доирасида Қўштепа туманидаги “Global textile solutions” МЧЖ томонидан пахта тозалаш ва пахтани қайта ишлаш, Қува туманидаги “Yingtai International Rent Service” МЧЖ томонидан интенсив боғ ва музлатгичли омборхона, Фарғона туманидаги "EKOKERAMA" МЧЖда сантехник буюмлар ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилди.

Сессия доирасида ОАВ вакиллари учун Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда вилоятда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ишлар, кейинги йил истиқболдаги вазифалар борасида жўрналистларни қизиқтирган саволларга жавоб олинди.

Лутфулла Сувонов,

“Янги Ўзбекистон” мухбири