Бухоро вилоят ҳокимияти, вилоят Маданий мерос бошқармаси ҳамда журнал таъсисчиси Dinara&Cо нашриёти ташаббуси билан Ўзбекистонда ишлаб келаётган халқаро ташкилотлар вакиллари ва экспертлар ушбу қадимий шаҳарга саёҳат қилди.
Тақдимот давомида меҳмонларга ўзбек санъати, маданияти ва инвестицион соҳаларининг ноёб қирралари таништирилди.
Жумладан, меҳмонлар Акбар Хакимовга тегишли сўзана ва миллий матолардан иборат хусусий коллекция, Bonum Factum ва Швейцария ҳамкорлик бюросининг Art Residence лойиҳаси доирасидаги замонавий санъат кўргазмаси, Давлат Тошевнинг устоз-шогирд амалий санъат мактабида миниатюралар кўргазмаси, Минораи Калон манзаралари фонида тошкентлик ва бухоролик дизайнерларнинг зардўзлик коллекцияларининг намойишлари, Бухоронинг машҳур таоми — Оши сўфини тайёрлаш жараёнларида иштирок этди.
Уюштирилган ушбу тақдимот Visit Uzbekistan Partnership уюшмасининг навбатдаги иши бўлиб, шу пайтгача бундай учрашувлар Сингапур, Лондон, Деҳли ва Тошкент шаҳарларида ўтказилганди.
Яқин орада Буюк Британиялик мутахассислар томонидан ишланаётган VisitUzbekistan.cо веб-сайтининг ишга туширилиши кутилмоқда. Сайт Ўзбекистонга ташриф буюрувчилар учун инглиз тилидаги етакчи ахборот манбаига айланиши мақсад қилинган.