Владимир Норов ўз нутқида коронавирус пандемияси бутун дунёда тарқалаётган ҳозирги даврда ташкил этилган ушбу конференциянинг мавзуси жуда муҳим бўлиб, у ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

«Пандемия миллионлаб одамлар ҳаётига жуда катта хавф солибгина қолмасдан энг илғор ва технологик тараққиётга эришган давлатлар ҳам ушбу таҳдидга тайёр бўлмагани туфайли бу хавф-хатарнинг улкан кўламини намоён этди. Коронавирус XXI асрда давлатлараро ҳамкорликнинг асоси бўлган глобаллашувга кучли зарба берди», деди ШҲТ Бош котиби.

Владимир Норов COVID-19 муаммолари билан бирга, Бактериологик (биологик) ва токсик қурол-яроғларни ишлаб чиқиш, тайёрлаш ва тўплашни ман этиш ҳамда уларни тугатиш тўғрисидаги Конвенция билан боғлиқ масалалар тўғрисида ҳам  алоҳида тўхталди.