Учрашув давомида икки мамлакат алоқалари Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарларининг конструктив ва ишончли мулоқоти асносида стратегик шериклик руҳида ижобий суръатларда ривожланаётгани қайд этилди.

Сўнгги йилларда ўзаро савдо жадал ўсиб бораётгани, саноат, энергетика ва қишлоқ хўжалиги, транспорт соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилиб, минтақалараро ва маданий алмашинувлар кенгайиб бораётгани мамнуният билан эътироф этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикасига бўлажак давлат ташрифига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.

Икки давлат Раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли тарихий ҳужжатлар – Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасининг айрим участкалари тўғрисидаги Шартнома ва Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги Битим имзолангани қайд этилди.

Ўзбекистон-Қирғизистон ўзаро манфаатли ҳамкорлигининг устувор йўналишлари бўйича янги савдо шартномалари, битимлар ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Томонларнинг Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга тайёрлиги билдирилди.