Бугунги ўқувчини баркамол ва билимдон қилиб тарбиялаш шу кеча-кундуздаги муҳим вазифалар сирасидандир. Бундан аёнки, бу борада илм толибларининг маънавиятини юксалтиришда она тили ва адабиёт фанларини ўқитишнинг аҳамияти катта.

Жорий йилнинг 17 март куни тумандаги 4-умумий ўрта таълим мактабида “Она тили ва адабиёт дарсларида ўқувчиларнинг оғзаки ҳамда ёзма нутқини ривожлантиришнинг интерфаол усуллари” мавзусидаги вилоят илмий-амалий семинари бўлиб ўтди. Унда қўшни Бухоро, Когон ва Жондор туманлари халқ таълими бўлими ходимлари, услубшунослари, таълим муассасаларининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари, Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Семинар иштирокчилари даставвал она тили ва адабиёти фани ўқитувчиларининг юқори синфларда ўтган дарсларини кузатиб, ўз фикрларини билдиришди.

Ушбу семинар менга жуда катта таассурот қолдирди. Ўқитувчиларнинг дарс ўтиш усуллари ва уларнинг бу тадбирга тайёргарлиги менга маъқул бўлди. Қисқача қилиб айтадиган бўлсам, семинарда ўзаро фикр алмашилиб, янги иш усулларини ўргандим дейди - Когон тумани халқ таълими бўлими услубшуноси М.Жўраева.

Тадбир сўнгида Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан “Буюк туйғуларнинг буюк куйчиси” мавзусида тайёрланган маданий-маърифий тадбир таклиф этилганларга ҳавола қилинди.

Юсуф НАСУЛЛАЕВ
Вобкент тумани ҳокимининг маънавий-маърифий
ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги
қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш
масалалари бўйича маслаҳатчиси