Учрашувда Тошкент шаҳрида саралаш ва логистика марказларини қуриш масалалари муҳокама этилди. Шуҳрат Мирзаевнинг айтишича, ҳозирда Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан Тошкент, Самарқанд ва Андижонда учта агрологистика марказини қуриш лойиҳаси амалга ошириляпти. Ва у «Wildberries» МЧЖга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари логистикасини ташкил этиш нуқтаи назаридан ушбу лойиҳани кўриб чиқишни таклиф қилди.

Шунингдек, томонлар Ўзбекистон агросавдо порталини интеграциялаш, яъни майдонларни ўзаро интеграция қилиш имкониятларини кўриб чиқиш учун зарур маълумотларни тақдим этиш масаласини муҳокама қилди, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

Консолидацияланган экспорт масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шуҳрат Мирзаев «Wildberries» МЧЖ маркетплейси орқали мева-сабзавот маҳсулотларини жамланма экспорт қилишни ташкил этишни таклиф қилди. Шу мақсадда хорижлик ҳамкорларга мева-сабзавотларни зарур ҳажм ва стандартларга мувофиқ етказиб бериш тизими йўлга қўйилган.

Маълумот учун.

Wildberries – кийим-кечак, пойабзал, электроника, болалар учун маҳсулотлар, уй-рўзғор буюмлари ва бошқа товарларнинг халқаро маркетплейси (интернет дўкон). Россия, АҚШ, Франция, Италия, Испания, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, Полша, Словакия, Германия, Исроил, Молдова, Туркия ва Ўзбекистонда фаолият юритади.