Банкларда ҳисоботлар даври, деб аталувчи жараён ҳақида кўп эшитамиз. Ой охири ёки чорак, йил якунларида бир нечта ходимларнинг асосий вазифасига айланадиган маълумотларни тўплаш, ҳисоботларни тайёрлаш ишлари баъзан бир неча кунлар, ҳафталарга чўзилади...
Шу каби ортиқча оворагарчиликларга чек қўйиш мақсадида Халқ банки юртимизда биринчилардан бўлиб хатарлар, банк актив ва пассивларини бошқариш тизимини автоматлаштиришга эришди. Халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқилган “Fusion Risk” дастурий таъминоти молия муассасасида бозор таваккалчилиги, кредит, ликвидлик, фоиз ставкаларининг ўзгариши, бошқарилувчи метрик ҳолатларидаги молиявий хатарларни идентификация қилиш, стресс-тест ўтказиш каби мураккаб жараёнларни автоматик бошқариш имконини беради.
— Банк тизимида 2018 йил декабрь ойидан трансформация жараёнлари бошланган бўлса, ўтган қисқа вақт ичида катта ўзгаришлар қилинди, — дейди акциядорлик тижорат Халқ банки Бошқаруви Раиси Фарҳод Саломов. — Хусусан, ходимларнинг кунлик иш самарадорлигини оширадиган бир қанча янги, замонавий тизимлар яратилди. Молиявий хатарларни бошқаришни мукаммаллаштириш вазифаси ана шу жараёнларнинг бир қисми эди. Шу боис, 2020 йилда хорижлик ҳамкорларимиз — “FinExtra” МЧЖ компанияси билан ҳамкорликда замонавий, мутлақо янгича тизимни яратиш устида ишлай бошладик. Мақсад — банкнинг ички жараёнлари самарадорлигини янада оширишдан иборат. Сабаби, банк ва молия соҳасидаги ўзгаришлар кунлик бўлади, бу эса доимий янгиланиш, трансформация жараёнларини талаб этади. Биз илк бор жорий этаётган “Fusion Risk” тизими хатарларни бошқаришнинг янгича усули бўлгани ҳолда, ҳисоботларни тайёрлаш учун сарфланадиган вақт ва меҳнат харажатларини сезиларли даражада камайтиради.
Авваллари ҳисоботларни тўплаш учун кўп вақт сарфланиб, уларнинг таҳлили устида кам ишланган бўлса, янги тизим бунинг аксини таъминлайди. Мутахассисларнинг айтишича, одатда бир неча ходим иштирокида қўлда шакллантириладиган ҳисобот таҳлилларини тайёрлаш учун янги дастурий таъминотга 5-10 дақиқа кифоя қилади. Асосийси, жараёнлар автоматик равишда, инсон омилисиз амалга оширилади. Президентнинг 2020 йил 24 февралдаги “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ҳам бу жиҳатлар алоҳида назарда тутилгани бежиз эмас. Унга кўра, 2021 йил якунига қадар ҳар бир ташкилот ўз хисоботларини молиявий хисоботларнинг халқаро стандартлари асосида тайёрлаши лозим бўлади.
“Fusion Risk” дастурий таъминоти банк миқёсидаги хатарларни комплекс бошқариш вазифасини бажарувчи энг замонавий тизимлардан саналади. Лойиҳа яратувчилари Буюк Британиянинг йирик — катталиги бўйича дунёда 3-ўринда турувчи “Finastra” компаниясининг эксклюзив ҳамкори бўлган “FinExtra” МЧЖ ҳисобланади. Хорижлик эксперт, Яқин Шарқ ва МДҲ давлатларидаги “Finastra” компанияси раҳбари Ҳамид Нироузаднинг таъкидлашича, “Fusion Risk” тизими “Societe Generale”, “European Bank”, “Erste Bank” ҳамда “Альфа” сингари жаҳоннинг номдор банкларида жорий этилган бўлиб, айни пайтда дастурий таъминотдан дунё бўйлаб 250 дан ортиқ мижозлар фойдаланади. Эндиликда улар қаторига юртимиздаги Халқ банки ҳам қўшилди.
— Автоматик тизим Ўзбекистон Марказий банки талабларига тўлиқ мослаштирилган, — дейди Муаммоли активлар билан ишлаш департаменти директори Бахтиёр Алимов. — Дастурий таъминотга маълумотлар юклангач, керакли функциялар орқали ҳисобот шаклланишни бошлайди. Тизимнинг қулайлиги шундаки, у дастурчининг иштирокисиз ҳам турли функцияларни мустақил қўшиб бориши мумкин. Мазкур тизим активларнинг пассивларга бўлган мутаносиблигини кўриш сингари амалларни бажариш, ликвидликни бошқариш ва уларга сарф қилинаётган ортиқча харажатларни қисқартириш имконини ҳам беради. Актив ва пассивларни бошқариш эвазига банкда аввалгидек ойда ёки йилда бир маротаба эмас, балки кунлик таҳлилларни амалга оширамиз. Барча маълумотлар ҳар куни тонгда автоматик тарзда янгиланиб боради. Бу эса кунлик активларнинг ўзгаришини кузатиш ва шу асосда муҳим йўналишларимизни ишлаб чиқиш, қайсидир хизматларимизни мижоз талабига янада мослаштиришга хизмат қилади.
Ҳисоботларни нафақат баланс бўйича, балки ҳар бир йўналиш кесимида алоҳида олиш мумкин. Қисқа вақт ичида олинган шаффоф маълумотлар жаҳон банклари томонидан ҳам осон қабул қилинади. Автоматлаштирилган тизим таҳлиллари халқаро майдонда банкнинг молиявий ҳолатини баҳолаш ва унга ресурс ажратишда ишончли асос бўла олади.