Ўзбекистон тарихий меъморий обидалари боис, туристик жиҳатдан ғоят жозибадор ҳамда шаҳарсозликнинг беқиёс намуналарини ўзида мужассам этган мамлакатдир. Ҳолбуки, бу иншоотлар турли сабабларга кўра, кўплаб йўқотишларга учраган иморатларнинг бир қисми, холос. Башарти, бир пайтлар юртимизда қарор топган буюк салтанатларга оид меъморий иншоотлар, жумладан, кушонлар, хоразмшоҳлар ва темурийлар даврига тегишли саройлар сақлаб қолинганида миллий шаҳарсозлигимиз шуҳрати бундан-да юксак бўларди.
Айрим тарихий иншоотлар талафоти сабабчиси уруш, қирғинбаротлар бўлса, баъзилари эътиқодлар алмашинуви туфайли бузилган. Бундай йўқотиқлар Чор Россияси даврида ҳам, собиқ иттифоқ пайтида ҳам бўлган, аммо нишон, асосан, авлиёлар мақбараси, масжид ва мадрасаларга қаратилган эди. Шу боис, Шоштепа, Юнусобод Оқтепаси, Мингўрик харобалари ва бизгача етиб келган иншоотларни ҳисобга олмаганда, антик давр меъморий лойиҳалаш маданиятидан гувоҳлик берувчи обидалардан бирортаси сақланиб қолмаган. Бунинг оқибатида юртимиз меъморлик санъати тарихида X–XII асрдан ортиқ вақи мобайнида — ислом даври бунёдкорлиги — ўрта асрлар маҳобатли меъморий иншоотларига қадар узилиш борлигини кўриш мумкин.
Ўтган асрнинг 70-йиллари бошида Себзор мавзесидаги халқ меъморлик ёдгорликларидан энг эътиборли ва беқиёс намуналарининг реконструкцияга, яъни “снос”га тушгани тузатилмас хунук иш бўлган эди. Юртимиз шаҳарсозлик тарихини антик давр билан боғлайдиган сўнгги объектлар — халқ меъморлиги ёдгорликларининг кўз ўнгимизда кераксиз матоҳдек бирин-кетин “снос”га учраганининг бир қатор сабаблари мавжуд.
Биринчидан, халқ меъморлиги ёдгорликларининг мамлакатимиз шаҳарсозлигидаги аҳамияти ҳанузгача белгиланмаган.
Иккинчидан, обидаларнинг асрлар мобайнидаги қурилиш ашёси ва техникаси (уйларнинг қурилишида пахса, хом ғишт ва, айниқса, синчкорлик тизимидан фойдаланиш амалиёти) алмашинуви билан боғлиқ даврий муаммолар ечим топмаган. Мазкур қурилиш ашёси ва техникаси юртимиз қурилиш амалиётида ҳалигача сақланиб келмоқда.
Учинчидан, синчкорликнинг муҳандислик ва қурилиш амалиётига жорий этилиши даври илмий жиҳатдан тадқиқ этилмаган.
Хуллас, 1970-йиллар бошида юз берган йўқотиқларни ёдга солишдан мақсад антик давр мобайнида шаклланган, юртимиз меъморлик санъатининг ўқилдизи бўлган халқ меъморлиги ёдгорликларининг аҳамияти юксаклигига эътибор қаратиш бўлиб, шаҳар реконструкцияси баҳонасида кўрилган чора-тадбирларни аҳолининг аксарияти “снос” сифатида баҳолаган эди. Бузилишга тушган иншоотлар тузилмавий жиҳатдан Тошкент шаҳарсозлигидаги халқ меъморлигининг беқиёс ёдгорликлари экани туфайли ўз даврида кўплаб мутахассислар, айниқса, соҳа олимлари қаттиқ эътироз билдирган.
Пойтахт меъморлигига бағишлаб мустақиллик арафасида чоп этилган бир монографияга “снос”га учраган иншоотлардаги беқиёс наққошлик санъати намуналаридан суратлар киритилган бўлиб, аксарияти Себзор даҳасидаги иморатларига тааллуқли эди. Ҳозир мавжуд баъзи халқ меъморлиги ёдгорликларини ҳисобга олмаганда, антик давр меъморлиги билан боғловчи объектлардан бирортаси қолмаган.
Тошкентнинг эски шаҳар ҳудуди ҳозир кўз ўнгимизда тўкилиб тушаётган, замонавий шаҳар учун зарур инфратузилмадан мосуво ҳамда яхшиланиш имконияти йўқ ҳудуддек бўлиб кўринади. Ваҳоланки, эски шаҳар муаммосини “снос” йўли билан ҳал қилиш адолатдан бўлмайди. Чунки эски шаҳар аҳолиси яшайдиган хонадонлар пойтахт халқ меъморлигининг нафақат ўхшаши йўқ ёдгорлиги, балки Ўзбекистон меъморлик санъатининг антик даврдаги тарихий илдизи туташган манзил ҳамдир. Тадқиқотларга кўра, эски шаҳар обидаларининг юртимиз меъморлик санъати тарихидаги ўрни алоҳида мазмун касб этади.
Биринчидан, конструктив мукаммал. Антик даврда шаклланган синчкорлик тизими тез-тез зилзила кузатиладиган ҳудуд учун беқиёс иншоот лойиҳасидир. Айтишларича, 1966 йилда юз берган зилзилада синч уйлардан бирортасининг томи босиб қолмаган.
Иккинчидан, ҳар бир хонадон интерьерида ювиниш учун ўзига хос канализация тизими мавжуд бўлган.
Учинчидан, деворлар қўшқават синчдан кўтарилгани боис, хона ҳарорати ёзда салқин, қишда илиқ бўлиши таъминланган.
Тўртинчидан, қурилиш амалиётидаги тизим тарихи антик даврга бориб тақалади. Масалан, македониялик Искандарнинг юртимизда қурдирган Александрия Эсхата шаҳри ҳақида қурилиш ашёси сифатида гувала-каркасли синчкорлик (турар жой ва жамоат бинолари) ёки пахса (қўрғон деворлари) тизимидан фойдаланилгани санъатшуносликка оид манбаларда қайд этилган. Улар, шубҳасиз, ўзбек халқ лойиҳалаш маданиятининг илдизи сифатидаги беқиёс намунасидир.
Бу борада соҳа мутахассиси Валентина Манакова ҳам: “XIX аср охири ва ХХ аср бошларидаги Тошкент халқ меъморлиги янги авлод учун маҳаллий меъморлик мактаби анъаналарининг бой тажрибасини мерос қилиб қолдирди. У ўхшаши йўқ, ўзгача конструктив ва безак бериш хусусиятлари билан фарқланиб туради”, деб ёзади. Дарҳақиқат, технологияси жиҳатидан Марказий Осиё, хусусан, икки дарё оралиғидан бошқа ҳудудда синчкорлик тизими мавжуд эмас.
1936 йили Ф.Долговнинг шаҳар бош режасида эски Бухоронинг марказий қисмини меъморий-археологик қўриқхона шаклида сақлаб қолиш таклифи ўша вақт учун илғор ва ўзига хос новаторлик ёндашуви бўлган. Бу ҳақда лойиҳа муаллифи бундай ёзади: “Соҳанинг Бухорони билган ва у ерда бўлган кўплаб ходимлари, шунингдек, туб аҳолининг кўп қисми шаҳар марказини реконструкция қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида қатъий фикр билдирган”. Натижада бугунга келиб Бухоро юртимизнинг туристик жиҳатдан энг жозибадор шаҳрига айланди. Тошкентнинг ҳам эски шаҳар қисмига пойтахтимизнинг меъморий-археологик қўриқхонаси мақоми берилмас экан, мазкур ҳудуддаги реконструкция ишларини тўхтатиб бўлмайди.
Бирорта ҳудуддаги, жумладан, “Анҳор-Локомотив” истироҳат боғидаги халқ меъморлиги намуналари сифатида бунёд этилган аҳоли хонадонлари макети ҳам ҳеч бир жиҳатдан асрлар мобайнида шаклланган лойиҳалаш маданиятини кўрсатиб беролмайди. Зотан, эски шаҳар аҳолиси турар жойларининг шаҳарсозликдаги меъморий аҳамияти фақат синчкорлик тизимида эмас, балки инсон кўз ўнгида кўчаларнинг турли ракурсда намоён бўлиши, маҳаллаларнинг ирригация тизими — оқиб ўтаётган ариқ, анҳор ва ҳовузларнинг хонадонлар ва гузарларга салқинлик беришида яққол кўринади.
Таниқли олим Владимир Нильсен таъкидлаганидек, халқ меъморлигида, жумладан, кўчаларнинг тарҳида мунтазамлик кузатилмаса-да, жойлашув жиҳатидан ўзига хос бўлган. Барча берк кўчалар тор кўчаларга, тор кўчалар эса кенг кўчаларга, улар, ўз навбатида, радиал йўналишли, яъни шаҳар маркази ёки дарвозасига олиб борадиган кўчаларга уланиб кетган. Радиал йўналишли кўчаларнинг аста-секин турли жамоат бинолари — масжидлар, темирчилар устахонаси, чойхоналар, савдо дўконлари билан марказга қараб тобора кенгайиб бориши тўғри йўлни танлашга имкон берган.
Юртимизда меъморлик ёдгорликлари реставрацияси борасида беқиёс ишлар қилинганини эътироф этиш лозим. Шу туфайли таъмирланган маҳобатли иншоотлар яна асрлар мобайнида миллат лойиҳалаш маданиятининг юксак рамзи бўлиб хизмат қилади. Бироқ халқ меъморлиги ёдгорликлари масаласига эътиборсиз қараш ўринли эмас. Юқорида келтирилган муаммоларнинг ижобий ҳал қилиниши меъморлигимиз тарихи саҳифаларини бойитишда муҳим аҳамиятга эга.
Чунки таъмирлашдаги ўзига хос мураккабликлар халқ меъморлиги объектлари учун алоҳида реставрация концепциясини яратиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шу боис, тузиладиган концепцияда тарихий ансамбллар ва мажмуаларни реставрация қилишнинг ўзига хос талабларига риоя этиш лозим. Маҳалланинг комплекс таркибий тизими яхлитлигини сақлашга риоя этиш, меъморий ёдгорликларнинг муқобил қиёфасини тиклаш, мажмуаларга хос меъморий, бадиий хусусиятларни сақлаб қолиш, биноларнинг атроф-макон билан уйғунлигини таъминлаш даркор.
Халқ меъморлиги объектларининг реставрация амалиёти масаласига келсак, меъморликда муайян хонадонлардаги ХХ асрда қурилган бинолар ўрнига мажмуанинг сақлаб қолинадиган қисмига мос лойиҳалар асосида муқобил меъморий қиёфасини тиклаш мақсадга мувофиқ. Том қопламаларидаги шиферлар ўрнига ҳозирги технологиялар воситасида пластик материаллар ёрдамида сомон сувоқли том тизимини қўллаш ёки бир пайтлар удумга айланган тунука қопламалар воситасида бинолар силуэтини бойитиш мумкин. Шунингдек, кўчаларда асфальт ўрнига тош ётқизилса, тротуарлар пишиқ ғиштдан терилса ва фонуслар ўрнатиш йўли билан эски шаҳар руҳиятини касб этадиган тарихий-меъморий комплекс шакллантирилса, шубҳасиз, эски шаҳар сайёҳлар эътиборини тортадиган сўлим ҳудудга айланади.
Одатда мутахассислар реставрация амалиёти учун катта миқдорда инвестиция зарурлигини айтади. Шу маънода, эски шаҳарга меъморий-археологик қўриқхона мақоми берилган заҳоти реставрация учун инвесторлар исталганча топилади. Улар хонадон эгалари ёки ушбу ҳудудда бизнес юритишни режалаштираётган тадбиркорлар бўлиши мумкин. Фақат кўчалар коммуникацияси ва инфратузилмаси масаласини ҳокимлик ҳал қилиб берса, бас, қолганини уй эгалари бажаради. Қолаверса, эски шаҳарни “снос” қилгандан кўра, реставрация қилган арзонроқ тушади.
Пойтахтимизнинг Ҳазрати Имом ҳудудида ўтказиладиган ҳар қандай экскурсия ва саёҳат, жуда бўлмаса, Тошкентнинг ХIХ аср охирларига хос руҳиятини кўрсата оладиган даражада реставрация амалиёти бажарилган Зарқайнар кўчаси орқали Ҳазрати Имом мажмуасига, сўнг замонамизнинг буюк иншооти — Ислом цивилизацияси маркази зиёрати билан якунланса, таассуротлар беқиёс бўлади. Зеро, ҳар қандай бинокорликдаги маҳобат, меъморий иншоотларнинг ўзаро контрастида ёрқинроқ намоён бўлади.
Жамшид АБДУЛЛАЕВ,
Тошкент архитектура-қурилиш университети мустақил тадқиқотчиси