ТИВ раҳбари суҳбат чоғида янги халқаро муносабатлар тизими, эҳтимол тубдан ўзгарган янги дунё тартиби шаклланаётганига эътибор қаратди.
“Ушбу муносабатлар нафақат сиёсий, иқтисодий асосларни, балки, эътибор қаратмоқчиманки, замонавий дунё тартиби қадриятларини жиддий қайта кўриб чиқиш жараёнида шаклланмоқда. Аниқроқ қилиб айтганда, буни, масалан, айрим давлатларнинг миллий эгоцентризм, деб аталмиш хусусиятлари кучайишида, кўплаб ҳукуматларнинг, авваламбор, ўз мамлакатлари ёки ҳатто уларнинг алоҳида сиёсий доираларининг манфаатларини таъминлашга интилишида кўриш мумкин. Шундай ҳам ижтимоий-иқтисодий, илмий-техникавий, гуманитар ривожланиш босқичи жиҳатидан сезиларли даражада фарқ қиладиган давлатларнинг тенгсизлиги тобора кучаймоқда. Айрим давлатлар ўртасидаги зиддиятлар чуқурлашиб, ахборот, технологик, санкциявий урушларнинг янада кескин босқичларига айланиб бормоқда. Биз дунёнинг турли минтақаларида зўравонлик ва ҳарбий инқирознинг авж олишига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Афсуски, буларнинг барчаси дунёнинг етакчи давлатлари муносабатларидаги тизимли кескинликлар муҳитида содир бўлмоқда. Бирон бир давлатни четлаб ўтмаган пандемия шароитида ушбу кескинлик умумжаҳон муаммоларига ечим топишга, жумладан камбағаллик, қашшоқлик ва очлик, хавфли касалликлар ва иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашишга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Covid-19нинг чегара ёпилиши, карантин зоналари белгиланиши, таъминотнинг узилиши ва бошқа кўринишдаги тўғридан-тўғри таъсири билан бир қаторда турли хил глобал “ўйинчи”лар ўртасидаги халқаро сиёсий номутаносибликлар дунё миқёсидаги ишлаб чиқариш ва маҳсулотларни сотиш занжирларининг бузилиши, эркин савдога зарар етиши, инвестициялар оқими ва иқтисодий алоқаларнинг сусайишига олиб келмоқда.”
Вазир А.Комиловнинг билдиришича, халқаро майдондаги “ўйин қоидалари” янада қатъийлашиши мумкин. Биз давлатлараро муносабатлардаги сиёсий эгоизм ортда қолиб, дунёнинг барча етакчилари томонидан пандемияга қарши курашиш ва бошқа умумий муаммоларни ҳал қилиш жараёни саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, ҳамжиҳатлик ва бирдамликни талаб қилаётганини англанишига умид қилинади.