Аҳоли соғлиги ва ҳаёти мамлакатда санитария-эпидемиологик осойишталик ва хавфсилик қай даражада таъминлангани, тиббиёт ходимларининг касбий маҳорати ва тайёргарлигига боғлиқ.

Ўқув курси мамлакатимизда эпидемиологлар тайёрлаш сифатини ошириш, эпидемиологик текширувларни ўтказиш бўйича халқаро стандартларнинг энг илғор усулларини ўргатиш ва ундан самарали фойдаланиш мақсадида ташкил этилган. Малака ошириш халқаро ўқув курси уч ойга мўлжалланган. Ўқув дастури CDCнинг етакчи мутахассислари билан ҳамкорликда ўтказилади.

Дастлаб мамлакатимизнинг барча ҳудудидан 20 нафар эпидемиолог тайёрланади. Уларга эпидемиологиянинг илмий асосланган ва халқаро даражада тан олинган замонавий усулларидан сабоқ берилади.

Ўқув дастури очилишига бағишланган вебинар-мулоқотда  Tошкент тиббиёт академияси ректори, профессор Алишер Шадманов, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари, Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вакиллари,  АҚШ элчихонаси вакили Алан Мельцер ҳамда CDCнинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси директори Даниел Сингер иштирок этди ва бу лойиҳани қўллаб-қувватлади.

Эслатма: CDC АҚШнинг Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази 1946 йилда ташкил этилган. Марказ дастлаб санитария-эпидемиология хизмати вазифасини бажарган ва АҚШда эмлаш дастурига асос солган.

У, айни пайтда, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришда амалий, тиббий ва илмий маълумотлар бериш вазифасини бажаради. Шунингдек, юқумли касалликларнинг олдини олиш ва унга қарши курашда кўмаклашади. АҚШнинг барча соғлиқни сақлаш муассасалари ва етакчи университетларининг тиббиёт мактабларида илмий тадқиқотлар олиб бориб, янги  лойиҳа ва  умуминсоний дастурларни ташкил этиш ва ўтказишни қўллаб-қувватлаб келади.