Тадбирда асосий эътибор пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини янада ривожлантириш, амалиётга “Better Cotton” дастури тамойилларини кенгроқ жорий этиш борасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалаларига қаратилди.

— Кейинги йилларда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳаси изчил ислоҳ қилинмоқда, айниқса, Президентимиз ташаббуси билан кластер тизими жорий этилгани пахтачиликда трансформация жараёнларини жадаллаштириб юборди, — дейди Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раиси, сенатор Муртазо Раҳматов. — Натижада ушбу соҳанинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий барқарорлигини таъминлашда роли тобора ортмоқда. Амалиётга инновация, илғор агротехнологияларни татбиқ қилиш ҳисобига эса экологияга салбий таъсирларнинг олди олиняпти. Бунда BCI ташкилоти билан ҳамкорликдаги лойиҳаларнинг аҳамияти катта, албатта.

Дарҳақиқат, юртимизда “Яхши пахта” ташаббусига 2019 йилда киришилган бўлиб, BCI дастури стандартларини жорий қилаётган кластерлар сафи йил сайин кенгаймоқда. Чунки ўтган йили Ўзбекистонда “Better Cotton” дастури ижросига киришилгани расман эълон қилингач, жаҳон тўқимачилик саноати етакчилари ва халқаро брендларнинг юртимизга бўлган қизиқиши кучайди. Бу бежиз эмас, албатта. Айни пайида BCI дунёнинг 26 та мамлакатида фаолият юритаётган бўлиб, 330 дан ортиқ бренд ва чакана сотувчилар унинг аъзоси ҳисобланади. Шу маънода, ушбу дастур кластерлар учун халқаро савдо занжирига қўшилиш, янги савдо йўлакларини очиш, жаҳонда таниқли брендлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишда жуда муҳим.

— Ўзбекистон пахта-тўқимачилик соҳасида сифат ўзгаришларига эришилмоқда, — деди BCI халқаро ташкилоти дастурлари катта директори Демиен Санфилиппо. — Бунга “Better Cotton” дастурини татбиқ қилаётган кластерлар фаолияти мисолида яқиндан гувоҳмиз. Энг муҳими, юртингизда “Яхши пахта” ташаббусига қўшилмоқчи бўлган кластер ва фемерлар кўпайиб, уларнинг сони икки борабарга ошди. Кеча бўлиб ўтган давра суҳбатида ушбу йўналишдаги ишлар таҳлил қилиниб, янги мавсумда бажарилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб олдик. «Яхши пахта»га ортиб бораётган эҳтиёжни таъминлашда Ўзбекистон салмоқли ҳисса қўшади, деган умиддаман.    

Учрашувда пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини ривожлантириш, хусусан, соҳани молиялаштириш, “Better Cotton” дастури тамойилларини қўллашда дуч келинаётган масалалар кўриб чиқилиб, бу борада Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси ҳамда BCI ташкилоти ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.