Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28 йиллиги муносабати билан “Конституция эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий эттиришнинг мустаҳкам пойдевори” мавзусида анжуман бўлиб ўтди. Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти кенгаши томонидан  ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия фаоллари,  “Ёшлар парламенти” “Аёллар қаноти”, “Ёш адолатчилар” қаноти  аъзолари ҳамда  ОАВ ходимлари  иштирок этди. 

Тадбирнинг  мақсади  – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолати, халқимиз сиёсий-хуқуқий тафаккурининг  юксак намунаси, давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган Қомуснома эканлиги, унинг  ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этишдан иборатдир. 

“Адолат” СДП cиёсий rенгаши раиси  Баҳром Абдуҳалимов  тадбирни кириш сўзи билан очар экан, жамиятда ижтимоий адолат тамойилини қарор топтириш  борасидаги асосий вазифамиз - бу адолатли қонунлар қабул қилиш, жинси, миллати, тили ва диний эътиқодидан қатъи назар, қонун олдида барча фуқароларнинг тенглигини таъминлаш масалаларига тингловчилар диққатини қаратиб, тадбир иштирокчиларини ушбу байрам билан муборакбод этди.

Тадбирда  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов сўзга чиқиб,  халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлган Конституциямиз авлодлар учун ҳаёт қомуси, даврнинг ўзи ўртага қўядиган долзарб муаммоларни ечиш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади. 

Дарҳақиқат, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ижтимоий адолат, қонун устуворлиги ва барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, конституциявий ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш, жамиятда айниқса ёшлар орасида ҳуқуқий маданиятни шакллантиришни устувор вазифа шунингдек, мамлакат келажагини интеллектуал етук ва иқтидорли ёшлар қўлида деб билади.

Ҳар томонлама истеъдодли ёшларни аниқлаш ҳамда қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор мақсадли вазифалар амалга оширилмоқда,  натижада партия сафларида ёшлар иштироки ортиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий – хуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир. У ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда. Бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Тадбирда қайд этилганидек, Конституциямиз асосида мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланди. Бугунги кунда барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳиятимиз юксалиб, фуқароларимизнинг дунёқараши тобора ўсиб бормоқда. Буларнинг барчаси, энг аввало, Бош қомусимизнинг ҳаётбахш куч-қудрати натижасидир.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28 йиллиги муносабати билан  ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол меҳнат қилиб,  намуна  кўрсатаётган  бир қатор партия фаоллари ва ходимлари ташаккурнома ва кўкрак нишони билан тақдирланди.