Боиси, жорий йилнинг 9 июль куни мамлакатимизда бўлиб ўтган президентлик сайловида 87,05 фоиз овоз билан халқимиз ишончи ва меҳрига сазовор бўлган Муҳтарам Президентимиз — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида Президентининг лавозимига киришиш олдидан тантанали қасамёд қабул қилди.
“Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан,” – дея қатъий ишонч ва юрак-юракдан айтилган бу сўзлар Ўзбекистон бўйлаб янграр экан, бу қалбдан отилиб чиққан аҳд — мамлакатнинг ҳар бир фуқаросининг қалбини эгаллади.
Ҳа, халқимиз ўтган йиллар давомида ўз етакчиси билан янги тараққиёт даврини — Учинчи Ренессансни бошдан кечирар экан, Президент сайловида тўғри танлов қилганини чуқур англаб етди.
Айниқса, қадимдан юрт раҳбарини ўз отаси каби кўра олган, миллат сардори билан бир ёқадан бош чиқарган доно халқимиз учун ёруғ кунларнинг туҳфаси бу танлов. Бугун халқимизнинг дониш тажрибаси, бир майизни қирқ бўлишгувчи оқибати, аҳиллиги, чумолидай меҳнаткашлиги, кучли сабр-матонати муносиб сийланиб, элнинг ўзи каби самимий, тарихи каби қудратли, пок қалби каби инсонпарвар Президент мардона онт ва юксак масъулият билан давлат бошқарувига киришди. Демакки, миллий тараққиёт йўли янги марраларни забт этишга киришди. Эндиликда дунё саҳнасида жаҳон ҳамжамияти нигоҳини оламшумул ислоҳотлар билан ўзига тортган Янги Ўзбекистон учун сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маданий-гуманитар соҳаларда туб бурилиш ва янада янги ўзгаришлар даври бошланади.
“Кечаги натижа, кечаги қараш ва мезонлар энди тарих. Улар энди бизни қониқтирмайди. Янги давр учун янги ғоя ва ташаббуслар керак, янги натижалар керак.» – дея таъкидлаган юрт раҳбарининг шиддати халқимизга кўчди. Албатта, бу сўзлар Президент юрагининг амри эканлиги халқимизга ўтган йиллар давомида ўз исботини кўрсатди.
Халқ ичида “суяги қотган” йўлбошчимиз ўтган даврда одамларга шонли тарихимиздан сўзлаб ўтирмади, нурли келажак тўғрисида башоратлар келтирмади, зеро, Шавкат Миромонович бугуннинг раҳбари эди. Шу боис, “Одамлар эртага эмас, олис келажакда эмас, бугун яхши яшаши керак” – дея ислоҳотлардан бир лаҳзага тўхтамади, буюк мақсадларидан, бунёдкорлик шиддатидан, ўзгаришлар йўлидан оғишмади. Тик ва адл нигоҳи тўғридан-тўғри халқнинг қалбини кўра олди, ҳолбуки, барчаси бугундан бошланишини ҳақиқий лидеримиз яхши тушунарди.
Ҳазрати Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Шам бўлмоқ осон эмас! Нур сочмоқ учун аввал ёнмоқ керак” дея келтирган ҳикматли сўзлари бизнинг миллат сардори тўғрисидаги қарашларимизга ҳамоҳангдир. У жонини қийнаб ишлади, халқ учун куйди, ёниш керак бўлса, аввал ўзи ёнди ва шам бўлиб элимиз йўлини ёрита бошлагач, ҳамманинг юрагида “Янги Ўзбекистон” оловини гуркиратиб юборди.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, иймонимизни комил этгувчи Қуръони Каримнинг “Нисо” сураси, 59-, 83-оятларида халқ раҳбарлари “улул-амр” ‒ иш эгалари деб аталади. Бу – қўли халқнинг ишида бўлган, эл хизматидаги раҳбар демакдир. Бу суранинг туб моҳиятини идрок этар эканман, халқимнинг иши чин мўминнинг қўлида эканига амин бўлдим. Бошдан дўппини олиб ўз танингизга бир ўйлаб кўринг, бугун халқимизнинг битмай қолган ёки бажарилмаётган қайси иши, қайси хизмати, етмай қолган қай муроди бор?
Давлат ва жамият бошқарувида биринчи навбатда қуйидан юқори тизимга қадар кучли интизом ва тартиб, халқ ва ижро органлари ўртасида мустаҳкам кўприк ўрнатилиши, ижро назорати, раҳбарлар фаолиятида танқидий таҳлил, шахсий жавобгарлик, очиқлик, одамлар олдида ҳисобдорликни кундалик қоидага айланиши – бу жараёнларнинг барчаси моҳиятида Давлат раҳбарининг шахсий намунаси яққол гавдаланиб туради.
Мана, юртимиз миллий ривожланишнинг янги даврига дадил қадам қўйди. Энг катта воқелик эса – жамиятнинг миллийлашуви бўлди. Қадр-қиммат, урф-одат, миллият, ўз ғоя ва мафкурамиз эгасига, ўзимизга қайтди. “Ёпишмаган ямоқдек” сингиб кетолмаган эски сиёсий мафкура орамиздан кўтарилиб кетди. Бугун ҳаётимизнинг барча жабҳаси ўзгаришлар ичида, 40 миллионга яқинлашаётган халқимиз эса бу ислоҳотлар моҳиятини чуқур англамоқда ва қўллаб-қувватламоқда.
Айтиш керакки, ҳар бир даврнинг, ҳар бир мамлакатнинг ўз қаҳрамонлари, халқ етакчилари бўлади. Улар энг қийин паллаларда жамият ҳаётини, одамлар турмушини яхши томонга ўзгартира олган реформаторлардир. Тарих саҳифаларида улар энг керакли вазиятларда мамлакат юкини елкасига кўтара олган ислоҳотчилар, сиёсий тузумни ўзгартира олган ёки иқтисодий инқирозни еча олган салоҳиятли раҳбарлар сифатида муҳрланганлар. Бу борада АҚШни “Буюк депрессия” ва Иккинчи жаҳон уруши даврларида бошқарган ва бутунлай янги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастурига асос солиб, халқ меҳрини қозона олган Франклин Рузвельт фаолияти тарихий далилдир. Шунингдек, Болқон ярим оролини оладиган бўлсак, турк оламида замонавий дунёвий давлат яратган, кенг кўламли сиёсий, ижтимоий, маданий ислоҳотларни амалга оширган ва ўз меҳнати билан тарихда “туркларнинг отаси” номини олган Мустафо Камол Отатурк, Ҳиндистон ички ва ташқи сиёсатини пойдеворини яратган, мамлакатни ривожлантиришнинг беш йиллик режасини ишлаб чиққан, ҳинд жамиятидаги мустамлака-феодал тузилмасини қайта қуришга бошчилик қилган ва “Янги Ҳиндистон бунёдкори” номи билан тарихга кирган Жавоҳарлал Неру, Буюк Британия халқининг фаровон турмушини таъминлашга катта ҳисса қўшган “Темир хоним” — Маргарет Тетчер, иқтисодий жиҳатдан оқсаётган Сингапурни ўз “иқтисодий мўъжиза”лари орқали дунёнинг энг бой давлатларидан бирига айлантирган Ли Куан Ю...
Бу каби реформаторлар ўз халқининг юрагидан жой олган. Бунинг боиси, эса улар халқ ичига, қалбига кира олган ва улар тақдирини яхши томонга ўзгартира олган. Айнан шу буюк реформаторлар каби бизнинг давримизда, ўз она маконимиздан етишиб чиққан етакчимиз, шиддатли ислоҳотлар бунёдкори – Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович ҳам чин маънода ўз халқининг қаҳрамонидир.
Ватан тўғрисида энг чиройли, осмоний сўзларни ёзиш мумкин, ҳеч ким битмаган шеърлар ёзиш мумкин, дил кетадиган қўшиқлар айтиш мумкин. Лекин мамлакатда янгиланишлар тўлқинини яратган, Янги Ренессанс даврининг элпарвар жадиди – маърифатпарвар аждодларимизнинг етук давомчиси бўлган Давлат раҳбари каби буюк ислоҳотлар, эврилишларни амалга ошириш, Навоий ҳазратлари айтганларидек, “онсон эрмас.» Зеро, жиддий нигоҳ, меҳнаткаш юрак, пок виждон, юксак маънавият, узоқни кўзлагувчи донолик, пухта тажриба, ўткир мушоҳада, фавқулодда ҳассослик, чин инсонийлик билан даврни, одамлар тақдирини ўзгартириб юборган Янги Ўзбекистон меъмори – Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев — халқимиз ардоғига чиндан муносибдир.
Баҳодиржон ШEРМУҲАММАДОВ,
Фарғона давлат университети ректори,
профессор