Эндиликда Бўка туманидаги “Паркент” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Жумабоевлар хонадони ҳам ана шундай имкониятдан баҳраманд бўлаётир.

— Ҳозирги кунда нафақат шаҳарда, қишлоқларда ҳам электрсиз ҳаёт тўхтаб қолади. Очиғини яширмай айтадиган бўлсам, шу йил қишнинг изғиринли аёзларида қўшниларимиз жуда қийналди. Лекин, бизнинг оиламизда муаммо бўлмади. Уйимизни иситиш, ёритиш ва телефонларимизни қувватлантириш, телевизорни бемалол ишлатиш имкони бўлди. Қандай қилиб дейсизми, чунки хонадонимизга қуёш панеллари қурилмасини ўрнатиб беришганди, — дейди Тошкент вилоятининг “Паркент” маҳалласида истиқомат қилувчи Оқилахон Жумабоева ҳаяжон билан.

Ҳа, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли хонадонларига ўрнатиб берилаётган қуёш панеллари қулай, арзон ва энг асосийси, ҳеч қачон ўчмайдиган ва қишлоқ одамлари тилида айтганда, “жонларига оро” бўлиб кирувчи восита бўлиб қолаётгани кишини қувонтиради. Биргина Янгийўл шаҳрида эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, кекса ёшдаги ногиронлар яшаётган 16 хонадонга қуёш панеллари ўрнатиб берилди. Бунинг натижасида фуқароларнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжларини тўла қондириш, шунинг эвазига энергия ресурслари бўйича давлатга қарамлигини камайтириш орқали ўз ўзини электр энергияси билан таминлашга эришиб келинмоқда.

— Тошкент вилоятида жорий йил март ойининг ўзида Қуйи Чирчиқ, Бекобод, Бўка, Ўрта Чирчиқ, Чиноз туманларидаги эҳтиёжманд саналган 128 оила хонадонларини қайта тикланувчи энергия манбалари билан таъминлаш учун 2 миллиард сўм маблағ ажратилди, — дейди Тошкент вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Музаффар Файзиев. — Эҳтиёжманд оилаларнинг моддий таъминотини яхшилаш, ижтимоий кўмак бериш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш каби инсон қадрини улуғлашга қаратилган ишлар вилоятимизда кенг кўламда олиб борилмоқда. “Темир дафтар”га киритилган хонадонларга ўрнатилаётган қуёш панеллари бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади. Бу борада вилоят ҳокимининг фармойиши қабул қилинган. 2023 йил бошидан буён 3 миллард сўмга яқин маблағ ажратилиб, икки юздан зиёд аҳоли хонадонларини муқобил энергия билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Жорий йилда 5 167 оилага қуёш панеллари ўрнатиб беришни режалаштирганмиз. Шу йилнинг 15 июнь санасига қадар 3 318 та оилага қуёш панеллари ҳамда 11 минг литр қуёш сув иситиш ускуналари ўрнатилди.

Қуёш панелларини ўрнатувчи мутахассисларнинг айтишича, ушбу ускуналар махсус иссиқ сақлайдиган материал билан қоплангани сабабли ҳатто совуқ кунларда ҳам кунига атиги бир фоиз иссиқлик ҳароратини йўқотар экан, холос. Ускуна махсус алюминий-селектив қоплама билан қопланганлиги боис ушбу коллекторлар 95 фоизгача қуёш нурларини ўзига сингдириб олиб, уни сув иситишга сарфлайди.

— Бу ускуналар олис ва чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи биз каби оилаларга ниҳоятда қулай, — дейди бўкалик Ойниса Айкунова. — Шу йилнинг 8 март байрами арафасида хонадонимизга янги қурилмани ўрнатиб беришди. Тўғриси, дастлабки кунларда қандай ишлар экан бу янги ускуна, бор электр энергиясини ҳам тортиб олса-я, деган хавотиримиз бор эди. Йўқ, аксинча, ишлаши жуда қулай, асосийси, фойдаланилаётган электр учун тўловларимиз кескин пасайди. Чироқ ўчиб қолмасмикан, деган хавотирларимиз энди ортда қолди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Тошкент вилоятида қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ишлаб чиқарувчи 20 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилган. Ушбу фаолият учун иш бошлаш арафасида турган тадбиркорларга солиқ ва мол-мулк имтиёзлари берилмоқда. Ҳозирда 900 мегабайт қувватли фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича Жанубий Корея ва Хитойнинг йирик компаниялари билан келишувга эришилди.

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири