Гап шундаки, Беруний тумани ҳокими Атабек Сапарбаевнинг ташаббуси билан бошланган акция доирасида ўқувчиларга нафақат спорт ва мусиқа асбоб-анжомлари, балки шу акция баҳона кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бўлган ўқувчиларга ҳам турли кўринишдаги ўқув анжомлари, мактаб формалари берилса, мақсадга мувофиқ бўлиши тарғиб қилинди.

Тумандаги 51-сонли умумий ўрта таълим мактаби 1981 йил қуриб битказилган. Мактаб остонасидаги ўқувчилар учун спорт анжомлари, мусиқа асбоблари ва бадиий адабиётлар тўпланмалари топширилди. Бундан 30 йил аввал ушбу мактабдан катта ҳаётга қадам қўйган илк битирувчилар ҳам ушбу ташаббусни бирваракайига қўллаб-қувватлади. Мазкур акция тумандаги бошқа мактабларда ҳам давом этмоқда.

Энг катта мақсад иқтидор эгаларини юзага чиқаришдан иборат. Ота-онанинг қурби етиб-етмай мусиқа асбоби ёки баскетбол тўпини фарзандига олиб беролмаслиги мумкин. Аммо, бундай спорт ва мусиқа анжомлари таълим даргоҳида бор бўлса, болалар улардан фойдаланади, ўзининг ички имкониятларини юзага чиқаради.

Бугун ички фитрати ёниб турган ўқувчиларга қаратилаётган ана шундай кичик эътибор эртага катта самара бериб, ёшлар орасидан турли соҳаларнинг етук вакиллари, халқаро ареналарда юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган спортчилар етишиб чиқса, не ажаб.

 Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,  

“Янги Ўзбекистон” мухбири