Учрашувда Азиз Абдуҳакимов ХХР Маданият ва туризм вазири Х.Хепиннинг мамлакатимизга ташрифидан мамнун эканлигини таъкидлаб, бу нафақат туризм соҳасида икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари, балки UNWTO доирасида қўшма ҳаракатларни белгилаб олишга хизмат қилишини таъкидлади.

Хитой томони эса Ўзбекистоннинг туризм соҳасида стратегик ҳамкори эканлигини алоҳида қайд этди. Х.Хепин ўзаро туристик оқимни ошириш, мамлакатимизда туризм масканларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, туризм инфратузилмасига сармоя киритувчилар учун берилаётган имтиёзлар билан яқиндан таништирилди. Хитой томонига 2023-йил март ойида мазкур давлатнинг туристик гуруҳлари ташриф буюриши тавсия этилган мамлакатлар рўйхатига Ўзбекистон киритилганлиги учун алоҳида миннатдорлик билдирилди.

Қолаверса, ҳозирги кунда Хитой ва Ўзбекистон ўртасида ҳафтасига 11 та авиақатнов 3 та авиакомпания “Uzbekistan airways”, “China Southers Airlines” ва “Loongair” томонидан амалга оширилаётгани ҳамда келгусида ушбу қатновлар сонини ва географиясини кенгайтириш бўйича фикр алмашилди. Хитой томони республика ҳудудий аэропортларини давлат хусусий шериклик шартлари асосида модернизация қилиш лойиҳаларига таклиф этилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Туризм қўмитаси делегациясининг Хитойга ташрифини амалга ошириб, туризм соҳасида Хитой тажрибасини ўрганган ҳолда, 2030 йилга қадар туризмни ривожлантириш стратегияси учун асосли таклиф ва лойиҳаларни ишлаб чиқишга келишилди.

Ўз навбатида Ху Хепин юқори савияда ташкил этилган ташриф ва Хитой томонига кўрсатилаётган самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди. Шу билан бирга, Хитой, Ўзбекистон ва UNWTO ўртасида уч томонлама ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини инобатга олиб, Ўзбекистон томонидан илгари сурилган таклиф ва лойиҳаларни “Бир макон — бир йўл” лойиҳаси доирасида ҳам амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлади. Х.Хепин хитойлик туристлар орасида энг оммабоп туризм йўналишлари сифатида Ўзбекистонда яшил ва экотуризм, интеллектуал туризм, маданий туризм имкониятларини кенгроқ тарғиб этишни таклиф этди. Шунингдек, ўзаро ҳамкорликда хитой сайёҳлари учун махсус туристик маҳсулотлар ва йўналишларни ишлаб чиқиш, кадрларни тайёрлаш, гидларни ўқитиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканлигини билдирди.

UNWTO Бош котиби З.Пололикашвили Бош ассамблея юбилей сессиясининг Самарқандда юқори савияда ташкил этилганлиги учун Ўзбекистон томонига самимий миннатдорлик билдирди.

З.Пололикашвили Самарқанд шаҳрида очилган UNWTO Халқаро туризм академиясига ХХР ўқитувчи ва мутахассисларини таклиф этиш учун уч томонлама ҳамкорлик ташаббусини илгари сурди. Шунингдек, Самарқандда янги ташкил этилган UNWTO тематик офисига “Ипак йўлида туризм” бўйича Хитойдан етакчи экспертларни жалб этган ҳолда янги лойиҳалар ишлаб чиқиш, Ўзбекистон шаҳарларини “Ипак йўли” шаҳарлари халқаро туризм альянсига аъзо қилишни таклиф этди.

Учрашув якунида томонлар 2024 йилда мазкур форматдаги уч томонлама учрашувни Хитойда ҳам ташкил этишга келишиб олдилар, деб хабар беради Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.