Аммо баъзилар одамлар ҳушёрликни жуда эрта йўқотиб қўйганларидан хавотирда, деб ёзади Американинг The New York Times газетаси.

Қўшма Штатлар ва дунёнинг аксарият мамлакатлари коронавирус пандемияси билан курашаётган бир пайтда, охирги ҳафталарда Хитойнинг кўп қисмларидаги ҳаёт коронавирус пандемиясидан олдинги ҳаётга қайтди. Шаҳарлар ижтимоий масофа қоидалари ва ниқоб талабларини енгиллаштирди ва оломон яна сайёҳлик сайтлари, кинотеатрлар ва спорт залларини тўлдирмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, жамоат транспортида бир неча ойлик чекловларидан сўнг, Хитойда вируснинг маҳаллий ҳолатлари нолга яқинлашди, қайд этилаётган янги ҳолатлар эса четдан келганларда  кузатилмоқда.

Кўпгина Хитой шаҳарларида одамлар сони чекланганига қарамай, яна йирик тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Шарқий Хитойнинг денгиз соҳилидаги Циндао шаҳри бу ойда энг машҳур пиво фестивалини белгиланган тартибда ўтказмоқда. Яқинда Шанхайда минглаб ишқибозларни бирлаштирган ўйин конференцияси бўлиб ўтди.

Хитой ҳукумати иқтисодиётни рағбатлантиришга умид қилиб, одамларни иш жойига қайтаришга, харид қилиш ва саёҳат қилишни бошлашга тайёр.

Аммо улар кино театрлар ва сайёҳлик муассасаларини ярим қувватда  ишлашини талаб қилиб, эҳтиёт чораларини кўришмоқда. Аҳоли банклар, ресторанлар ва бошқа жамоат жойларига кириш учун ҳароратни назорат қилиш тартибига амал қилишлари ва соғлом эканликларини тасдиқловчи рақамли кодларни тақдим этишлари керак. Шунингдек, яқин вақтгача улар хавфли ҳудудларга бормаган бўлишлари лозим.

Бироқ, расмийлар ўтган ойда юқумли касаллик мавжуд бўлган Ғарбий Хитойнинг Шинжон вилоятига саёҳатни чеклашни давом эттирмоқда. Хитой ҳали ҳам кўп чет элликларга улар вирус олиб келишидан қўрқиб,  мамлакатга киришни тақиқламоқда, деб ёзади мақола муаллифи.

Хитой Халқ Республикаси Давлат соғлиқни сақлаш қўмитасининг маълумотларига кўра, сўнгги 24 соат ичида Хитойда 16 нафар кишида коронавирус аниқланган, барча ҳолатлар чет элдан келганларда қайд этилган. Пандемия бошланганидан бери ушбу касалликка чалинганларнинг умумий сони 84 967 кишига етди ва 4634 бемор вафот этди.