Мамлакатимизнинг Хитойдаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари ҳамда экспорт билан шуғулланувчи ўзбек тадбиркорларининг Хитой Божхона бош бошқармаси импорт ва экспорт маҳсулотлари хавфсизлигини назорат қилиш бюроси бошлиғи Би Кесин билан видеоконференцалоқа ташкил этилди.

Онлайн-анжуманда Хитой Божхона бюроси томонидан мамлакатга импорт қилинадиган маҳсулотларга нисбатан маҳаллий қонунчилик доирасида қўйиладиган талаблар хусусида атрофлича фикр юритилди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистонда экспортбоп маҳсулотлар сифатини оширишга катта эътибор қаратилаётгани, улар инсон саломатлигига путур етказувчи зарарли моддалардан холи экани ва бу жараён тегишли ташкилотлар томонидан доимий назоратда туриши алоҳида таъкидланди.

Хитой бозорига 15 турдаги маҳсулот экспортини кўзда тутадиган фитосанитария талаблари бўйича идоралараро баённомалар имзоланди. Улар орасида гилос, қовун, янги узилган ва қуритилган аччиқ қалампир, анор, мош, кунжут, майиз, қуритилган ўрик, ёнғоқ, ерёнғоқ, аччиқ ва ширин ўрик данаги, узум данаги, асал ва бошқа маҳсулотлар мавжуд, деб хабар беради «Дунё» АА.