Демак, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси республика ҳудудларида алоқа сифати бўйича мониторинг кузатувлари давом этади. Навбат Қашқадарёга.
Қарши шаҳри
Вилоят маркази бўлгани учунми, Қаршида алоқа сифати нисбатан муаммолардан нисбатан холи. Аммо 6 маҳаллада UZMOBILE ва 8 маҳаллада MOBIUZ га алоқа чиқмаслиги кўринган.
Китоб тумани
Энг қониқарсиз натижа UCELLга тўғри келиб, 59 маҳалладан 22 тасида алоқа умуман йўқлиги кўринган. BEELINEда эса бу кўрсаткич 59га 12ни ташкил этган. Агар сиз PERFECTUM алоқа оператори мижози бўлсангиз, Китоб тоғларини бемалол кезишингиз мумкин.
Яккабоғ тумани
Яккабоғдаги 60 маҳалланинг ҳаммасида ҳамма компанияга алоқа бор. Аммо алоқа нисбатан сифатсиз ишлайдиган ҳудудлар ҳам бор. Бу рейтингда PERFECTUM компанияси етакчи, бор-йўғи тўрт ҳудудда алоқа нисбатан қониқарсиз. UZMOBILE 8 маҳаллада, MOBIUZ 9 та, BEELINE 10 та маҳаллада озгина қийналиб ишлайди. UCELLда бу кўрсаткич 40 тани ташкил қилган.
Муборак тумани
Туман ҳудудидаги «Яшнобод» МФЙда фақат PERFECTUM ишларкан, лекин 25 маҳалладан тўққизтасида умуман алоқа мавжуд эмас унга. «Сардоба» МФЙда UZMOBILE ва MOBIUZ ишлайди. UCELL бор-йўғи икки маҳаллада ишламаган. UZMOBILE ва BEELINE 3 тадан маҳаллада, MOBIUZ 5 та маҳаллада қийналиб ишлайди.
Нишон тумани
PERFECTUMни нишондаги натижа билан табриклаймиз. 36 маҳалладан бирортасида номига бўлса ҳам ишламас экан. UZMOBILE да эса яхши натижа деярли барча ҳудудда аъло даражада ишлаб турибди. Қолган компанияларнинг барчасида айрим ҳудудлар билан муаммолар бор.
Ғузор тумани
Ғузорда алоқа сифати жиҳатдан алоҳида ажралиб турган компания йўқ.
BEELINEда 6 та ваUCELLда 7 та маҳаллада алоқага чиқиш имкони йўқ. Қолган компанияларда ҳам шундай ҳудудлар бир нечтадан учрайди.
Миришкор тумани
PERFECTUM миришкорликлар билан яхши муносабат ўрнатган кўринади, бирорта ҳам ҳудудда алоқа бўйича муаммо кўринмаган. Қолган компаниялар ҳам ярим қониқарсиз натижаларни айтмаганда барча ҳудудларда ишлаб турибди.
Косон тумани
Косонда барча алоқа операторлари 100 фоиз ишлайди. Фақат MOBIUZ бундан мустасно. Бу оператор бирорта ҳудудда ишламас экан, яна бир антирекорд. Ишламайди. 12 та маҳаллада UCELL озроқ муаммо қиларкан, холос. PERFECTUMда бу кўрсаткич 9 та.
Касби тумани
UZMOBILE ва UCELL туманнинг 50 фоиздан ортиқ ҳудудида қониқарсиз ишлайди. MOBIUZ ва PERFECTUM ҳам ундан қолишмайди сифатсиз алоқа борасида. Энг яхши натижа BEELINE да бўлиб турибди.
Қарши тумани
Қарши туманининг 70 фоиз ҳудудида MOBIUZ ва BEELINE умуман ишламаслиги маълум бўлди. UZMOBILE да айрим муаммолар бор. UCELL ва PERFECTUM деярли барча ҳудудда кўнгилдагидек ишлаб турибди.
Чироқчи тумани
Чироқчида кўнгилдагидек ишлайдиган бирор алоқа оператори йўқ, шекилли. Ё умуман ишламайди, ёки сифатсиз ишлайди. UZMOBILE дагина сифатли алоқа туманнинг 50 фоиз ҳудудида таъминланган. Ижобий натижанинг кейинги ўринида BEELINE турибди. Энг ёмон натижа PERFECTUMга тегишли: 86 туманнинг 50тасида умуман ишламайди, 36 тасида ёмон ишлайди.
Қамаши тумани
MOBIUZ бутун туман бўйлаб биттагина туманда яхши ишлаши кўринган. 59 маҳалланинг 40 тасида умуман ишламайди. Қолган компанияларнинг ҳам ишлашида яхшисидан ёмони кўп.
Шаҳрисабз тумани
UZMOBILE ва UCELL тумандаги барча ҳудудда ишлаб турибди, лекин 40 фоиздан ошиқ ҳудудда сифатсиз хизмат кўрсатар экан. BEELINE эса 57 маҳалланинг бор-йўғи 3 тасида кўнгилдагидек ишлайди. Энг яхши алоқа PERFECTUMга тегишли.
Шаҳрисабз шаҳри
Кўҳна Кешда энг яхши алоқа PERFECTUMга тегишли. Шаҳарнинг 40 фоиздан ошиқ маҳалласида UZMOBILE ва MOBIUZ умуман ишламас экан. BEELINE ижобий ишлаши бўйича иккинчи ўриндалигини кўриш мумкин.
Шундай қилиб, Қашқадарё вилоятининг жами 724 маҳалласи мониторинг қилинганида UZMOBILE 6 фоиз, MOBIUZ 23 фоиз, BEELINE 16 фоиз, UCELL 7 фоиз, PERFECTUM 18 фоиз ҳудудда умуман ишламаслиги аён бўлган.
Азиза Хўжакелдиева,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси бош мутахассиси