10 нафар ташаббускор томонидан асос солинган “Хўжаобод фазо» МЧЖ корхонаси бугун замонавий фабрикага айланиб, ўзининг филиалига ҳам эга бўлди. Ҳозир жамоада 450 нафар аёл-қиз меҳнат қилмоқда. Корхона томонидан ҳар бир мавсумни ўзига хос янги турдаги маҳсулотлар билан кутиб олиш шартли вазифа ва анъанага айланган. 

 

Йилдан йилга экспорт географияси кенгайиб, Россия, Украина ва Қирғизистон каби давлатлардаги тадбиркорлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилмоқда. Ишлаб чиқариш суръати ўсиб, 2019 йили 3,5 миллион АҚШ доллари қийматидаги маҳсулот экспорт қилинди.

— Сифат борасида талабни қаттиқ қўямиз, — дейди жамият раҳбари Зафардин Кўпайсинов. — Ҳар бир ишловчи биринчи кундан бунга ўргатилади. Ўтган йили 500 минг АҚШ долларилик қўшимча янги дастгоҳлар сотиб олдик. Модернизация ҳисобига электр энергияси сарфи камайди, маҳсулот таннархи эса арзонлашди.

Карантин даврида 200 дан ортиқ турдаги эркаклар ва аёллар кийимлари қаторига тиббий ниқоб ҳам қўшилди. Уларга буюртмачининг талабига асосан АҚШнинг давлат рамзлари туширилмоқда.

– Ўтган ҳафта Нью-Йоркка 20 минг дона жўнатдик, – дейди иш юритувчи Шоҳсанам Раҳмонова. — Корхонамизда Гўзалой Эркинова, Мавлудахон Орипова, Хуршидахон Мирзаева каби ўз ишининг усталари бор.

Транспорт хизмати ва тушлик корхона ҳисобидан. Саломатликка алоҳида эътибор қаратиляпти. Коронавирус пандемиясидан сақланишда белгиланган тартибда барча эҳтиёт чоралари кўрилмоқда.

 

Рустамжон ЭШОНОВ.

Суратларда: корхона фаолиятидан лавҳалар.

Муаллиф олган суратлар.