Бу борада жорий йил 1 март куни Президентимизнинг “Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Мазкур қарор билан 2022 йил 1 июндан бошлаб Россия Федерациясининг Воронеж, Волгоград, Нижегород, Иркутск, Амур областлари, Краснодар, Пермь ўлкалари, Ханти-Мансийск автоном округи — Югра, Қозоғистон Республикасининг Туркистон области (Чимкент шаҳри)да ҳамда Туркия Республикасининг Истанбул шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг вакиллик институти жорий қилиниб, уларда 2 тадан вакиллар фаолияти йўлга қўйилди.   

Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари билан ҳамкорликда хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниб, уларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хориждаги ватандошлар ва ўзбек миллий-маданий ташкилотлари билан яқин алоқаларни ўрнатиш ҳамда мустаҳкамлаш, улар билан ҳамкорликда мунтазам равишда меҳнат мигрантлари учун маданий ва маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этилади. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, фуқаролар учун яратилаётган имтиёз ва имкониятлар тўғрисида хорижда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ўртасида кенг қамровли тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бориш вакиллик институтининг асосий фаолият йўналишлари этиб белгиланди.

 Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш кўламини кенгайтириш, ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш, салоҳиятли иш берувчилар билан музокаралар олиб бориш,  хорижда бўлиб турган даврида зўравонлик, мажбурий меҳнат ва таҳқирланишга дучор бўлган, жароҳат олган, бахтсиз ҳодисага учраган, оғир касалликка чалинган, мураккаб молиявий аҳволга тушиб қолган, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз ёки маблағсиз қолган, хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, меҳнат органлари ва миграция марказлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар тўғрисида ахборот ва маслаҳатлар бериш, ушбу хизматлардан фойдаланишда уларга кўмаклашилади.

Шунингдек, қарор билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2022 йил 1 майдан бошлаб Федерация маблағлари ҳисобидан ҳар йили маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман ва шаҳар ҳокимлари ёрдамчиларининг ёзма тавсияномасига асосан боқувчиси хорижга меҳнат миграциясига чиқиб кетган ва “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатда бўлган оилаларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади. Меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”дан бирига киритилган, ногиронлиги бўлган оила аъзоларига дори-дармон, ногиронлик аравачалари, эшитиш аппаратлари ва ортопедик маҳсулотлар харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш белгилаб қўйилди.

Эндиликда меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасида улар билан бирга истиқомат қилувчи пенсия ёшига етган ёки I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган оила аъзоларига касаба уюшмалари тизимидаги санаторий ва профилактик даволаниш муассасаларига бир марталик бепул йўлланма берилади. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг маблағлари ҳисобидан меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг оила аъзоларига ёрдам пуллари ва йўлланмалар беришда    фуқаролар “Labor migration” дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган бўлиши ва мазкур дастурий мажмуаси орқали электрон тарзда мурожаат қилиши назарда тутилган.

Бундан ташқари, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ёки “Ёшлар дафтари”дан бирига киритилган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқиб кетаётган фуқароларга ҳам 2022 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 15 сентябрдаги “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорининг 11-бандида назарда тутилган микроқарзлар тўланиши йўлга қўйилди.

Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 июлдаги “Хорижга ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган малака имтиҳонларини топшириш, йўл чиптасини харид қилиш ва “ишчи виза”ни расмийлаштириш бўйича компенсациялар 2023 йил 1 январга қадар тўланиши назарда тутилди.  

Азиз Адилов,

Чирчиқ шаҳар адлия

 бўлими бошлиғи