– Россиядаги ўқув курсларига ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари қай тартибда қабул қилинади?

– Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакилларидан иборат делегация аъзолари 16–29 сентябрь кунлари Россияга бориб, ушбу давлатдаги меҳнат муҳожирларини рус тили ва касб-ҳунарга ўргатиш бўйича ўқув дарсларининг жорий этиш имкониятларини ўрганди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Россия Халқлар дўстлиги университети («РУДН») ҳамда World Skills Russia (Россиянинг ёш мутахассислари) ташкилоти ўртасида ҳамкорлик тўғрисида уч томонлама меморандум имзоланди. Ушбу меморандумга асосан Россиянинг Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург, Қозон ва Новосибирск шаҳарларида ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини рус тили ва касбга ўқитиш йўлга қўйилди.

Ўқув курсларида фуқаролар рус тилини ўрганиши, қурилиш, хизмат кўрсатиш, транспорт ва логистика, техника ва технологиялар, ишлаб чиқариш, автомобилсозлик соҳаларида 25та касб бўйича ўқитилиши кўзда тутилган. Яъни мигрантлар Россия бозоридаги талаб юқори бўлган, юқори ойлик тўланадиган касблар – қурилиш, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалар бўйича ўқитилади.

Ўқув курсларига талабгорлар Telegram’даги @uzrivoj_bot орқали қабул қилинади. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ушбу ботнинг саволларига берилган жавоблар асосида мутахассисларимиз талабгорлар билан боғланишади.

Бугунги кунда Телеграм-бот орқали мурожаат қилган 1131 нафар фуқаро Россиядаги ўқув курсларига жалб этилган бўлиб, Москва, Санкт-Петербург, Новосибирск шаҳарларида ўқиш жараёни бошланган. Новосибирск шаҳрида 15 киши тезлаштирилган ўқув жараёнини тамомлаб, малака паспортини ҳам қўлга киритишга улгурди.

– Ўқув курслари қанча вақт давом этади ва у нималарни ўз ичига олади?

– Аслида ўқув курслари уч ойга мўлжалланган. Бунда кунига икки соатдан машғулотлар бўлиши кўзда тутилган. Лекин курсда таҳсил олувчиларнинг кунлик бўш вақтлари кўп бўлса, машғулотлар кунига икки соатданмас, балки тўрт ёки олти соатдан ташкил этилиши мумкин. Бу фуқароларимизнинг ҳолати ва шароитларига боғлиқ. Биз фуқароларимизга қулай бўлиши учун ҳар қандай ўзгаришларга тайёрмиз.

Россияга келган ўзбекистонликларда кўпинча бўш вақт бўлмайди, ишлаб чарчашгани боис ўқув курсларига қатнаб ўқий олмасликлари мумкин. Иш берувчи корхона ёки завод ҳудудини тарк этишга рухсат бермаслиги мумкин. Шундай вазиятларда ўқув машғулотларини ишдан кейин, кечки пайтларга ҳам ташкиллаштириб берамиз. Агар исташса, ўқитувчилар улар яшайдиган ётоқхоналарга бориб ҳам дарс беришлари мумкин. Бунда фақат тил ўргатилади. Қайсидир касб бўйича машғулотлар махсус жиҳозланган ўқув хоналарида бўлиб ўтиши керак, шу боис бундай ўқув курсларига қатнаб ўқиш талаб этилади.

Бундан ташқари, курсларга ҳар куни қатнаб ўқишга имкони бўлмаганлар учун ўқув марказларида ётоқхона ташкил этилади. Курслар ва ётоқхона бўйича барча харажатлар Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади ва меҳнат мигрантлари учун мутлақо бепул.

– Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига дарс берадиган ўқитувчилар қандай танлаб олинади?

– Ушбу саволга World Skills Russia ташкилоти мисолида жавоб берадиган бўлсам, у Россия бўйича кўплаб ўқув марказлари – касб-ҳунар коллежлари билан ҳамкорлик қилади. У ердаги мутахассислар Россиядаги иш берувчиларнинг талаблари даражасида билим бера оладиган олий малакали ўқитувчилар саналади.

Мигрантларимиз қайси ўқув маркази ёки коллежда ўқишмасин, World Skills Russia ташкилоти уларга бериладиган таълим сифати учун масъул ҳисобланади. Чунки ўқув курслари фуқароларимизга бепул бўлгани билан биз ўқув жараёни учун келишувда белгиланган тартибда пул тўлаймиз. Шундай экан, биз ўқитувчиларнинг малакали, ўқув жараёнининг сифатли бўлишини талаб қилишга ҳақлимиз.

Таъкидлаш керак, бўлажак меҳнат мигрантларини тадбиркорлик кўникмалари, хорижий тиллар ва касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун кетишдан олдин давлат ва нодавлат муассасаларига Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан ҳар бир таълим олувчи учун бир ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари миқдорида грантлар ажратилмоқда.

Ўқув курсларини тугатганларга Worldskills стандартлари асосида ўқиганликни тасдиқловчи ва малака даражасини кўрсатувчи skills passport (малака паспорти) берилади. Малака паспортини қўлга киритган шахс оддий ишчи эмас, балки муайян соҳа бўйича мутахассис ҳисобланади ва уларга оддий ишчиларга қараганда юқорироқ ойлик тўланади.

Шу ўринда ватандошларимиз бепул ўқув курслари билан боғлиқ саволларига Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россия Федерациясидаги вакилларидан атрофлича жавоб олишлари мумкинлигини эслатиб ўтмоқчиман. Улар билан қуйидаги жадвалда кўрсатилган рақамлар орқали боғланиш мумкин:

Ҳозирча ўқув курслари Россиянинг Ўзбекистон фуқаролари энг кўп борадиган бешта шаҳрида ташкил этилган бўлса, келгусида фуқароларимизнинг талаб-истаклари асосида бошқа шаҳарларда ҳам ана шундай курслар фаолияти ташкил этилиши мумкин.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди