Қайд этиш жозки, барча соҳаларда бўлгани каби, хориждаги ватандошларимизни қўллаб-қувватлаш, улар билан алоқаларни мустаҳкамлаш борасида ҳам мамлакатимизда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан доимий мулоқот ўрнатиш, ҳамкорликни ривожлантириш, уларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардаги иштирокини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоялаш. Бугун ана шу жиҳатлар давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди.

Ана шу мақсадда 2021 йил 11 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ватандошлар” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори имзоланди. Мазкур тарихий қарордан кўзланган асосий мақсад, Фонд хорижда истиқомат қилаётган юртдошларимизни ўз она ватани атрофида янада жипслаштириш, уларнинг қалби ва онгида юрт билан фахрланиш туйғусини юксалтириш, миллий ўзликни сақлаб қолиш, ватандошлар ва улар томонидан тузилган жамоат бирлашмаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда қатор аниқ йўналишларни амалга оширишдан иборат.

Таъкидлаш жоизки, кўплаб ватандошларимиз юртимизга қайтиб, турли соҳалар ривожига ўз ҳиссаларини қўшмоқда. Хусусан, улар сафида юқори малакали мутахассислар давлат ва хўжалик бош­қаруви органлари, жойлардаги ижро ҳокимияти ҳамда бошқа ташкилотларда фаолият кўрсатмоқда. Ҳозир уларнинг 150 дан ортиғи раҳбар ҳамда масъул лавозимларда фаолият юритиб келмоқда.

Ватандошларимиз томонидан тузилган уюшма, ташкилотлар билан ҳамкорлик биз учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки хориждаги ҳамюртларимиз қалбида юрт билан фахрланиш туйғусини мустаҳкамлаш, у ерда туғилиб ўсаётган фарзандлар орасида урф-одатларимиз ва она тилимизни кенг ёйишда бундай тузилмаларнинг ўрни катта.

Хорижда ишлаётган фуқароларимизни қўллаб-қувватлаш учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этилди. Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича Бош вазир маслаҳатчиси лавозими жорий этилди.

Cўнгги  тўрт йил давомида хорижда ишлаётган фуқароларга нисбатан муносабат тубдан ўзгариб, меҳнат мигрантлари билан мулоқот ўрнатилди, уларнинг муаммо ва эҳтиёжларини ўрганиш ҳамда ҳал қилиш бўйича янги тизим жорий қилинди.

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) ташкил этилди, меҳнат мигрантларининг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш, уларнинг оила аъзолари учун ипотека кредитларини ажратиш каби қатор имтиёз ва енгилликлар амалиёти жорий қилинди.

Умида АЗИМОВА,

”Ватандошлар” жамоат фонди

бош мутахассиси