Табиат уйғониши, ҳаётда янги босқич бошланишининг рамзи бўлган, эзгулик, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат, меҳмондўстлик, меҳнатсеварлик ва она заминга ғамхўрлик каби абадий қадриятларни ўзида мужассам этган қадим байрам – Наврўзи олам муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига самимий табриклар келмоқда. Уларда юртимизнинг кўп миллатли халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаклари билдирилган.

Хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, таниқли сиёсат ва жамоат арбобларининг қутловларида мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш, барқарор тараққиётни таъминлаш ва ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларга юксак баҳо берилган.

Очиқ, тинчликсевар ва прагматик ташқи сиёсат олиб борилаётгани, минтақавий ҳамкорлик, яхши қўшничилик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар фаол илгари сурилаётгани туфайли давлатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи изчил ўсиб бораётгани алоҳида таъкидланган.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти 

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

 

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Баҳорги уйғониш рамзи бўлган Наврўз байрами муносабати билан самимий табрикларимни қабул қилгайсиз.

Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар юксак даражага чиққан. Стратегик шериклик ва иттифоқчилигимизни бундан буён ҳам дўст халқларимиз фаровонлиги, Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш йўлида фаол ривожлантирамиз деб ишонаман.

Ушбу қутлуғ айёмда Сизга мустаҳкам соғлиқ ва муваффақиятлар, барча ҳамюртларингизга эса бахт-саодат ҳамда фаровонлик тилайман.

Ҳурмат билан,

 

Владимир Путин, 

Россия Федерацияси Президенти

* * *

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти 

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

Ҳурматли Президент жаноблари!

Ой тақвими бўйича Янги йил муносабати билан йўллаган табригингиз учун Сизга самимий миннатдорлик билдиришга ижозат бергайсиз. Хитой ҳукумати ва халқи номидан Сизни, ҳукуматингизни ва Ўзбекистон халқини анъанавий байрамингиз – Наврўз кириб келиши муносабати билан чин дилдан қутлайман.

Мен Хитой – Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаман. Ўтган йили биз Сиз билан икки марта учрашиб, турли соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича муҳим келишувларга эришдик. Бу янги даврдаги Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги барча шароитда ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янги ривожланиш босқичига олиб чиқди.

Мен стратегик ўзаро ишонч ва анъанавий дўстликни доимий равишда мустаҳкамлаш, умумий тақдирга эга Хитой – Ўзбекистон ҳамжамиятини қуришни чуқурлаштириш ва амалий даражага кўтариш учун ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш борасида Сиз билан биргаликда ишлашга тайёрман.

Сизга мустаҳкам соғлиқ ва фаолиятингизда муваффақиятлар тилайман.

 

Си Цзиньпин, 

Хитой Халқ Республикаси Раиси

* * *

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти 

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу.

Наврўз байрами муносабати билан Сиз Жаноби Олийларига энг самимий табриклар ва эзгу тилакларни изҳор этишдан хурсандмиз. Сизга сиҳат-саломатлик, биродар Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва халқига бардавом тараққиёт ва фаровонлик тилаймиз.

Сиз Жаноби Олийларига саломларимиз ва эҳтиромларимизни қабул қилгайсиз.

 

Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд,

Саудия Арабистони Подшоҳи

* * *

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти 

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу.

Наврўз байрами муносабати билан Сиз Жаноби Олийларига энг самимий табрик ва тилакларимни изҳор этишдан хурсандман.

Сизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, қардош Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва халқига бардавом юксалиш ва фаровонлик тилайман.

Сиз Жаноби Олийларига саломларим ва эҳтиромларимни қабул қилгайсиз.

 

Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд,

Саудия Арабистони Валиаҳди, Вазирлар Маҳкамаси Раиси 

* * *

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

 

Азиз қардошим!

Ҳар йил табиат уйғонишининг тимсоли бўлган Наврўз байрами муносабати билан Сиз Жаноби Олийларига ва қардош Ўзбекистон халқига халқим ва шахсан ўз номимдан энг самимий табрикларимни изҳор этаман.

Илдизлари узоқ ўтмишга бориб тақаладиган қадим Наврўз анъанамиз башариятга умид ва барокат хушхабарини бермоқда. Муштарак маданият маконимизда нишонланадиган мазкур байрамда дўстлик ва қардошлик ришталаримизнинг янада мустаҳкамланишини тилайман.

Наврўз ҳозирда эҳтиёжимиз бўлган тинчлик, муроса ва ҳамкорликка бўлган умидларни учқунлатиши – энг катта орзумиз ва тилагимиздир.

Байрам муносабати билан Сиз Жаноби Олийларига, оилангизга соғлиқ ва бахт-саодат, қардош Ўзбекистон халқига омонлик ва фаровонликка тўла келажак тилайман.

 

Режеп Таййип Эрдоған,

Туркия Республикаси Президенти 

* * *

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

 

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Сизга ва қардош Ўзбекистон халқига Наврўз байрами муносабати билан самимий табрикларим ҳамда энг эзгу тилакларимни қабул қилгайсиз.

Янгиланиш, бунёдкорлик ва фаровонликни ўзида мужассам этган ушбу муқаддас байрам юксак қадриятларга интилувчи бутун инсоният ҳаётида алоҳида ўрин тутади. Қутлуғ баҳор айёми Наврўз қардош халқларимизга илиқлик, мўл-кўлчилик, қувонч ва фаровонлик олиб келсин.

Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли мустаҳкам дўстлик ва яхши қўшничиликка асосланган Қозоғистон – Ўзбекистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари бундан буён ҳам халқларимиз фаровонлиги йўлида жадал ривожланиб боришига ишонаман.

Ҳурматли Шавкат Миромонович, ушбу фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон равнақи йўлидаги фаолиятингизда муваффақиятлар, мамлакат халқига эса фаровонлик ва тўкинлик тилайман.

Халқ бахтли-саодатли яшасин, фаровонлик эса тўкин ва мўл бўлсин!

 

Қосим-Жомарт Тоқаев,

Қозоғистон Республикаси Президенти

* * *

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

 

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Наврўз байрами билан Сизни ва бутун қардош Ўзбекистон халқини чин дилдан табриклайман.

Бу ёрқин ва қувончли байрам баҳорда табиат уйғониши, бирлик ва дўстлик, тинчлик ва фаровонлик рамзидир. Ушбу айём халқларимизни боғлайдиган кўп асрлик дўстлик ва меҳр-оқибат анъаналарини ўзида мужассам этиб, умумий тарихга асосланган қардошлик муносабатларини мустаҳкамлайди.

Ўзаро ҳурмат, ишонч ва стратегик шерикликка асосланган барча даражалардаги ҳамкорлигимиз бундан буён ҳам биргаликдаги саъй-ҳаракатлар асосида давом этиб, халқларимиз келажаги порлоқ бўлишини таъминлашга ҳисса қўшишига ишончим комил.

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Сизга сиҳат-саломатлик ва давлатчилик фаолиятингизда муваффақиятлар, қардош ўзбек халқига эса тинчлик ва тараққиёт тилайман.

Ҳурмат билан,

 

Садир Жапаров,

Қирғиз Республикаси Президенти

* * *

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

 

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Халқаро Наврўз байрами муносабати билан энг эзгу ва самимий тилакларга йўғрилган қутловларимизни қабул қилгайсиз.

Қадимий тарихга эга ушбу байрам маданий мерос ва кўп асрлик анъаналаримиз муштараклиги ифодаси сифатида уни нишонлайдиган халқлар ўртасидаги алоқаларни тинчлик ва хавфсизлик, яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш ғоялари асосида мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди.

Наврўзнинг боқий бунёдкорлик анъаналари бизни халқларимиз ва мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида тинимсиз саъй-ҳаракат қилишга ундайди.

Тожикистон томони Ўзбекистон билан стратегик шериклик ва иттифоқчилик доирасидаги давлатлараро муносабатларнинг бугунги даражасидан мамнун.

Ишончим комил, мамлакатларимиз ушбу қадимий байрамнинг юксак умуминсоний қадриятларига таянган ҳолда, кўп қиррали муносабатларни мазмунан бойитиш йўлида бундан буён ҳам биргаликда ҳаракат қиладилар.

Ушбу қутлуғ кунларда Сизга мустаҳкам соғлиқ ва масъулиятли давлатчилик фаолиятингизда янги зафарлар, мамлакатингизнинг қардош халқига эса бахт-саодат, фаровонлик, тинчлик ва барқарорлик, изчил тараққиёт ва равнақ тилайман.

Наврўз муборак!

Чуқур ҳурмат билан,

 

Эмомали Раҳмон,

Тожикистон Республикаси Президенти

* * *

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

 

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Халқаро Наврўз байрами муносабати билан Сизга ва Сиз орқали қардош Ўзбекистон халқига самимий табрикларим ва энг эзгу тилакларимни йўллайман!

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида кенг нишонланадиган ушбу гўзал байрам баҳорнинг бошланиши ва табиатнинг уйғонишини англатади. Наврўз байрами турли халқлар ва маданиятлар ўртасидаги яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Ушбу ёрқин байрам умид рамзи бўлиб, бугунги дунёда инсонпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга ундайди.

Ушбу ажойиб байрам Сиз ва бутун мамлакатингиз халқи учун бахт, қувонч ва янги муваффақиятлар олиб келсин!

Чуқур ҳурмат билан,

 

Сердар Бердимуҳамедов,

Туркманистон Президенти

* * *

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

 

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Халқаро Наврўз байрами муносабати билан Сизга самимий табрикларим ва энг эзгу тилакларимни йўллайман.

Наврўз ҳаётга муҳаббат ва яхши келажакка ишончнинг мустаҳкамланиши рамзидир. Ушбу байрам кўп асрлар давомида халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда.

Ушбу қутлуғ айём Сиз ва бутун мамлакатингиз халқи учун тинчлик, қувонч ва янги ташаббуслар билан нишонлансин. Сизга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва масъулиятли давлатчилик фаолиятингизда янги муваффақиятлар тилайман.

Чуқур ҳурмат ила,

 

Гурбангули Бердимуҳамедов,

Туркман халқининг миллий етакчиси, 

Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси

* * *

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

 

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Азиз қардошим!

Сизга ва қардош Ўзбекистон халқига буюк аждодларимиздан қолган Наврўз байрами муносабати билан шахсан ўз номимдан ва Озарбайжон халқи номидан самимий табрикларимни йўллаш менга катта мамнуният бағишлайди.

Баҳор келганидан дарак берувчи, табиатга меҳр, руҳий поклик ва янгиланиш шодиёнаси бўлмиш ушбу миллий байрам қардош халқларимизга фаровонлик, бахт ва файзу барака олиб келишини тилайман.

Биз дўстлик ва биродарликнинг ажойиб намунаси бўлган Озарбайжон – Ўзбекистон муносабатларининг кун сайин ривожланаётгани ҳамда иттифоқимизнинг мустаҳкамланаётганидан жуда мамнунмиз. Ишончим комилки, умумий келиб чиқиш, тарих ва маданият ришталари билан боғланган қардош Ўзбекистон билан кенг кўламли муносабатларимизни давлатларимиз манфаатлари ва халқларимиз фаровонлиги йўлида янада чуқурлаштириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни давом эттирамиз.

Ушбу файзли кунларда Сизга ва оилангиз аъзоларига мустаҳкам соғлиқ ва бахт-саодат, қардош Ўзбекистон Республикаси ва унинг халқи равнақи йўлидаги фаолиятингизда муваффақиятлар тилайман.

Ҳурмат билан,

 

Илҳом Алиев,

Озарбайжон Республикаси Президенти

* * *

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

 

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Сизни одамлар қалбини самимийлик, қувонч, бахт ва порлоқ келажакка умид билан тўлдирувчи Наврўз билан чин қалбимдан табриклайман.

Ушбу байрамга хос ўзаро ҳурмат ва конструктив ҳамкорлик ғояларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, Беларусь Ўзбекистон билан дўстлик ва шериклик муносабатларини изчил мустаҳкамлаб бормоқда. Давлатлараро мулоқот ва амалий ҳамкорликни ривожлантириш бундан буён ҳам фуқароларимиз манфаатларига хизмат қилиши ва Евроосиёда барқарорликни таъминлашга ҳисса қўшишига ишонаман. 

Ҳурматли Шавкат Миромонович, ушбу муборак кунда Сизга мустаҳкам соғлиқ, масъулиятли фаолиятингизда туганмас куч-ғайрат ва муваффақиятлар, дўст ўзбек халқига эса тинчлик ва тотувлик тилайман.

Ҳурмат билан,

 

Александр Лукашенко,

Беларусь Республикаси Президенти

* * *

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

 

Жаноби Олийлари!

Покистон халқи ва ҳукумати номидан, шунингдек, шахсан ўз номимдан Сиз, Жаноби Олийларини, яқинларингизни ва қардош Ўзбекистон халқини Наврўз ва Рамазон ҳайити билан самимий муборакбод этаман ва энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Наврўз ва Рамазон ҳайити умуминсоний қадриятлар – тинчлик, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва шукроналикни ўзида мужассам этади. Ушбу қувончли воқеалар халқлар ўртасидаги тотувлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамкорликка бўлган умумий интилишимизни янгилаш имконини беради.

Сиз, Жаноби Олийларининг жорий йил февраль ойида Покистонга амалга оширган тарихий ташрифингизни мамнуният билан эслайман, яқин кунларда икки томонлама алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш учун олий даражадаги алмашинувларни давом эттиришимизни интиқлик билан кутаман.

Фурсатдан фойдаланиб, Сиз, Жаноби Олийларига мустаҳкам соғлиқ ва фаровонлик, қардош Ўзбекистон халқига эса бардавом тинчлик, тараққиёт ва равнақ тилайман.

Жаноби Олийлари, Сизга бўлган юксак эҳтиромимни қабул қилгайсиз.

Шаҳбоз Шариф,

Покистон Ислом Республикаси Бош вазири

 

Шунингдек, қуйидагилар ўз қутловларини йўллаган:

Қозоғистон Республикасининг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев,

Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари, ички ишлар вазири Шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён,

Фаластин Давлати Президенти Маҳмуд Аббос,

Татаристон Республикаси Раиси Рустам Минниханов,

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Нурлан Ермекбаев,

Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев,

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги аъзо давлатлари Парламентлараро ассамблеяси бош котиби Дмитрий Кобицкий, 

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Уларбек Шаршеев,

Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси митрополити, Ўрта Осиё митрополия округи раҳбари Викентий.

Қутловлар келиши давом этмоқда.