Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки таркибий бўлинмалари раҳбарлари, ҳудудий бош бошқармалари раҳбарияти, Марказий банкнинг тасарруфидаги корхоналари масъуллари ва раҳбар ходимлари, тижорат банкларининг гендер масалалари бўйича Кенгашлари раислари иштирок этди.
Давра суҳбатида таъкидланганидек, бугунги кунда янгиланаётган Ўзбекистон ислоҳотлари инсон манфаатлари устунлигини таъминлаш баробарида жамиятда хотин-қизлар мавқеини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини устувор қадриятлардан бири сифатида ҳимоя қилишга қаратилган. Бунда, айниқса, аёлларнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини юксалтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида рўёбга чиқарилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси М.Қодирхонова сўзга чиқиб, сўнгги йилларда гендер тенгликни таъминлашнинг қонунчилик ва институционал негизини мустаҳкамлаш йўлида муҳим чоралар кўрилганини таъкидлаб ўтди.
Қайд этиш жоизки, ўтган вақт давомида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига қаратилган қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар қабул қилинди. 2021 йилда Ўзбекистонда 2030 йилгача мўлжалланган Гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқланди. Ҳужжатда бошқарувда хотин-қизлар сонини кўпайтириш, гендер номутаносиблигини камайтириш, таълим олишга имконият яратиш, хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ва тазйиққа қарши курашиш назарда тутилган.
Жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, хусусан, иқтисодиётда аёлларнинг иштирок этиши жамият тараққиётига ва унинг барқарорлигини оширишга хизмат қилади.
Марказий банк ҳам ўз фаолиятида гендер инклюзивликни оширишга катта эътибор қаратмоқда. Хусусан, Марказий банкда, ҳамда барча тижорат банкларда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳат-кенгашлари ташкил этилди. Банк тизими томонидан хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш борасида фаол ишлар олиб бормоқда. Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда 2021-2023 йилларга мўлжалланган молия тизими ва тадбиркорликда гендер инклюзивлигини ошириш масалалари бўйича ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилди ва Ўзбекистон банк соҳасида гендер инклюзивлигини кучайтириш бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.
Давра суҳбатида мамлакатимиз банк соҳасида аёлларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир тадбирларни амалга оширишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш борасида олиб борилаётган бу ва бошқа ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Тадбир иштирокчилари томонидан ОАВ вакиллари қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.