Учрашув меҳмони Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, таниқли сиёсий шарҳловчи, профессор Қобилбек Каримбеков Давлат байроғи мустақиллигимиз, миллий ғуруримиз ва халқимиз бирдамлигининг тимсоли экани ва бу рамз ортида асрлар давомида озодлик орзуси билан яшаган, ўз миллатининг маърифати ва келажаги йўлида жонини тиккан инсонларнинг тақдири мужассамлигини алоҳида таъкидлади.
Мустақилликка эришиш йўлида халқимизнинг кўплаб зиёли ва фидойи фарзандлари ноҳақ айбловлар билан жабр кўргани, кўпчилиги ҳаётдан бевақт кўз юмгани тарихий ҳақиқатдир. Шу боис байроқ бугун фақат давлатчилик белгиси эмас, балки ўша инсонлар армонининг рўёбга чиққанидан далолат берувчи рамз ҳамдир.
Суҳбат давомида қатағон қурбонларининг ҳаёт йўли, уларнинг халқ ва Ватан олдидаги хизматлари атрофлича ёритилди. Бу инсонлар ўз даврида эл-юрт равнақи, илм-маърифат ва миллий ўзликни асраш йўлида машаққатли кураш олиб боргани, бунинг эвазига эса оғир синовларга дучор этилгани қайд этилди. Тарихнинг бу фожиали саҳифаларидан олинадиган сабоқ алоҳида урғу билан таъкидланди
Учрашувда тарихий хотирани асраш, ҳақиқатни билиш ва уни ёш авлодга етказиш мустақил давлатнинг мустаҳкам пойдевори экани эътироф этилди. Ўтмишини билмаган халқ келажагини ишонч билан қура олмайди. Шу маънода қатағон қурбонлари хотирасини эъзозлаш нафақат бурчимиз, балки ўзлигимизни англаш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Тадбирда шунингдек, давлат рамзларининг мазмун-моҳияти, мустақил Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни, бугунги дунёда юз бераётган воқеалар ва мураккаб сиёсий жараёнлар хусусида ҳам фикр алмашилди.
Бундай маърифий учрашувлар ходимларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, дунёқарашини кенгайтириш ҳамда уларда ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Зеро, бу кунларнинг қадрига етиш ва уни асраш ҳар биримизнинг зиммамиздаги масъулиятдир. Бу масъулият эса ўтмишни унутмасликдан, ундан тўғри хулоса чиқаришдан бошланади.
Аъзамжон АБУЛФАЙЗОВ