Сирдарё вилоятидаги бирламчи тиббий-санитария муассасаларда тиббий хизмат турлари кун сайин кўпайиб, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат кўрсатиш кулами ошиб бормоқда. Муассасалар қиёфаси эса инвестиция дастурлари ҳисобига янги, замонавий кўринишга келтирилмоқда. 20 мингдан зиёд фуқарога хизмат кўрсатиб келаётган Ховосдаги 5-сонли оилавий поликлиника инвестиция дастури ҳисобидан қайта реконструкция қилиниб бугун фойдаланишга топширилди.
Қайта реконструкция қилинган мазкур оилавий поликлиника учун бюджетдан 2 миллиард 200 миллион сўмлик маблағ ажратилиб, реконструкция ишларини пудратчи ташкилот "Боёвут қурилиш савдо” масъулияти чекланган жамият қурувчилари “Мирзачўл агро қурилиш лойиҳа” масъулияти чекланган жамият лойиҳаси асосида амалга оширди.
Мазкур бинони очилишида туман ҳокими Учқун Камолов, Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлар доктори Рустам Юлдашев, маҳаллий аҳоли ҳамда нуронийлар иштирок этишди. Улар оилавий поликлиниканинг янги биносини, унда яратилган қулайликларни, бинодаги ҳар бир хонани кўздан кечиришди.
Мазкур поликлиника 5 та маҳалладаги 5 мингта оилага хизмат кўрсатади. Поликлиника 150 қатновга мўлжалланган. Бундан ташқари туман тиббиёт маркази шу ҳудуда яшовчи аҳоли учун бироз узоқлик қилади. Бу масала ҳам инобатга олиниб, 10 ўринли кундузги бўлим ҳам ташкил этилди. Унда 5 нафар хотин қиз, 5 нафар эркак даволаниш имкониятига эга бўлишади.
Поликлиникада 15 нафар оилавий шифокор, 30 дан зиёд патронаж ҳамширалар фаолият олиб боришади.
Улар Президентимизнинг 2020 йилни 30 октябридаги “соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва 2020 йилни 10 ноябридаги “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида аҳолига юрак-қон томир ва нафас олиш йўллари, семизлик, эндокрин каби юқумли бўлмаган, сурункали касалликларни камайтириш ва бартараф этиш йўллари , соғлом овқатланиш йўллари ҳақида тарғибот тадбирларини ўтказиш билан бирга, аҳолини тиббий хатловдан ўтказиш, антропометрик кўрсаткичларини ўлчаб чиқиш борасида туманда пешқадамлик қилишмоқда. Шу бугунги кунгача ҳудудда истиқомат қилаётган 20 мингдан зиёд аҳолини тўлиқ хатловдан ўтказиб, уни белгиланган тартибда хавф гуруҳларга ажратиб, электрон базага киритиш устида иш олиб боришяпти.
Ховос тумани ҳокимлиги ахборот хизмати