Ушбу қарор билан 2021 йилдан бошлаб Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги “Инжиниринг компанияси” ДУК томонидан умумий ўрта таълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича амалга ошириладиган лойиҳалаш ва қурилиш-монтаж ишларини “Замонавий мактаб” талаблари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларига мос ва сифатли бажарилганлиги устидан “сифат назорати” олиб бориши белгиланмоқда.
Мазкур қарор билан тасдиқланган низомда республикадаги умумтаълим объектларида сифатли ҳамда замонавий қурилиш ашёларидан фойдаланишни йўлга қўйишда уларни объектлар учун ишлаб чиқиладиган техник топшириқларда аниқ белгилаш механизми марказлашган ҳолда жорий этиш механизми йўлга қўйилмоқда. Бунда, ушбу жараён Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги “Инжиниринг компанияси” ДУК томонидан амалга оширилиб, мактаб ўқувчилар учун қулай бўлган энергия тежамкор қурилиш материалларидан фойдаланиш хам мақсад қилинган.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида 2021 йилгача умумтаълим муассасаларининг камида 3 %, 2025 йилгача – 20 %, 2030 йилгача – 50 % тасдиқланган баҳолаш мезонларига мувофиқ “Замонавий мактаблар”га айлантириш вазифаси қўйилган.
Таълим соҳасидаги тизимли муаммолардан бири бу бюджет маблағлари ҳисобига қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилган мактабларда ишларнинг сифатсиз бажарилишидир.
Таъкидлаш жоизки, ўтган давр мобайнида жойларда халқ таълими объектларида олиб борилган қурилиш-монтаж ишларида сифат кўрсаткичлари муҳим омил бўлмаган, асосий эътибор объектларни фойдаланишга топшириш масаласига қаратилган. Натижада бугунги кунда бирорта ҳудуддаги объект инфратузилмасидаги муаммолар тўлақонли ҳал қилинмаган.
Шунингдек, қурилиш-таъмирлаш жараёнларида мактаб фасадларига, пол қисмларига, бўёқлаш ишларига сарфланган қурилиш материалларининг сифатсизлиги сабабли мактаб жамоаси томонидан таъмирлаш ишлари қайта-қайта амалга ошириб келинган.
Бундан ташқари, иситиш тизимлари ва иссиқлик қозонларини ўрнатишда мактаб биноларининг сиғимлари, ишлатиладиган ёқилғи маҳсулотлари, электр энергиясининг ушбу ҳудуддаги ҳолати аксарият ҳолларда инобатга олинмаслиги оқибатида жойлардаги муассасаларда иссиқлик меъёр даражасида таъминланмаяпти.
Шу пайтга қадар маҳаллий давлат ҳокимликлари қошидаги “Ягона буюртмачи хизмати” компанияси томонидан қурилган, таъмирланган мактабларда вазирлик ёки унинг пастки бўғини томонидан бевосита назорат қилиш, таклиф киритиш, қурилиш-монтаж ишлари сифатига муносабат билдириш ваколати бўлмаган. Натижада, аксарият дастурларга тушган мактабларда ишлар тўлақонли ёки сифатли амалга оширилмаган. Шунингдек, мактаб ўқувчиларининг хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларга алоҳида эътибор берилмаган. Бунга мисол қилиб тегишли дастурлар доирасида қурилиш олиб бориладиган барча умумтаълим мактабларининг атрофи ўралмаган ёки ички ва ташқи видеокузатув мосламалари тўлиқ ўрнатилмаганлигини келтириш мумкин.

Эндиликда мазкур Низом асосида юқорида санаб ўтилган камчиликлар бартараф этилиб, пудрат ташкилоти томонидан амалга оширилаётган қурилиш-монтаж ишлари доимий равишда тегишли график асосида кузатиб борилади, ҳар ойлик ишлар якуни бўйича хулосалар тақдим этилиб, тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида “Замонавий мактаб” талабларига мос равишда амалга оширишнинг сифат назорати ўрнатилади. Бу механизм янги бўлиб, у қуйидаги тамойиллар асосида амалга оширилади:
сифат назоратининг холислиги ва ошкоралиги;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқи ҳамда қонуний манфаатларига дахл қилмаслик;
хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаслик.
Пудрат ташкилоти томонидан умумтаълим объектларида “Инжиниринг компанияси” ДУК томонидан, мактабларда сифатсиз бажарилган қурилиш-монтаж ишлари аниқланган тақдирда иқтисодий судлар орқали ундирилган маблағларнинг 90 фоизи ўша мактабларда аниқланган камчиликларни бартараф этишга сарфлаш амалиёти жорий қилинмоқда.
Бундай назоратнинг жорий этилиши умумтаълим мактаблари қурилишига марказлашган бюджет маблағлари томонидан ажратиладиган маблағларнинг мақсадли сарфланиши, қурилиш ишларининг сифатига бўлган талабларни бир хиллаштиришга ва энг асосийси мамлакатимизда замонавий талабларга жавоб берадиган ягона андозадаги умумтаълим мактабларининг мажмуаси яратилишига хизмат қилади.