Тошкент шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказида Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 13 августдаги «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуни жорий йилнинг 13 ноябридан кучга киргандан сўнг вужудга келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш, қонун ижросини ижрочиларга етказиш, мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтирилишини таъминлаш мақсадида хусусий бандлик агентликлари раҳбарлари билан учрашув ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Ички ишлар, Адлия вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Бош прокуратура, хусусий бандлик агентликлари раҳбарлари ва ходимлари иштирок этди.
Учрашувда таъкидланганидек, мамлакатимиз фуқароларини хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун қулай шароит яратиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ташқи меҳнат миграцияси жараёнларида иштирок этаётган фуқароларнинг чет элда ишлаб келиш зарурати ва омиллари таҳлил қилиниб, уларнинг муаммолари, машаққатли меҳнати эвазига турмуш даражасини кўтариш бўйича орзу-истакларини рўёбга чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 16 октябрдаги «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги 725-сон қарори билан тасдиқланган тегишли Низомларга мувофиқ, хусусий бандлик агентликлари, билимни баҳолаш марказлари, Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилди.
Бугунги кунда 103 та хусусий бандлик агентлиги реестр рўйхатидан ўтган бўлиб, шундан 75 та ХБАларга ваколатли орган томонидан белгиланган тартибда лицензия берилган ва ҳозирда 25 таси ушбу лицензия асосида фаолият юритмоқда.
2019-2020 йилларда ХБАларнинг саъй-ҳаракати натижасида 3214 нафар Ўзбекистон фуқаролари Россия, Туркия, Литва, Латвия, Полша, Болгария, БАА, Беларус, Япония, Қозоғистон, Украина ва Қатар каби давлатларга қонуний тарзда ишга жойлаштирилди. Бироқ, хусусий бандлик агентликлари томонидан лицензия талаблари ва шартларини бузиш ҳолатлари учрамоқда. Таҳлилларга кўра, бугунги кунда 11 та ХБАнинг 51 нафар раҳбар ва масъул ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Мазкур ХБАлар томонидан жами 9338 нафар фуқародан 79,1 млрд. сўмга яқин пул маблағлари фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб олинган.
Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, келгусида ХБАлар томонидан жиноий ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида 2020 йил 13 августда Ўзбекистон Республикасининг «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонуни қабул қилинди.
Мазкур қонунда киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти хусусий бандлик агентликлари раҳбарларига тушунтирилди.
Учрашувда ХБАлар раҳбарларининг қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоб қайтарилди.