Яқин пайтга қадар тендерларда таниш-билишсиз ютиб чиқиш мумкинмаслиги ёзилмаган қонун сифатида баҳоланган. Ҳар қандай давлат буюртмаларининг ўз эгалари борлиги ва уларни қўлга киритиш осон эмаслиги йиллар давомида салбий фикрлар урчишига сабабчи бўлган. Мулк савдолари билан боғлиқ турли “миш-миш” лар замирида қандайдир асослар бордек эди.
Бугун бу борадаги ишлар инсон омилисиз амалга оширилаётгани, тизимда холислик, шаффофлик, очиқликни таъминлаш имконияти яратилгани билан аҳамиятли. Журналистларга “E-IJRO AUKSION” онлайн майдончаси орқали савдоларга чиқарилган давлат мулк объектларини сотиб олиш тартиб -тамойиллари, қулайликлар, шаффофлик, ҳужжатларни расмийлаштириш, инвестиция мажбуриятларини бажаришдаги имкониятлар хусусида маълумотлар берилди.
Вилоятда бўш турган ва фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истигини билдирган тадбиркорларга оммавий савдолар орқали сотишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йилнинг ўзида 164 та давлат активи 75 миллиард 695 миллион сўм ҳамда 500 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш, 1217 та янги иш ўрни яратиш шарти билан сотилди.
Фарғона шаҳридаги механика заводининг қурилиши тугалланмаган ўқув биноси узоқ йиллар давомида қаровсиз эди. Мулк “Artaped Alians” МЧЖ томонидан 499 миллион сўмга бир йил давомида 2 миллиард сўм инвестиция киритиш ва 20 нафар янги иш ўрни яратиш шарти билан харид қилинди.
— Бу ерда Ортопедия йўналишида хизмат кўрсатувчи тиббий килиника қурлишини амалга оширяпмиз, — дейди тадбиркор Бекзод Ўринбоев. — Шу кунга қадар 370 минг АҚШ доллари миқдорида тиббий жиҳозлар олиб келдик. Жалб этиладиган умумий инвестиция миқдори 6 миллиард сўмдан ошади.
Пресс-тур иштирокчилари Президентимизнинг 2020 йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
“Фарғона ёғ-мой” АЖ ана шундай корхоналар сирасига киради. Корхонанинг устав капиталдаги 84, 45 фоиз давлат улуши 62, 2 миллиард сўм миқдорида савдоларга чиқарилган. Холбуки корхона фаолияти тўхтатгани йўқ. Аммо мавжуд қувватлардан самарали фойдалана олмаяпти. Асосий сабаб хом-аёш етишмайди, янги қувватларни ишга тушириш учун сармоя йўқ.
— Корхоналарнинг хусусийлаштирилиши инвестиция миқдорини кенгайтириш маҳсулот турларини кўпайтириш, хом ашё базасини мустаҳкамлаш, янги иш ўринлари яратиш имкониятини беради, — дейди Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Нодиржон Саидахмедов. — “Фарғона ёғ-мой”корхонаси ички бозорда ўз ўрнига эга. Корхонага фаолиятига хусусий инвестицияларни жалб этилиши бу борада ишларни янги босқичга олиб чиқади. Бу йил вилоятдаги 13 та давлат активи сотилиши белгиланган.
Расулжон КАМОЛОВ,
журналист