Ушбу топшириққа асосан, Давлат хизматини ривожлантириш, Ёшлар ишлари агентликлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг барча ҳудудида салоҳиятли ёшларни давлат фуқаролик хизматига тайёрлаш, уларда етакчилик кўникмаларини шакллантириш, ёш кадарларни селекция қилиш мақсадида “Келажак лидерлари” клуби фаолияти йўлга қўйилди.
Клубга аъзолик учун икки ой давомида тўрт босқичли танлов ўтказилди. Ҳудудлардаги ишчи гуруҳ хулосасига кўра, республикамиз бўйича 6 минг 246 нафар талабгор ичидан 630 нафар, жумладан, Сурхондарё вилоятидан 50 нафар номзод клуб аъзолигига қабул қилинди. Клуб аъзолари орасидан клуб президенти, вице-президенти ва тармоқлар бўйича координаторлар сайланди ва амалга ошириш зарур бўлган чора-тадбирлардан иборат дастлабки 90 кунлик иш режа тасдиқланди.
Сурхондарё вилоятида “Келажак лидерлари” клуби ташкил этилганидан буён қатор лойиҳалар йўлга қўйилди. Жумладан, клуб аъзоларининг мустақил фикрлаш, бошқарув ва етакчилик кўникмаларини шакллантириш ҳамда давлат бошқаруви соҳаси бўйича дунёқарашини кенгайтириш мақсадида ўқув-семинарлар, учрашувлар, маҳорат дарслари ва тренинглар ташкил этилмоқда.
Келгусида “Ҳоким билан бир кун”, “Дублёр”, “Агентликда бир кун”, “Давлат ташкилотларида стажировка ўташ” каби лойиҳаларни ҳам фаол амалга ошириш режалаштирилган.
Клуб аъзолари фаолияти кредит-балл асосида баҳолаб борилади ҳамда уларнинг рейтинги юритилади. Юқори балл тўплаган ёшлар Давлат бошқаруви академиясида малака ошириш ва хорижда стажировка ўташ имкониятига эга бўлади.
Одилжон ШОДМОНОВ,
Сурхондарё вилояти “Келажак лидерлари” клуби аъзоси