Йиғилишда Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди. Парламент комиссияси томонидан давлат дастурларини бажаришда ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларини фаол иштирокини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширмоқда.

Йиғилишда фуқаролик жамияти институтларини давлатнинг ижтимоий шериги сифатида аҳоли кенг қатламларининг ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлашга, ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашга, демократик ўзгаришлар жараёнига янада кенг жалб қилиш муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланди.

Айниқса, аҳоли кенг қатламларининг моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш ҳамда долзарб муаммоларни самарали бартараф этиш жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашнинг муҳим шарти эканлигига кенг эътибор қаратилди. Кун тартибида ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини учун грант танловини ўтказиш масаласи кўриб чиқилди.

Жамоат фонди томонидан “Миллатлараро тотувлик ва барқарорликни таъминлашда ижтимоий шерикликни кучайтириш” мавзусида Давлат грантлари ажратиш учун 5-танлови эълон қилинди. Танлов йўналишлари этиб Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашда, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида жаҳон ҳамжамиятига холис ахборот етказишда миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятларининг роли ва аҳамиятини юксалтириш, фуқаролик, миллатлараро ва тинчлик ҳамда тотувликни янада мустаҳкамлашга қаратилган фестеваллар, форумлар, танловлар, учрашувлар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш, жамиятда кўп миллатли катта оила ҳис-туйғусини кучайтириш, республикамизда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик ва тотувликни янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш каби йўналишлар белгиланган.

Ушбу грант танловига дўстлик жамиятлари ва миллий маданий марказлар фаол қатнашиши режалаштирилган. Грант лойиҳалари ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг молиявий ресурсларга бўлган эҳтиёжини қондиришга ҳамда ижтимоий-иқтисодий, социал-сиёсий ривожланишда худудлардаги долзарб муаммоларни бартараф этишга имкон яратади.

Таъкидлаш лозимки, йиғилишда  ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари, Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари аъзолари билан мулоқотни кучайтириш, жамиятда ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратининг хилма-хил шакл ва механизмларини амалиётга жорий этиш, худудларда учрашувлар ташкил этиш бўйича вазифалари белгилаб олинди.

Пандемия шароитида Кўзи ожизлар жамияти Марказий бошқарувига бир маротабалик субсидия маблағлари ажратиш масаласи кўриб чиқилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож жамият ходимларни бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобдан давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

Шунингдек, “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” шиори остида маънавий-маърифий тадбирларга аҳолини кенг жалб этиш, фуқароларни сиёсий, диний, маънавий-маърифий дунёқарашларни кенгайтириш мақсадида “Маърифат” тарғиботчилари жамиятига қўшимча маблағ ажратиш масалалари кўриб чиқилди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан Парламент комиссиясининг қарорлари қабул қилинди.