Илгари аксарият вилоят марказларида атиги битта олий таълим муассасаси фаолият кўрсатган бўлса, энди ҳудуднинг ҳатто олис туман ва шаҳарларида ҳам турли йўналишда бир нечта институт ва университет мутахассислар тайёрлаяпти. Жумладан, Сурхондарё вилоятининг олис Денов туманида ҳам Тадбиркорлик ва педагогика институти фаолият кўрсатмоқда.
2020-2021 ўқув йилидан талабалар қабул қилган институт ректори, филология фанлари доктори Ғанишер РАҲИМОВ билан суҳбатимиз навқирон илм даргоҳининг илк одимлари, унда амалга оширилаётган ишлар хусусида бўлди.
— Институтда бугун нечта факультет бор ва уларда жами қанча талаба таҳсил олмоқда. Ўқиётган талабалар қайси мутахассисликлар эгаси бўлади?
— Айни пайтда учта — ижтимоий-иқтисодий, педагогика ва аниқ фанлар, тадбиркорлик ва бошқарув факультетлари мавжуд бўлиб, талабалар ўн саккизта таълим йўналиши бўйича таҳсил олмоқда. Бу ёшлар келажакда педагог, иқтисодчи ҳамда тадбиркор бўлади. Институтимизда бугун 4 мингдан ортиқ талаба таълим олмоқда.
— Олийгоҳда сиртқи ва кечки бўлимлар ҳам очилганми?
— Кундузги бўлимда таҳсил олаётганлардан ташқари 1700 нафар абитуриент сиртқи (махсус сиртқи) ва кечки бўлимларга қабул қилинган.
— Билишимизча, институт айни пайтда собиқ коллеж биносида фаолият кўрсатяпти. Ўқув хоналари, талабалар ётоқхонаси ва бошқа шароитлар етарлими?
— Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Сурхондарёнинг шимолий тумани — Деновда ташкил қилинган институт жойлашган собиқ коллеж биносини қайта таъмирлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлашга бир неча ҳамкор ташкилотлар жалб этилган.
2021 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурига асосан, 1200 ўринли ўқув биноси, 500 ўринли талабалар ётоқхонаси бунёд этилади. 2022 йилда эса худди шунча ўринли яна битта ётоқхона қурилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, мавжуд ўқув биноларини таъмирлаш ва зарур жиҳозлар билан таъминлаш чоралари кўриляпти.
— Институт базасида техникум ташкил қилиш ва коллежларни оталиққа олиш ҳам кўзланганми?
— Ҳудудда таълим узлуксизлигига эришиш учун таълим кластерини ташкил этиш мақсадида 2021–2022 ўқув йилидан институт қошида алоҳида лицей ҳамда ахборот технологияларига ихтисослашган техникум ташкил этишни режалаштирганмиз. Лицейда Сариосиё, Денов, Узун, Олтинсой, Шўрчи, Бойсун туманларидаги мактабларнинг иқтидорли ўқувчилари ўқитилади ва аъло баҳоларга тугатганлари институтимиз ёки бошқа олий таълим муассасаларига имтиёзли равишда қабул қилинади.
Бўлажак лицей учун собиқ Сариосиё агросаноат коллежи биноси оператив бошқариш ҳуқуқи билан институт балансига ўтказилди. Шунингдек, институтимиз балансида турган собиқ Шўрчи қишлоқ хўжалиги коллежи базасида замонавий ахборот технологиялари техникуми очилади. Ҳозирда бу масалада қарор лойиҳаси кўриб чиқилмоқда
— Институт янги ташкил этилди, талабаларга сабоқ берадиган устозлар, илмий даражали ўқитувчилар етарли, деб ҳисоблайсизми?
— Илм даргоҳимизга республиканинг турли олий таълим муассасаларида меҳнат қилиб турган ва амалий тажрибага эга бўлган 5 нафар фан доктори, 24 нафар фан номзоди ҳамда маҳоратли ўқитувчилар танлов асосида қабул қилинган ҳамда улар бугунги кунда талабаларга фидойилик билан илм беряпти. Малакали профессор-ўқитувчилар, олимлар сафини кенгайтириш учун институтдан 29 нафар ёш мақсадли магистратурага қабул қилинди.
Президентимизнинг 2020 йил 17 апрелдаги қарори 9-бандида Олий ва ўрта махсус таълим, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш ҳамда Инновацион ривожланиш вазирликларига олийгоҳимизни салоҳиятли профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш учун 2021 йилдан бошлаб етакчи олий таълим муассасаларида тегишли соҳалар бўйича таянч докторантурада кадрларни мақсадли тайёрлаш чорасини кўриш юклатилган
Институтимиздан 2020-2021 ўқув йилида 3 нафар стажёр тадқиқотчи, 6 нафар ёш мутахассис мақсадли докторантурада илмий ишларни давом эттиряпти. 2023 йилгача мамлакатда математика фанлари бўйича таълим сифатини яхшилаш, илмий тадқиқотлар натижадорлиги ва амалий аҳамиятини оширишнинг мақсадли дастури ижросини бажариш мақсадида математика бўйича докторантурада ўқишни режалаштираётган 3 нафар номзод илмий тадқиқотлар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бошқармасига тақдим этилди.
Мамлакатимизнинг бошқа олий таълим муассасаларидан ишга таклиф қилинган тажрибали устозларга қулай иш ва яшаш шароити яратишга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Вилоят ҳокимининг амалий ёрдами билан Денов шаҳрида қурилган янги уйлардан бири устозларимизга ажратилди.
Институтимизда республика миқёсидаги “Тадбиркорлик ва педагогика” номли илмий-услубий журнал ташкил этдик. Илк сони чоп этилиб, иккинчи сон учун мақолалар йиғиляпти. Ушбу нашрда барча йўналишлар бўйича олимлар, илмий изланаётган докторант ҳамда мустақил изланувчилар, магистрант ва талабалар мақолалари чоп этилади, шунингдек, илмий янгиликлар жамоатчиликка етказилади.
— Келгуси режалар ва ниятлар ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз...
— Мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш, уни замон талаблари билан уйғунлаштиришга катта аҳамият берилмоқда. Бу бежиз эмас. Чунки ривожланган давлатларнинг деярли барчаси ўзгаришларга мослаша оладиган ва рақобатга бардош берадиган етук мутахассисларни тайёрлаш таълим тизимига эга. Олийгоҳимизда ҳам замонавий билимларни чуқур эгаллаган кадрлар тайёрлашга барча имконият сафарбар этиляпти.
2-3-4-курс бакалавриат йўналишларида 459 та ўқув фанининг электрон ўқув ресурслари Moodle платформасига жойлаштирилган. 2020-2021 ўқув йилида дарс жараёнларини сифатли ташкил этиш мақсадида 234 та видеодарс, 655 та тақдимот, 35 678 та электрон ўқув адабиёти, 697 маъруза матни ва глоссарийлар, оралиқ назорат саволлари, тест саволлари ҳисобига платформа тўлдириб борилмоқда.
2020-2021 ўқув йилида хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда турфа лойиҳаларни амалга ошириш, таълим жараёнини такомиллаштириш, сифатини яхшилаш борасида хорижий мамлакатларнинг олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари, халқаро ташкилот ҳамда жамғармалар билан алоқани мустаҳкамлаш ва илғор хорижий таълим тажрибаларини ўзимизда татбиқ этиш учун ҳамкорликни янада кучайтириш чораларини кўряпмиз
Жумладан, Россиядаги бир қатор олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари тайёрлаш, “қўшма диплом”, академик мобиллик ҳамда ёзги мактаблар бўйича интеграллашган инновацион таълим дастурларини йўлга қўйиш, Тожикистон техника университети, Тожикистон молия-иқтисодиёт университети, Тожикистон педагогика университети, Тожикистон миллий университети билан стажёр ўқитувчи, талаба алмашиш бўйича келишув олиб борилмоқда. Қисқаси, бу борада белгиланган режаларимиз жуда кўп.
Бугунги кунда олийгоҳ ва тажрибали ўқитувчилар томонидан вилоят халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда Денов, Сариосиё, Узун, Шўрчи, Қумқўрғон туманларидаги умумтаълим мактабларининг хорижий тиллар ва аниқ фанлар ўқитувчиларига илмий-услубий ёрдам кўрсатиляпти
. Таълим даргоҳимизда беш ташаббус лойиҳаси асосида “Беш ташаббус маркази” ташкил этилган. Айниқса, китобхонликка алоҳида эътибор бериляпти. Институт ахборот-ресурс маркази фондида 33 минг 788 та ўқув адабиёти, ўқув фанларига оид 6 минг 682 та дарслик, шунингдек, кўплаб қўлланма ва бадиий адабиётлар мавжуд бўлиб, улар кенг билимга эга бўлган ҳамда мантиқий фикрлай оладиган ёшларни тарбиялашга хизмат қиляпти.
“Янги Ўзбекистон” мухбири Усмонали Норматов суҳбатлашди.