Ташриф давомида АКТ вазири Ш. Шерматов телекоммуникация боғламаларида яратилган шароитларни кўздан кечирди. Аҳолига сифатли хизматларни кўрсатиш муҳимлиги таъкидланди. Шу мақсадда аҳоли ва ходимлар учун қулай шарт-шароит яратиш, компания абонент базасини ошириш ва ёшларни ишга кенгроқ жалб қилиш бўйича вазифалар белгиланди.

Шу билан бирга, Самарқанд вилоятида фаолиятини ташкил этган IТ Park резиденти “ETG TECHNОLOGYS”  компанияси амалга оширадиган режалари бўйича Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматовга тақдимот қилди.

Мазкур тақдимотда “ETG TECHNОLOGYS” компанияси томонидан “Ўзбектелеком” АК Самарқанд филиали тасарруфидаги 234-АТС биносининг бўш турган жойларини ўз маблағлари ҳисобидан таъмирлаш, дастурий таъминотларни ишлаб чиқиш ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш мақсад қилингани айтиб ўтилди.  IT Parkнинг янги  резиденти “ETG TECHNОLOGYS” компанияси  бўш турган жойдан фойдаланиб, 2 йилда 4 миллион доллар IТ хизматлари экспортига эришиш бўйича режаларини ҳам тақдимотда айтиб ўтди.

Шунингдек, Cалл марказига ўқитиш ва BPО хизматлар кўрсатишни ошириш, барча ёшдаги гуруҳлар учун робототехника таълимига ўқитиш (АҚШдаги НАСА компаниясининг дастури асосида), бошланғич дастурий таъминотга ўқитиш академиясини ташкил этиш йўналишлари бўйича иш фаолиятини бошлаш режалаштирилгани алоҳида таъкидланди.

АКТ вазири Ш. Шерматов “Ўзбектелеком” АК Самарқанд филиали телекоммуникация боғламалари фаолияти билан танишиш давомида BPО хизматларини ривожлантириш каби муҳим ва истиқболли йўналишга алоҳида эътибор қаратди.

Қайд этилганидек, ёшларни АКТ соҳасига кенг жалб этиш ва юқори ҳақ тўланадиган IТ-касбларини ривожлантириш уларнинг бандлигини янада оширишга хизмат қилади. Шу мақсадда биноларни замон талаблари асосида реконструкция қилиш, улардан оқилона фойдаланиш ҳамда уларда BPО маркази ташкил этиш бўйича алоҳида кўрсатмалар берилди.