Ўзбекистон Республикаси фуқаролари соғлиқни сақлаш борасида дахлсиз бўлиб, давлат ёши, жинси, ирқи, миллати, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар соғлиғи сақланишини таъминлайди.
Умумхалқ муҳокамасига қўйилган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳасининг 40-моддасига киритилаётган қўшимчаларга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг қонунда белгиланган ҳамда тез ва шошилинч тиббий ёрдамни ҳам ўз ичига оладиган кафолатланган ҳажмини бепул олишга ҳақли эканлиги, давлат томонидан соғлиқни сақлашнинг давлат, хусусий ва бошқа тизимларини ривожлантириш, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш, тиббий суғуртанинг турли шаклларини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича зарур чоралар кўрилиши белгилаб қўйилган.
Шунингдек, давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва ҳимоя қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.
Давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини ҳимоя қилиш ва тиклаш, уни ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожлантириш бўйича зарур чоралар кўради. Бу эса, ўз навбатида, экологик жиҳатдан оғир бўлган ҳудудларга давлат томонидан алоҳида эътибор қаратилишини, Конституция даражасида белгиланиши эса масъулиятни янада оширишни англатади.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, Конституцияга киритиш таклиф қилинаётган 401-моддага кўра ҳар ким соғлом ва қулай атроф муҳитга, унинг ҳолати ҳақида ҳаққоний ахборотга эга бўлиш ҳамда ўз соғлиғига ёки мол-мулкига экологик ҳуқуқбузарлик туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилмоқда.
Мамлакатимизда ўтган давр мобайнида соғлиқни сақлаш соҳасида кенг қамровли ислоҳолотларни амалга ошириш жараёнида кўпгина қарор ва фармонлар қабул қилиниб, соғлиқни сақлаш соҳасининг норматив-ҳуқуқий базаси яратилди. Конституцияга киритиш таклиф қилинаётган қўшимча нормалар эса соғлиқни сақлаш соҳасини ҳуқуқий тартибга солишга ҳамда аҳолининг соғлиғини сақлаш борасидаги ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилади.
Илҳомжон Абдусатторов,
Тошкент вилояти адлия бошқармаси
бошлиғи ўринбосари