Ўзбекистон туманидаги Кичик тагоб қишлоғида полипропилен қоп ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона иш бошлади. “Цемент хомашё савдоси” масъулияти чекланган жамиятига қарашли корхона умумий қиймати 60 миллиард сўм бўлган 36 миллион 500 дона замонавий полипропилен қоп тайёрлаш қувватига эга. Лойиҳани амалга ошириш учун 3 миллион АҚШ долларига тенг инвестиция йўналтирилди.

Полипропилен хомашёси ва иплардан тайёрланаётган маҳсулотлар пишиқ-пухталиги билан ажаралиб туради. Шу кунга қадар бу турдаги маҳсулотнинг асосий қисми четдан олиб келинган. Янги лойиҳа бу борадаги овворагарчиликка ва ортиқча харажатларга чек қўяди.

— Полипропилен қоплардан, асосан, мустаҳкам саноат қадоқлари сифатида фойдаланилади, — дейди корхона раҳбари Орифхон Маҳмудов. — Корхона тўлиқ қувватларда ишлай бошлагач, маҳсулот тайёрлаш ҳажми янада ортади, қўшимча иш ўринлари яратилиб, ички бозордан ташқари 30 фоиздан ортиқ масҳсулот яқин қўшни мамлакатларга экспорт қилинади.

Замонавий технология ва ускуналарни маҳорат билан бошқараётганларнинг кўпи маҳаллий ёшлар. Бу ерда улар учун 100 дан ортиқ иш ўрни яратилган.

— Уйимизга яқин ҳудудда замонавий корхона қурилгани айни муддао бўлди, — дейди корхона ишчиси Гўзалхон Султоналиева. — Аввалари шаҳар ва туман марказларида ишга туширилган корхоналар ҳақида эшитиб, қанийди бизнинг қишлоқда ҳам шундай ишлаб чиқариш тармоқлари қурилса, деб орзу қилардик. Мана, орзуларимиз ушалди. Ҳамма шароитлар мужассам корхонада ишлаб, оила фаровонлигига баҳоли қудрат ҳисса қўшаётганимдан мамнунман. Ойлик маошларимизни ўз вақтида оламиз, текин тушлик, ишга бориб-келишимиз учун автобуслар ажратилган.

Лойиҳа оддий хомашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш билан боғлиқ барча жараёнларни қамраб олгани билан ажралиб туради. Бу ерда мижозлар талаб ва таклифлари асосида маҳсулот тайёрлаш имконияти ҳам бор.

Расулжон КАМОЛОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири.