Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА) муассислигидаги Renessаns TV телеканали жорий йилнинг апрель ойида ЎзЭОАВМА ташаббуси билан бир қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида ишлаб чиқилган “Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ” медиа дастури доирасида ташкил этилмоқда.
Renessаns TV телеканали бугун, 1 сентябрдан тест режимида ўз эфирини бошлайди. Ҳозирча республикамизнинг 70 фоиз ҳудудини қамраб олиши кўзда тутилган телеканал кейинчалик босичма-босқич бутун юртимиз бўйлаб ўз медиа-маҳсулотларини тақдим этади.
– Айни пайтда ассоциациямига аъзо бўлган 48 телерадиоканалнинг 13 тасини ҳудудлардаги нодавлат телеканаллар ташкил этади, - дейди ассоциация директори ўринбосари Р.Жабборов. – Уларнинг ҳар бири ўз аудиторияси, ўз тарқалиш ҳудудига эга бўлгани сабабли бир-бири билан рақобатлашмайди. Renessаns TVнинг асосий мақсади ушбу телеканалларни ягона телевизон тармоққа бирлаштириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат. Ўз навбатида, жойлардаги жараёнлар, воқеа-ҳодисаларни мунтазам ёритишда ҳудудий нодавлат телеканаллар ҳам бизга яқиндан ёрдам беришади.
Ҳудудий нодавлат телеканалларнинг аксарияти сифатли, лицензияланган медиа-маҳсулотларни сотиб олиш имкониятига эга эмас. Renessаns TV эса, Ўзбекистон кинематография агентлиги, хусусий киностудиялар, тегишли ташкилотлар билан шартнома асосида турли медиа-маҳсулотлар, фильмлар ва сериалларни мазкур телевизион тармоқ орқали томошабинларга тақдим этади. Шунингдек, жамиятимиздаги долзарб масалаларнинг етакчи экспертлар, тегишли мутасаддилар, таниқли журналист ва блогерлар иштирокидаги муҳокамасига бағишланган турли форматдаги кўрсатувлар эфирга узатилади.
Ҳозирда телеканалнинг ижодий ва техник гуруҳлари шакллантирилган, эфирга тайёргарлик жараёнлари қизғин давом этмоқда. Тест режимида телеканал ходимлари ўзбек киносининг нодир дурдоналари ҳамда сўнгги йилларда яратилган бадиий ва ҳужжатли фильмлар, мумтоз ва замонавий куй-қўшиқлар, таниқли санъаткорларнинг концерт дастурларини томошабинлар эътиборига ҳавола этади.