Конституция – давлат тузилиши ва бошқарув шакли асосларини мустаҳкамловчи, ҳокимият идоралари фаолиятининг ташкил этилиш тартиби ва принципларини белгиловчи асосий қонунидир. У давлатнинг асосий қонуни сифатида, унинг тузилиши, бошқарув шакли, давлат органлари фаолияти, уларнинг ваколатлари, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари, бурчларини ўзида ифодалайди. Конституция тарихига қисқача назар ташлайдиган бўлсак, “конституция” атамаси лотинча сўздан олинган бўлиб, “ўрнатиш”, “белгилаш” деган маъноларни англатади. Дастлабки Конституциялар АҚШда 1787 йил, Францияда 1791 йил, Германияда 1848 йил, Японияда 1889 йил қабул қилинган.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин ижтимоий давлат ривожланишининг сифат жиҳатидан янги босқичи – уни конституциявий тамойилга қуриш, давлатнинг алоҳида тури сифатида талқин қилиш бошланган. Урушдан кўп ўтмай, ижтимоий давлат конституциявий тамойил сифатида Япония, Германия, Франция, Италия, кейинроқ, 70-йилларда Испания, Португалия, Швеция конституцияларида мустаҳкамланган.
Шарқда Конституция сўзи ишлатилмаган бўлсада, унга мувофиқ келувчи ҳужжатлар қабул қилинганлигини гувоҳи бўламиз. Амир Темурнинг “Темур тузуклари” ўз моҳиятига кўра конституциявий ҳужжат ҳисобланиб, улкан марказлашган давлатни тартибга солишда муҳим аҳамиятга эга бўлган.
1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини қабул қилиниши муҳим сиёсий сана ҳисобланади. Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ўз моҳиятига кўра, асосий қонунимиз – Конституцияга асосланади.
Ислоҳотларнинг кенг қамровлилиги мамлакат ҳаётини тубдан яҳшилашга, фуқароларимизга муносиб турмуш тарзини яратишга, асосийси, инсон қадри учун ғоясига асосланиши муҳим аҳамиятга эга. Олиб борилаётган ислоҳотларга монанд равишда мавжуд қонунларни ҳам такомиллашиб бориши зарурият ҳисобланади. Қайд этиш жоизки, ўтган давр мобайнида Конституцияга 16 маротаба ўзгартиришлар киритилди.
Айни кунларда юртимизда “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори” деган ғоя асосида ўз фаолиятини олиб бораётган Конституциявий комиссия кенг жамоатчилик вакиллари ва фуқароларимиз томонидан билдирилган барча таклифларни синчковлик билан ўрганиб, таҳлил қилмоқда. Бугунги кунда фуқаролардан meningkonstitutsiyam.uz порталига 21 мингдан ортиқ таклиф келиб тушган.
Таъкидлаш жоизки, Конституция эркинлигимиз кафолати экан, биз бу борада фаоллик кўрсатишимиз зарур. Шундай экан бугун биз бераётган таклифлар юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни жонлантиришга, Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Шуҳрат ХОТАМОВ,
Йўлчи ХУДОЙҚУЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат
хавфсизлиги университети доцентлари