Халқ таълими соҳасидаги ташаббусларнинг самарали амалга оширилиши давлат ва жамият тараққиётига эришиш йўлидаги муҳим қадамдир. Замонавий дунёда таълимнинг қадр-қиммати тобора ортиб бормоқда, ҳозирги давр ёшлари келажакда улар учун янги уфқлар очадиган, энг илғор ғояларни рўёбга чиқаришга ёрдам берадиган юқори сифатли билим ва кўникмаларга эга бўлишдан манфаатдор.
Мактаб таълимидаги ислоҳот ўта масъулиятли вазифадир. Юртимизнинг келгуси йиллардаги фаровонлиги ва барқарор ривожланиши унинг муваффақиятига боғлиқ. Давлатимиз раҳбарининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонида халқ таълими тизими олдига янги масъулиятли вазифалар қўйилгани сабаби ҳам шунда.
Фармонда таълим сифатини ошириш бўйича белгиланган вазифалар доирасида ўрта таълим тизимини замон талабларига мослаштириш мақсадида умумий ўрта таълим муассасаларида дарсликларни янгилаш дастурини амалга ошириш учун давлат бюджетидан 605 миллиард сўм ажратилиши кўрсатиб ўтилган. Айни вақтда янги авлод дарсликларини илғор тажрибалар асосида тўлиқ янгилаш учун Буюк Британия, Франция, Германия каби давлатлардан қирққа яқин халқаро эксперт жалб қилинган. Мазкур дарсликлар ўқувчиларнинг назарий билимини ошириб, фикрлашга чорлайдиган методикалар сирасига киради.
Шунингдек, 141 мингта янги ўқув ўрни ва уларнинг сонини 2026 йил якунига қадар 6,4 миллионгача етказиш, мактаб ўқувчиларини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича чоралар кўриш вазифаси юклатилган.
Иқтидорли ёшлар билан ишлашнинг ягона ва самарали тизимини яратиш, ўқувчиларнинг иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, талабчан мутахассислар, барча имкониятларга эга педагог кадрлар тайёрлашни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирларни қабул қилиш устувор вазифа бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини шакллантириш жараёнида таълим соҳаси муҳим аҳамиятга эга. Бир умрлик таълим занжирининг барча босқичларида болалар ва ўсмирларнинг билим ва кўникмалар эгаллаши учун энг қулай шароитларни яратиш зарур. Кейинги уч йилда эса барча синфларда янги авлод дарсликларини жорий этиш режалаштирилган. Биргина 2022 йилнинг ўзида умумтаълим мактабларининг 3-, 6-, 7-, 10-синфлари учун 400 дан ортиқ янги дарслик, машқ дафтари ва қўлланмалар яратилиб, асосий фанлар халқаро экспертизадан ўтказилади. Хусусан, педагоглар учун илк маротаба ҳар бир фандан яратилаётган ўқитувчи китоблари мактабларимизга Миллий ўқув дастурига асос бўлган замонавий методика ва ёндашувларнинг кириб бориш суръатини жадаллаштиради.
Белгиланган мақсадларга эришиш учун ўқитувчиларнинг билим даражасидан келиб чиқиб, уларнинг педагогик маҳоратини ошириш ишларини жадаллаштириш зарур. Келгусида ўқитувчилар халқаро стандартларга жавоб берадиган қайта тайёрлашдан ўтади. Шу билан бирга, босқичма-босқич янги таснифлаш тизими жорий этилади. Юқори малака даражасини тасдиқловчи сертификатга эга бўлган ўқитувчилар махсус совғалар билан тақдирланади.
Шунингдек, мактабларда таълим олиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, жумладан, ўқувчи ўринлари сонини кўпайтириш орқали комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган. 400 га яқин янги мактаб қурилади ва 3 мингта мавжуд мактаб реконструкция қилинади. Жорий йилда 47 та янги таълим муассасаси қурилиши режалаштирилган. 203 таси 2022 йилда реконструкция қилиниши керак.
Бир сўз билан айтганда, мактаб таълимини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш учун улкан ислоҳотлар сари дадил қадам қўйилди. Галдаги марра ушбу вазифаларни жадал суръатларда ижро этиш. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, ушбу ислоҳотлар Ватанимиз келажагидир ва бу йўлда шошқалоқлик қилиш ярамайди. Шундай экан, мазкур масъулиятли йўлда барчамиз стратегик мақсадларни тўғри белгилаб олишимиз лозим.