Ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий инқироз палласида мустақилликни қўлга киритган заҳматкаш халқимиз энг мураккаб ва оғир даврларда ҳам ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатликни йўқотмади. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда: «кўпни кўрган халқимиз ўзининг мустаҳкам иродаси ва матонати, беқиёс салоҳиятини намоён этиб, тарихан қисқа фурсат ичида улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди».
Ўттиз йиллик тарихга назар ташлайдиган бўлсак, қисқа даврлар ичида янги давлат ва жамият қурилиши ислоҳ этилди, бошқарув ва ижтимоий ҳаётнинг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилди, сиёсий ва иқтисодий мустақиллик мустаҳкамланди. Ушбу тараққиёт йўлида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳар йили мустақиллик байрамида сарҳисоб қилиниб, қўлга киритилган ютуқлар эътироф этиб борилади. Менинг назаримда, бу йил мамлакатимизнинг навқирон 30 йиллик байрами халқимиз томонидан ҳар йилгидан ҳам ўзгача шукуҳ ва ўзгача кўтаринки кайфият билан кутиб олинди. Барпо этилган «Янги Ўзбекистон» боғида, кўркам ва улуғвор «Мустақиллик» монументи остида ташкил этилган байрам барчада унутилмас таассурот қолдирди.
Таъкидлаш лозимки, юртбошимиз раҳбарлигида сўнгги беш йил давомида олиб борилган халқчил, адолатли ва кенг қамровли ислоҳотлар ҳаётда ўзининг ижобий натижаларини акс эттирмоқда. Халқ манфаати барча нарсадан устун даражага олиб чиқилди, «халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» деган тамойил устуворлик касб этмоқда. Жамиятимизда ижтимоий муҳитни яхшилаш, аҳоли фаровонлиги йўлида сидқи-дилдан хизмат қилиш ҳар бир давлат органларининг асосий вазифаси сифатида белгиланди.
Айниқса, келажак бунёдкорлари бўлган ёшларга таълим-тарбия бериш, уларни баркамол авлод этиб вояга етказиш ҳамда илм-фан ва техника ютуқларидан оқилона фойдаланган ҳолда замонавий билимлар билан қуроллантириб бориш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир йиғилиш ва учрашувларида ёшларни асраб-авайлаш, қўллаб-қувватлаш ҳамда улар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш масаласи асосий кун тартиби сифатида кўриб борилмоқда.
Мустақиллик байрами куни юртбошимизнинг «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик» деган эзгу ғояларга йўғрилган байрамона нутқларида таълим-тарбия ва ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ёшларга юксак ишонч ва катта умидлар билдирилди.
Қайд этиш лозимки, ёшлар, илм-фан ва таълим соҳаси вакиллари мустақиллик байрами билан уйғун ҳолда янги ўқув йилини бошлайдилар. Ушбу айём шарофати билан ҳосил бўлган байрамона кайфият таълим жараёнларини кўтаринкилик руҳида бошлашга хизмат қилади. Бугун барча таълим масканларида билим ихлосмандларини кутиб олиш, замонавий илм зиёсидан баҳраман қилиб бориш учун етарли шарт-шароитлар яратилган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда Президент, ижод ва ихтисослашган мактабларининг очилиши, олий таълим муассасалари сонини 141 тага етказилиши, қабул квоталарини 3 баробар оширилиши ва битирувчини олий таълимга қамраб олиш даражасини 9 фоиздан 28 фоизга кўтарилиши ёшларга кенг имкониятлар эшигини очди, билимли ёшлар салмоғи ортишига замин яратди. Бу имконият ва шароитлар нафақат ёшларни, илм-фан ва таълим соҳаси вакилларини, балки барча халқимизни бирдек қувонтириб келмоқда.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат, ёшларга яратилаётган имкониятлар, фан ва таълим аҳлининг жамиятда тутган мавқейини оширишга қаратилган эътиборлар Янги Ўзбекистонда фаровон ҳаёт барпо этишнинг асосий омилларидан бирига айланди. Бу эътибор янгича фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, рақобатбардош, ватанпарвар ва фидойи ёш авлодни камолга етказишга хизмат қилади. Юртбошимиз таъкидлаганларидек: «Маънавий уйғоқ жамиятни, ўз олдига улкан вазифалар қўйиб, келажак сари ишонч билан бораётган халқни ҳеч ким ўз йўлидан тўхтата олмайди».
Одилжон Маматкаримов,
Наманган муҳандислик-технология институти ректори,
физика-математика фанлари доктори, профессор,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.