Юртимизда яна бир ислоҳотлар учун пойдевор яратилди. «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш» йилида амалга ошириш бўйича давлат дастури ва уни тасдиқлаш тўғрисидаги президенти фармони лойиҳалари ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамаси учун www.uzbekistan2030.uz веб-сайтига жойлаштирилди.
Давлат дастури тўғрисидаги Ўзбекистон президенти фармони 7 та блокдан иборат бўлиб, 36 та бандни ўз ичига олади. Ҳужжат лойиҳасида ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-иқтисодий, экология, давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ, хавфсизлик ва ташқи сиёсат йўналишларида 2024 йилга мўлжалланган ислоҳотлар назарда тутилмоқда.
«Яшил иқтисодиёт» тамойилларига асосланган юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, экологик ҳолатни яхшилаш, сув ва бошқа табиий ресурслардан унумли фойдаланиш стандартларини кенг жорий қилиш ҳамда халқ манфаатларига йўналтирилган бошқарувни янада такомиллаштириш мақсадида «Ёшлар баланси» асосида алоҳида ишлаш талаб этиладиган, шунингдек, истеъдодли ва иқтидорли ёшлар Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси қарори билан вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда олий таълим ташкилотлари раҳбарларига бириктирилиши Дастур лойҳасининг биринчи бандида белгилаб берилди.
Бугун Янги Ўзбекистон ҳаётининг барча соҳалари чуқур ислоҳотлар майдонига айланган. Бу жараёнда ижтимоий соҳанинг асоси ҳисобланган таълим тизимидаги ўзгаришлар ҳақида тўлқинланиб сўзламасликнинг иложи йўқ. Мамлакатимизда сўнгги йилларда таълим тизимининг барча босқичларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш бўйича амалий ишлар ҳал қилувчи босқичга кирди.
Таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий қисмини, албатта, олий таълим тизимидаги ислоҳотлар ташкил этади. Хусусан, Ўзбекистон Республикасида олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш мақсадида ушбу Дастур лойҳаси янги ислоҳотлар учун дебоча вазифасини бажариб бермоқда.
Ушбу Дастурда интеллектуал тараққиётни жадаллаштириш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантириш сингари вазифалар асос қилиб олинди.
Дастур мазмуни мамлакатимиз олий таълим тизимини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини акс эттиради. Унда олий ўқув юртларида қамров даражасини кенгайтириш ҳамда таълим сифатини ошириш, рақамли технологиялар ва таълим платформаларини жорий этиш, ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, инновацион тузилмаларни шакллантириш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш, халқаро эътирофга эришиш ҳамда бошқа кўплаб аниқ йўналишлар белгилаб берилган. Буларнинг барчаси таълим жараёнини янги сифат босқичига кўтариш учун хизмат қилади.
Хусусан, мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2030 йилда 50 фоизга етказиш, шуни ҳисобга олиб, олий ўқув юртларига талабалар қабул қилиш давлат грантлари икки баробар кўпайтириш; олий таълимнинг қамров даражасини босқичма-босқич ошириш, тизимда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, ўқув юкламаларини мақбуллаштириш, таълим жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш; олий таълим муассасаларининг молиявий мустақиллигини таъминлаш, профессор-ўқитувчиларнинг маошини оширилиши олий таълим ислоҳотларининг дастлабки натижаларидир.
Олий таълимдаги ислоҳотларнинг барчаси мамлакатимизнинг иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларнинг узвий давомидир.
Хулоса қиладиган бўлсак, таълим соҳасида амалга оширилаётган истиқболли вазифалар, ўзининг долзарблиги ҳамда амалий аҳамияти билан бошқа соҳалардаги ислоҳотлардан асло қолишмайди. Чунки ушбу соҳадаги ислоҳотларни янада кенг кўламда давом эттириш давр талабидир.
Абдуғаффор ШАРАФИДДИНОВ,
Фарғона давлат университети
Ўзбекистон тарихи кафедраси доценти