Тадбирда Президент таълим муассасалари агентлиги раҳбарияти ва вакиллари қабул жараёнлари, имтиҳон тартиби ва “Янги Ўзбекистон” университетида йўлга қўйилаётган ўқув жараёнлари, яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берди. “Янги Ўзбекистон” университетининг фахрий ректори Волфганг Ҳеррманн ва университетнинг кимё муҳандислиги факультетида дарс беришга таклиф қилинган Жанубий Кореянинг Сежонг университети илмий тадқиқотчиси, профессор Элёржон Жумаев анжуманга ZООМ орқали боғланди.

Таъкидланишича, “Янги Ўзбекистон” университети “Дунёнинг энг яхши 100 университети” рейтингида 1 ўринда турадиган Массачусет технология институти ҳамда халқаро сифат стандартларига мувофиқ комплекс ва илмий-техник марказларини яратишда Мюнхен Техника университети билан ҳамкорлик қилади.

Президент таълим муассасалари агентлиги ҳамда “TUM International GmbH” ташкилоти ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномасига мувофиқ, Мюнхен Техника Университетида 24 йил давомида ректорлик қилган Волфганг Ҳеррманн “Янги Ўзбекистон” университетининг “Фахрий ректори” бўлиши кўзда тутилган.

— Шубҳасиз, ҳар бир мамлакатнинг келажаги ёш авлод билан узвий боғлиқдир. Шундай экан, янги университетнинг ташкил этилишини биринчи навбатда келажакка киритилаётган улкан инвестиция, деб ҳисоблайман, — деди анжуманга ZOOM орқали боғланган Волфганг Ҳеррманн. — Мен 50 йилдан ошиқроқ вақт таълим соҳасида ишладим. Шунинг учун ҳам, юртингиздаги ёшларга яратилаётган имкониятлар ва “Янги Ўзбекистон” университетини ташкил этиш ғоясини жуда юқори баҳолайман.

Университет талабаларига энг нуфузли маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари ва ҳатто чет элда ҳам амалиёт ўташ имкони берилади. Шунингдек, иқтидорли ва академик муваффақиятга эришган талабалар учун турли грантлар тақдим этилади.

— Мен “Янги Ўзбекистон” университетининг Кимё муҳандислиги факультетида дарс беришга таклиф қилинганимдан жуда хурсандман, — деди тадбирда сўз олган Элёржон Жумаев. — Мазкур олий таълим муассасасининг  халқаро стандартлар асосида, хориж тажрибасига асосланган ҳолда фаолият олиб бориши режалаштирилмоқда. Бу эса илмий фаолият билан шуғулланувчиларни ўзига тортиши табиий. “Янги Ўзбекистон” университети мамлакатимиз ёшлари учун янги имкониятларга йўл очиб беришига аминман.

Тадбирда “Янги Ўзбекистон” университети  2021/2022 ўқув йили учун таклиф қилинаётган йўналишлар хусусида маълумот берилди:

Механика муҳандислиги (100 ўрин)

Кимё муҳандислиги (100 ўрин)

Дастурий таъминот муҳандислиги (100 ўрин)

Университетига кириш учун аризалар жорий йилнинг 15 августи соат 18:00 га қадар newuzbekistanuniversity.uz сайти орқали онлайн тарзда қабул қилинади.