Меморандумнинг мақсади – томонлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ўрнатиш орқали назарий ва амалий билимларни уйғунлаштириш, нефть ва газ соҳаси учун зарур бўлган етук кадрларни биргаликда тайёрлаш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришдан иборат.
Ҳамкорлик натижасида илмий-педагог кадрлар учун стажировкалар ташкил этилади. Шунингдек, талабалар, илмий иш олиб бораётган педагогларга амалиётларни ўташ, малака ошириш ҳамда касбий қайта тайёрлашни ташкил этишда кўмаклашилади.
Меморандум доирасида таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш мақсадида ихтисослик фанларидан лаборатория ишларини “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги корхоналарда ташкил этиш ҳам назарда тутилган. Бундан ташқари битирувчиларни иш билан таъминлаш, қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларни амалга ошириш, қисқа муддатли ўқитиш курслари, конференцияларни ташкил этиш ҳам йўлга қўйилади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати