Сабаби, айнан шу куни улар жонажон мактаби, қадрдон ўқитувчи ва мураббийлари, синфдошлари билан хайрлашиб, мустақил ҳаётга йўл олади. Таълимнинг кейинги босқичини олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида давом эттиради.

Бу йил юртимиздаги 10 мингдан зиёд умумтаълим мактабини 390 минг нафардан ортиқ битирувчи тамомламоқда.

Мамлакатимизнинг барча таълим масканларидаги “сўнгги қўнғироқ” тадбирлари давлатимиз раҳбарининг битирувчи ўғил-қизларга йўллаган табригини ўқувчиларга етказиш билан бошланди.

Президентимизнинг: “Ҳеч шубҳасиз, ўз билим ва истеъдодини Ватанимиз ва халқимизга муносиб фарзанд бўлишдек олижаноб мақсадларга сарфлашга чоғланиб турган сиздек тиришқоқ ва интилувчан фарзандларимиз — бизнинг ишончимиз ва таянчимиз, янги Ўзбекистоннинг олтин фонди, бебаҳо хазинасидир”, деган сўзлари минглаб юракларда акс-садо бериб, қалбларни тўлқинлантирди. Ўғил-қизларни илм-фан чўққиларини, ижтимоий ҳаётнинг муҳим жабҳаларини забт этишга ундовчи хитоб бўлиб янгради.

Мана, иккинчи йилдирки, давлатимиз раҳбари мустақил ҳаётга йўл олаётган ўғил-қизларни қутлаб, табрик йўлламоқда. Бу ҳам таълимга, юртимиз эртаси бўлган ёшлар келажагига тикилган минглаб нигоҳлар умид ва ишончга тўла эканидан дарак бераётир.

Ўғил-қизларга қаратилаётган эътиборни илғаш учун мамлакатимизнинг келгуси беш йиллик ривожланиш йўлини белгилаб берган Тараққиёт стратегиясига назар ташлаш кифоя. Унинг адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш йўналишида белгиланган вазифалар ижроси кўлами ва ҳажмига кўра аввалги йиллардан мутлақо фарқ қилади.

Сўнгги йилларда “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” деган улуғвор ғоя асосида таълимни ислоҳ қилиш, мактаб инфратузилмасини такомиллаштириш, таълим сифатини оширишга катта эътибор қаратилди. Бу борада мустаҳкам норматив-ҳуқуқий база яратилиб, соҳа ривожида янги уфқлар очилди. Aсосий мақсад мамлакатимизда янги Уйғониш даври — Учинчи Ренессанснинг пойдеворини шакллантиришга қаратилмоқда. Бу вазифа таълим соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар ўтказиш орқали амалга оширилади.

Кейинги йилларда Президент мактаблари, ижод ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари ташкил этилиб, уларга энг малакали мутахассислар жалб этилди. Мавжуд умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, барча ҳудудда замонавий ўқув масканлари барпо этиш учун тарихда кузатилмаган миқдорда маблағ ажратилмоқда. Биргина ўтган йили 789 та мактабда 3,3 триллион сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилгани фикримиз далилидир.

Жамиятда ўқитувчи мавқеи, касби нуфузини ошириш, меҳнатини муносиб рағбатлантириш, яшаш ва турмуш шароитини яхшилашга катта эътибор қаратилаётир. Жумладан, чекка ҳудудларга бориб дарс бераётган ўқитувчилар маошига сезиларли даражада устамалар қўшилаётгани яшаётган жойидан қатъи назар, фарзандларимизнинг шаҳарникидан кам бўлмаган даражада билим олишига имкон бермоқда.

Шунингдек, фан дарсликлари мазмун-моҳиятида ҳам қатор ўзгаришларга эришилгани эътиборга молик. Бу жараёнда хорижнинг илғор тажрибасидан кенг фойдаланилди. Изчил саъй-ҳаракатлар туфайли умумтаълим мактаблари учун 326 номда ўқув-методик мажмуалар, ўқитувчилар китоби ҳамда машқ дафтарлари яратилди.

Давлатимиз раҳбарининг табригида қайд этилганидек, ҳозир юртимизда 10 мингдан зиёд давлат умумтаълим мактаби билан бирга кўплаб нодавлат, давлат-хусусий шериклик шаклидаги мактаблар, Президент, ихтисослаштирилган ва ижод мактаблари фаолият юритяпти. Бу саъй-ҳаракатлар ушбу тизимда қисқа муддатда чуқур таркибий ва сифат ўзгаришлари юз берганини кўрсатади.

Таълим тизимидаги янгиланишлар, ўқитиш сифати ва самарадорлигига қаратилаётган эътибор, ёшлар орасидан истеъдодлиларини саралаб олиш жараёни тўғри йўлга қўйилгани ўз самарасини бераётир. Жумладан, халқаро фан олимпиадаларида ўқувчиларимиз қўлга киритган медаллар сони 3 баробар, минтақавий олимпиадаларда эса қарийб 2 баробар кўпайгани, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 900 мингдан зиёд ўқувчи дастурлаш асосларини ўрганиб, сертификатга эга бўлгани фикримизни тасдиқлайди.

Илгари мактабни тугатган ёшларнинг муайян қисмигина олий таълим муассасаларига ўқишга кирган бўлса, кейинги йилларда талабалар сафига қўшилаётганлар сони тобора ошмоқда. Буни бир сўз билан олий таълим муассасаларига қамров даражаси кенгаяётгани билан изоҳлаш мумкин. Масалан, 2016 йилда олий таълимга қамров 9 фоизни ташкил этган бўлса, 2020 йилда 25, 2021 йилда 28 фоизга етди. Бу йил 38 фоизга етказилади.

Шу куни мамлакатимиздаги барча мактаблар қатори Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабда ҳам “сўнгги қўнғироқ” тадбири ўзгача шукуҳда ўтди. Бир юз элликдан ортиқ ўқувчи таҳсил олаётган таълим муассасасининг 60 ўқувчиси бу йил 11-синфни тамомлаб, катта ҳаётга қадам қўймоқда. Уларнинг 20 нафари аллақачон нуфузли хорижий олий таълим муассасалари грантини ютиб, талабаликка бир қадам қолган. Яна 6 нафари эса халқаро олимпиадаларда ғолибликни қўлга киритган ва имтиёзли тарзда талабалар сафига қўшилиш арафасида турибди.

Яқинда юртимизда кимё бўйича бўлиб ўтган Халқаро Менделеев олимпиадасида ушбу мактабдан етти ўқувчи иштирок этиб, 6 нафари турли медаллар соҳиби бўлди.

— Президентимиз табриги бизни жуда руҳлантирди. Келгусида бундан ҳам катта марраларга эришишга ҳаракат қиламиз, — дейди Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси, олтин медаль соҳиби Азимжон Жамолов. — Яқинда Халқаро Менделеев олимпиадасида эришган натижаларимиз ҳам мамлакатимизда таълим соҳасига қаратилган эътиборнинг самараси, деб биламан. Мен шу олимпиада якунларига кўра, Москвадаги нуфузли олий ўқув юртининг кимё факультетига имтиёзли тарзда қабул қилиндим. Шу билан бирга, “Янги Ўзбекистон” университетида таълим олиш ҳуқуқига эга бўлдим. Ҳозирча қайси университетни танлаш борасида бир қарорга келганим йўқ. Қарорим қандай бўлишидан қатъи назар, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиш, шу йўлда тинмай ўқиш, изланиш олий мақсадим бўлиб қолади.

Шу таълим муассасаси ўқувчиси, 56-Халқаро Менделеев олимпиадаси кумуш медаль совриндори Мафтуна Бадалова ҳам бугун битирувчилар сафида. “Президентимизнинг биз, битирувчи ёшларга йўллаган табригини катта ҳаяжон билан тингладим. Бизга билдирилган умид ва ишонч, келажагимиз ҳақида айтилган илиқ гапларни эшитиб, жуда қувондим. Бу ютуқлар билан чекланмай, жорий йил 10-18 июль кунлари ўтказилиши режалаштирилаётган 54-Халқаро кимё олимпиадасида ҳам юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қиламиз”, — дейди у.

Тадбир доирасида йил давомида намунали хулқ ва аъло баҳоларга ўқиб, энг юқори кўрсаткичларга эришган иқтидорли битирувчилар рағбатлантирилди. 2021-2022 ўқув йилида фан олимпиадалари, кўрик-танлов ва спорт мусобақаларида иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаган ҳамда ижодкор ўқувчилар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

Миробод туманидаги 154-мактабда ҳам “Сўнгги қўнғироқ” тантаналари ўзига хос тарзда ўтказилди. Ота-оналар фарзандларининг бўйига, қошу кўзларига қараб, ёруғ режаларини тинглаб, уларни илк бора жажжи қўлидан тутиб мактабга бошлаб келган онларни эслаган бўлса, ажаб эмас. Ўқитувчилар эса шогирдлари билан ўтган паллалардаги энг муҳим воқеаларни гоҳ кулиб, гоҳ кўзда ёш билан сўзлаб берди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййиднинг мактаб кутубхонасига туҳфа этган китоблар жамланмаси ва қутловини ўқувчилар катта қувонч билан қабул қилди.

Ҳа, битирувчи ёшларимиз қалбида катта орзу-умидлар билан ўзларига ишонган ҳолда мустақил ҳаётга қадам қўймоқда. Халқимиз эса давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, улар тимсолида мамлакатимизнинг олтин фондини, бебаҳо хазинасини кўраётир. Бу хазина ҳали Ўзбекистон номини дунёга янада кенг таратиши, мамлакатимизнинг ривожланган давлатлар қаторига тезроқ киришига хизмат қилиши шубҳасиз.

Рисолат МАДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири