Маданий мерос турли тарихий даврларда доимо авлодларнинг мафкуравий тараққиётига замин, билимлар манбаи, тарбия ва таълим воситаси бўлиб хизмат қилиб келган. Хусусан, асрлар давомида шаклланган ўзбек халқининг маданий ва моддий мероси жаҳон цивилизацияси тараққиётида халқлараро маданий кўприк вазифасини бажаришда ажралмас қисми ҳисобланади.

“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да белгиланган вазифалар доирасида музейлар фаолияти ва музей ишининг тизимли ривожлантириш бўйича дастурлар қабул қилинган. Уларда халқаро алоқаларни, ўзаро фойдали ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистонда ва хорижда кенг кўргазма фаолияти орқали мамлакат бой тарихи, бугунги ютуқларини дунё жамоатчилигига танитиш, музейларда сақланаётган ноёб экспонатларни жаҳон миқёсида тарғиб этиш каби вазифаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Улар Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятидан янада тўлиқ ва самарали фойдаланишда муҳим ўрин тутади. Шунингдек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлис қонунчилик палатасига қилган Мурожаатномасида “...мамлакатимиз музейларида сақланаётган тарихий экспонатларни тўлиқ хатловдан ўтказиш, ҳар бир музейнинг каталогини яратиш лозим”, деб қайд этганидек музей коллекцияларини комплектлаш мазкур соҳадаги энг долзарб вазифалардандир, дея таъкидлаб ўтгандилар.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 июнида имзоланган ПҚ-3074 -сонли “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказини ташкил этиш тўғрисида”ги, 2018 йил 19 декабрдаги ПҚ-4068-сонли “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрдаги “2017-2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ҳамда соҳага оид бошқа меъёрий ҳужжатларда белгиланган устувор вазифаларни бажариш бугунги кун ва келажаги учун жуда муҳим ҳисобланади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда музейшунослик соҳаларини ривожланишида Уйғониш даври бўлди десак, муболаға бўлмайди. Бу, айниқса, янги музейлар ташкил этилишида яққол кўзга ташланади. Фикримиз далили сифатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 декабрдаги “Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейини ташкил этиш тўғрисида”ги 1003-қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида «Мақом музейи» фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 2018 йил 8 августдаги 621-сонли қарори, 2019 йил 30 майдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Сармишсой”, “Шаҳрисабз”, “Термиз” ва “Қўқон” давлат музей-қўриқхоналари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” ги 443-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 июлдаги “Эркин Воҳидов мемориал музейи ҳамда Ҳазиний уй-музейи фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” ги 630-қарорларни кўрсатиб ўтиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент музейини ташкил этилиши музейшуносликда эришилган катта ютуқлардан бири бўлди. Адиблар хиёбонида жойлашган мазкур музей юртимиз пойтахти қадимий Шош тарихи ҳақида тарихнинг жонли гувоҳлари деб ҳисобланадиган экспонатлар орқали ҳикоя қилинади.

“Буюк ипак йўлининг гавжум чорраҳасида жойлашган Тошкент асрлар давомида илм-фан, маданият ва маърифат марказларидан бўлиб келган. Ватанимизнинг олтин остонаси бўлмиш пойтахтимиз бугунги кунда янада ривожланиб, гўзал ва обод мегаполислардан бирига айланиб бормоқда. Лекин шундай катта шаҳар шу вақтга қадар ўзининг музейига эга эмас эди”, – дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.

Бундан ташқари Иккинчи жаҳон урушида мардлик ва жасорат, фронт ортида матонат ҳамда инсонпарварлик намуналарини кўрсатган кўп миллатли Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабани таъминлашга қўшган муносиб ҳиссасини кенг миқёсда ёритиш, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг номларини абадийлаштириш, уларнинг беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида Тошкент шаҳрида “Шон-шараф” давлат музейи барпо этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сон Фармони билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” да амалга оширишга оид Давлат дастури” ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида” 2017 йил 31 майдаги ПҚ–3022-сон қарорини ижро этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрдаги “2017-2027 йилларда давлат музейлар фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги 975-сонли қарорини қабул қилганлиги юртимизда музейлар ривожи истиқболини белгилаб берди.

Тарихдан маълумки, дунёнинг йирик хорижий музейларида коллекцияларнинг тўпланиши, сақланиши ва намойиш этилиши ўша мамлакат аҳолисининг яратган моддий-маданий ёдгорликлари тарихи билан яқиндан танишиш имконини беради. Жаҳон музейшунослигида тарихий-маданий меросни сақлаб қолишнинг устувор йўналишлари, уларни илмий тадқиқ ва тарғиб этиш орқали музей коммуникациясини такомиллаштиришни бугунги кун тартибига қўймоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 апрелдаги “Туризм, спорт ва маданий мерос соҳаларида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ‒6199-сон Фармонларида бажариши керак бўлган устувор вазифалар айнан музейшунослик илмининг янада равнақ топишида мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилишиши табиийдир.

Биламизки, жаҳоннинг кўплаб музейлари ҳамда илмий марказларида, хусусан Ўзбекистонда ҳам музей ашёларини комплектлаш ва атрибутлашнинг илмий асосларини тадқиқ этиш, илмий тавсифлаш, фондларда информацион комплектлаш ишини ривожлантириш, бойитиш, музей коллекцияларини сақлаш, консервациялаш, артефактларнинг 3D кўринишини яратиш, уларнинг электрон реестрини тузиш каби вазифалар халқаро даражада ўрганилмоқда. Google Art Project, Historic Moments – “Тарих зарварақи”, Europeana глобал лойиҳаси, Goskatalog.ru каби электрон каталогларда музей коллекцияларининг ягона маълумотлар базаси яратилмоқда. Бу жараёнлар маданий меросга бўлган муносабат ва унинг тадқиқ этиш заруриятини қай даражада муҳимлигидан далолат беради. Айнан фармонда бажарилиши лозим бўлган: миллий музей фондининг давлат каталогини юритиш, музей ашёлари ва музей коллекцияларини миллий музей фонди таркибига киритиш, ундан чиқариш, универсал ҳуқуқий ворислик тартибида ёхуд бошқа усулда бир шахсдан иккинчи шахсга ўтказиш ҳамда соҳада давлат назоратини амалга ошириш;

музейлар фаолиятини мувофиқлаштириш, ривожлантириш, музей ходимларининг малакасини ошириш, қайта тайёрлаш, аттестациядан ўтказиш, музейларнинг тоифаларини белгилаш, миллий музей фондининг очиқлигини таъминлаш ва музей ашёлари ҳамда музей коллекцияларини ўрганиш, оммалаштириш, реставрация ва асрашга доир ишларни амалга ошириш каби долзарб вазифалар Янги Ўзбекистон даврида музейшунослик соҳасида ҳам Ренессанс бўлиши табиийдир.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда тарихнинг турли сабабларига кўра хорижий давлатларга олиб чиқиб кетилган Ўзбекистонга оид маданий меросни ўрганиш, тадқиқ қилиш бўйича кўпгина ишлар амалга оширилмоқда. Яъни, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси, Ўзбекистонга оид хориждаги моддий бойликларни тадқиқ этиш маркази ва соҳага оид кўплаб илмий тадқиқотларнинг бажарилиши натижасида халқимиз, айниқса ёшларимиз ўз юртидан олисда сақланаётган моддий-маданий меросдан бохабар бўлиш имконига эга бўлмоқдалар. Айнан бу каби долзарб вазифалар фармоннинг қуйидаги бандларида ўз ифодасини топган:

д) мамлакатимиз ва хориждаги маданий бойликлар соҳасида:

маданий бойликларни муҳофаза қилиш, шу жумладан, уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқилиши ва унинг ҳудудига олиб кирилиши бўйича сертификат бериш ва реализация қилишни мувофиқлаштириш, маданий бойликларни бадиий экспертизадан ўтказиш, уларнинг тоифасини аниқлаш, давлат реестрини юритиш, соҳада давлат назоратини амалга ошириш;

мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид хориждаги маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг тўлиқ маълумотлар базасини яратиш, мунтазам янгилаб бориш ҳамда асл ёки кўчирма нусхалари, фото ва видеотасвирларини юртимизга олиб келиш;

илмий ўрганиш асосида олинган илмий маълумотлар ва уларнинг таҳлилий натижаларига оид библиографик тўпламлар, каталоглар, китоб-альбомлар, ахборот бюллетенлари ва бошқа матбаа маҳсулотларини турли тилларда нашр этиш, оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғида кенг ёритиш, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш.

 Дарҳақиқат, бу борада ҳар бир халқнинг ўзига тегишли бўлган миллий-маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва хориждагиларини имкон қадар қайтариш вазифаси XXI аср илмий-амалий йўналишларида долзарб масалалар қаторидан ўрин олди. Бу борада халқаро ва маҳаллий меъёрий ҳужжатларга таянган ҳолда, хориждаги Ўзбекистонга оид моддий меросни асраш, улар ҳақидаги тўлиқ маълумотлар базаси – реестрини тузиш, мунтазам янгилаб бориш, музей ашёларининг эгизак нусхаларини, нодир қўлёзмаларнинг факсимилеларини яратиш, уларнинг кўргазмаларини ташкил этиш каби ишлар мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини янада оширишга ва музей фондларини тўлдиришда хизмат қилади.

Албатта, бу каби вазифаларни тўлақонли бажаришда илмий салоҳиятли, ҳар томонлама пухта билим ва кўникмага эга кадрлар фаолияти жуда муҳим ҳисобланади. Маълумки, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида музейшунос мутахассисларга таълим бериш йўлга қўйилган. “Музейшунослик” кафедраси тарихига назар ташласак, 1992 йилда Маннон Уйғур номидаги Тошкент давлат санъат институти Тасвирий санъат факультети “Тасвирий санъат тарихи ва назарияси” кафедраси Санъатшунослик таълим йўналиши негизида биринчи Музейшунослик йўналишига талабалар саралаб олинган. 1999 йилда “Тасвирий санъат тарихи ва назарияси” кафедраси негизида “Музейшунослик” кафедраси ташкил этилган. Бугунги кунда ушбу кафедрада ўз соҳасининг етук мутахассислари фан докторлари талабаларга сабоқ бериб келмоқдалар. Талбалар бевосита олган назарий билимларини амалиёт билан қўллаш мақсадида, 2019 йил декабрь ойида Ўзбекистон давлат санъат музейида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Музейшунослик кафедрасининг филиали очилган бўлса, 2020 йил 15 январь куни Музейшунослик кафедрасининг Ўзбекистон тарихи давлат музейида ҳам иккинчи филиалини очилиши кафедра тарихида муҳим воқеалардан бири бўлди.

Музейшунослик кафедраси Ўзбекистон музейлар кенгаши, республикамиздаги йирик музейлар, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Санкт-Петербург давлат маданият институти, Корея Университети ва бошқа хорижий давлатлардаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини олиб бормоқда.

Бугунги кунда мазкур институтда музейшунос кадрларни тайёрлаш, ўзаро тажриба алмашиш мақсадида жаҳоннинг етакчи мамлакатлари музейлари билан ҳам самарали илмий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 январдаги “Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 8-сон Қарори билан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида институтда кўплаб хорижий соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда мунтазам равишда конференциялар, семинарлар ўтказиб келинмоқда. Ўтказилаётган халқаро илмий анжуманларда соҳага ихтисослашган олий таълим муассасалари вакиллари ўз илмий тадқиқотлари натижалари билан иштирок этиб, моддий ва маданий мерос, жаҳоннинг кўплаб нуфузли музейларида сақланаётган бу каби экспонатлар, музейлардаги инновацион тадқиқотлар, музейшуносликка бағишланган долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирадилар.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, жаҳоннинг йирик музейларида сақланаётган Ўзбекистонга оид ашёларни ўрганиш, аждодлар моддий-маънавий мероси ва уларнинг асосий хусусиятларини тадқиқ этиш тарих, музейшунослик ва санъатшунослик илмини янги маълумотлар билан тўлдириш, келажакда соҳага оид тадқиқотларни бажаришда асос вазифасини ўтайди. Музей фаолияти музей фондлари асосида амалга оширилади. Музей коллекцияларини тўплаш – илмий изланиш самарасидир. Фан ва техниканинг ривожланиши билан боғлиқ ҳолда комплектлашнинг замонавий усули – информацион комплектлаш вужудга келганлиги натижасида хорижий музейлар, кутубхоналар интернет сайтларидан фойдаланиш орқали, Ўзбекистонда хорижий музейларнинг тажрибаларидан фойдаланган ҳолда музей коммуникациясини ривожлантиришда катта самара беради. Бунда дунё бўйлаб тарқаб кетган Ўзбекистонга оид меросни ўрганишда жаҳон музейларининг интернет сайтларига қўйилган маълумотлар, фотосуратлар мавзуга оид маълумотларни тўплаш, яъни замонавий информацион комплектлашнинг муҳим тамойили бўлиб хизмат қилади. Билим олишнинг ушбу замонавий усуллари видеомузейлар, виртуал саёҳатлар ва электрон каталоглар орқали амалга оширилади. Албатта, бу борада биз, соҳа вакиллари музейшунослик илмининг Ренессанс даврини яратишда ҳозир туришимиз, бадиий таълим йўналишида эса амалиёт билан интеграцион жараёнда бўлишимиз даркордир.

Дилафрўз ҚУРБОНОВА,

Камолиддин Беҳзод номидаги

 Миллий рассомлик ва дизайн институти проректори