Шарқда, хусусан, Ўзбекистонда азал-азалдан жамоа бўлиб яшаш анъаналари қадрлаб келинган. Маҳалла жамоавийликнинг энг ёрқин кўриниши бўлиб, манбаларнинг гувоҳлик беришича, илдизлари жуда қадим тарихга эга.
Буюк Амир Темур ўзининг “Темур тузуклари”да “...ҳар мулк ва мамлакат-нинг беклари, улуғлари, бошлиқ оқсоқолларини ҳурматладим, уларга совға-саломлар бериб, хизматларидан фойдаландим", деб уларга ўз ҳурмат-эҳтиромини билдирган. Соҳибқирон томонидан берилган бундай эътибор ва эътироф натижасида Алишер Навоий, Захириддин Муҳаммад Бобур ҳам ҳудуд оқсоқолларига алоҳида ҳурмат кўрсатишган.
Мустақиллик йилларида давлатимиз томонидан маҳаллага бўлган эътибор кучайтирилди, маҳалла ҳамжиҳатлик маскани сифатида янада фаоллашди. Маҳалланинг жамиятдаги ижтимоий мавқеи қайта тикланди, уни фаол жамоавий тузилма сифатида шакллантириш бўйича аниқ чоралар ишлаб чиқилди. Тизимни янада ривожлантириш, маҳалланинг фуқароларга чинакам кўмакчи тузилма сифатида шакллантиришда мустақил Ўзбекистоннинг мавжуд қонунчилик базаси ҳам такомиллаштирилди. Жумладан, ўзини ўзи бошқариш органи сифатида маҳалланинг ваколатлари кенгайтирилиб, жамият бошқарувидаги ўрни ва мақоми мустаҳкамланди.
Айтиш лозимки, Ўзбекистонда “Учинчи Ренессанс даври"нинг бошланиши маҳалла институтларининг ижтимоий-сиёсий жиҳатдан сайқал топа бошлаган даври билан баҳоланади. Айниқса, дунё пандемия туфайли “бегоналашув", яъни инсонларнинг бир-биридан узоқлашуви, эгоцентризм хавфи остида турган бир вақтда, маҳаллада истиқомат қилувчи инсонларда ҳамфикрлилик, бирдамлик, бағрикенглик каби жамиятнинг энг олий қадриятлари сақланиб қолди. Маҳалла бошқарув тизимида янги лавозимлар, жумладан, фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари, оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар, ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосар лавозимлари жорий этилди. Бу ўзига хос йўл бўлиб, маҳалла тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар йиғинларига яқиндан кўмаклашиш, унга давлат ёрдамини кўрсатиш бўйича соҳадаги янги даврни бошлаб берди. Бир сўз билан айтганда, янги Ўзбекистонда маҳалланинг янгича қиёфаси яратилди. “Маҳалла раиси - ислоҳотчи" тамойили асосида аҳолининг ижтимоий масалаларини ҳал қилиш юзасидан янги тизимни самарали жорий этиш бош мезон сифатида белгилаб олинди. Бу “Янги Ўзбекистон"нинг давлат ва жамият бошқаруви соҳасига оид халқчил, зарурий ва янгича ёндашуви бўлди. Эндиликда маҳалла раислари ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли муаммоларини бартараф этиш, янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида давлат органлари ва мутасадди ташкилотлар олдига аниқ вазифаларни қўйиш, уларнинг ижросини қатъий талаб қилиш ваколатига эга бўлди.
Бугунги кунда янги Ўзбекистоннинг янги қиёфадаги маҳалласи муҳим ижтимоий институт сифатида шаклланиб бормоқда. Яъни маҳалла халқ билан тўғридан-тўғри иш олиб борувчи, оила, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватловчи ташкилотга айланди. Бундан ташқари, бугунги кун маҳаллалари ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим ташкилот сифатида фаолият юритмоқда.
2025 йилнинг 26 декабр куни Ўзбекистон Республикасининг давлат раҳбари Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатнома йўллади. Ушбу мурожаатномада юртбошимиз 2026 йилда давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, таълим, иқтисодиёт, спорт, илм-фан, маданият ва экология каби устувор соҳаларни ривожлантириш бўйича қатор чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъкидлаб ўтди. Мурожаатномада қуйидаги устувор йўналишлар алоҳида тилга олинди ва уларнинг ҳар бири бўйича қатор вазифалар белгилаб берилди:
1.Маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш.
2. Иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш.
3. Ички бозорда талабни рағбатлантириш.
4. Касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш.
5.Экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш.
6.Замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотларни давом эттириш.
“Бугунги мураккаб замонда ёшларимизни турли синовларга чидамли, ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш, халқимизни янада бирлаштириш ва жипслаштиришда, ҳеч шубҳасиз, ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими бўлган маҳалланинг ўрни ва аҳамияти катта. Барчамиз учун ҳам ота, ҳам она бўлган маҳаллага, шу асосда Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусининг юқорилиги ушбу институт аввало ижтимоий бирдамлик манбаи эканини кўрсатади. Тарих давомида қандай оғир синовларга дуч келмайлик, машаққатли кунларда одамларимиз, маҳалла аҳли елкадош бўлиб қийинчиликларни енгган. Оила – оилага, қўшни – қўшнига кўмак бериб яшаган. Биз мана шундай ўта ноёб қадриятимизга доимо содиқ қолишимиз, ёш авлодимизни айни шу руҳда тарбиялашимиз керак. Мана шундай буюк мақсадга эришишда маҳалла тизимининг ўрни ва таъсири беқиёс. Чунки, маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади. Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади.”
Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан 2026-йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, деб эълон қилинди. Янги йилнинг бундай номланиши, йил номига мос устувор вазифаларни амалга ошириш учун алоҳида давлат дастурининг қабул қилиниши халқимиз, айниқса, маҳалла институти тизими зиммасига катта масъулият юклади. Ушбу дастурда юртимиздаги маҳаллаларни меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия масканига айлантириш каби долзарб масалалар ўз ифодасини топишини юртбошимиз алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, барча чора-тадбирлар катта ҳаётий тажрибага эга маҳалла раислари ва фаоллари, ҳурматли нуронийлар, серғайрат ёшлар, зиёлилар, ишбилармон тадбиркорлар, Ватан посбонлари, умуман, бутун халқимиз билан биргаликда амалга оширилиши лозимлигини уқтирдилар.
Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади. Айнан маҳалладаги йўл, сув, электр ва транспорт таъминоти, боғча, мактаб ва оилавий поликлиникадаги шарт-шароитларга қараб одамлар ислоҳотларимизга баҳо беради. Шу боис маҳалла тизимини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб қолаверади. Шунингдек, “яшил ҳудуд”, “яшил боғ” яратиш бўйича алоҳида маблағ ажратилиши ва бундай ёндашув орқали 2030-йилгача барча туманлардаги маҳаллаларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кирамиз, деган фикрлар мурожаатномадан жой олди. Бундан ташқари, 2026-йилда “маҳаллада саноат ва хизмат” лойиҳаси орқали ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини ишга тушириш, янги иш ўринларини яратиш, маҳаллалардаги аҳолини, хусусан, хотин-қизларни спортга кенг жалб этиш, маҳалла ёшларининг китобхонликка бўлган қизиқишини янада ошириш, оилаларни камбағалликдан чиқариш каби долзарб устувор вазифаларнинг белгиланиши Янги Ўзбекистоннинг янги маҳалласини шакллантиришга хизмат қилади.
Мурожаатномада маҳаллаларни обод қилиш ва унинг инфратузилмасини тубдан яхшилаш учун, аввало, маҳаллалардаги сув, электр, транспорт ва йўл таъминотини изга қўйиш кераклиги айтиб ўтилди. Айниқса, боғча, мактаб, оилавий поликлиникаларнинг шарт-шароитларини яхшилаш лозимлиги ҳам эътибордан четда қолмади. Маҳаллалар қиёфасини янада гўзал ва обод қилиш учун комплекс ёндашувнинг жорий этилиши, ушбу мақсадлар учун алоҳида маблағларнинг ажратилиши мурожаатномада алоҳида таъкидланди. “Бу пуллар умуман қайсидир туман учун эмас, балки маҳаллада иш ўринлари яратадиган, аҳолини даромадли қиладиган аниқ лойиҳаларга йўналтирилади. Марҳамат, қайси маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси ва маҳалла банкири лойиҳа қилиб, уни асослаб берса, зарур маблағни олсин. Шунда адолатдан бўлади,” - дея таъкидладилар юртбошимиз.
Мурожаатномани ўқиб чиқиш ёки тинглаш, унда белгиланган вазифаларни йил давомида қабул қилинган дастур асосида сидқидилдан бажариш ҳар бир юртдошимизнинг фуқаролик бурчидир. Биргаликда, ҳамжиҳатликда, бамаслаҳат қилинган ҳар бир ишда хайр бор, дейди доно халқимиз. Шундай экан, янги Ўзбекистоннинг янги маҳалласини янада обод қилиш барчамизнинг бирдек вазифамиздир!
Дурдона РАСУЛМУҲАМЕДОВА,
филология фанлари номзоди,
ТДЮУ доценти