Яқин беш йилда юртимизда 64 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилгани, ҳозир улар сони 141 тага етгани, мислсиз даражадаги ўсиш бўлгани — қабул квотаси уч баробар оширилгани олий таълим соҳасига эътибор қанчалик юқори эканини кўрсатади.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, аввало, ёшларни қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг доимий эътиборида турибди. Шу мақсадда бу йил ногиронлиги бўлган ёшлар учун 3 минг 155 та, Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчалари битирувчилари учун 1 минг 580 та, кам таъминланган оилаларга мансуб хотин-қизлар учун 2 мингта қўшимча қабул квотаси давлат гранти сифатида ажратилди. Жумладан, янги ўқув йилида 18 нафар хотин-қиз қўшимча имтиёз асосида Тошкент давлат стоматология институтига ўқишга қабул қилинди.
Тиббий олий таълимга муносабат ҳам бугун юқори даражада, десак адашмаймиз. Зеро, тиббиёт ходимларини тайёрлаш масаласи ҳозир муҳим масалага айланди. Яхши тиббиёт ходимлари жамиятимиз учун ниҳоятда зарур. Шуни англаган ҳолда бугун ҳукуматимиз томонидан тиббий олий таълим муассасаларига кенг шароитлар ва кўплаб имкониятлар яратилган.
Тошкент давлат стоматология институти ҳам янги ташкил этилган олий таълим муассасаларидан. Сўнгги уч йилда институтда талабалар контингенти 1600 нафардан қарийб 4200 нафарга етди. Шунинг ўзи соҳага қизиқиш ва интилишни кўрсатади.
Сўнгги беш йилда институтимиз дунёнинг қатор етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиб, 120 дан ортиқ меморандум имзоланди. Қўшма факультетлар ташкил қилинди ва юртимиз олий таълим муассасалари орасида илк бора Европа Иттифоқида — Испаниянинг Балиар университетида институтимиз филиали очилди. Бугунги кунда Приволжск тиббиёт институти билан ҳамкорликда стоматология, даволаш иши факультетлари, Россия Халқлар дўстлиги университети билан ҳамкорликда ҳам стоматология, даволаш иши факультетлари, Оренбург тиббиёт университети билан тиббий психология қўшма факультетлари ташкил этилган.
Ушбу йўналишларда талабалар иккита дипломни қўлга киритиб, иккита мамлакатда ўқиб, малака ошириш имкониятига эга. Шунингдек, ҳукуматимиз берган имкониятлардан фойдаланиб, институтимизда Пирогов анатомик столи, 3Д симуляторлар, тиббий ўқув дастурлари ўрнатилган замонавий компьютерлардан ташкил топган симуляция маркази ташкил этилди.
Халқимизни тезкор ва самарадор, сифатли тиббий ёрдам билан таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда.
Нодир ҲАЙДАРОВ,
Тошкент давлат стоматология институти ректори