Боғдорчилик инсоният тамаддуни тарихидаги энг улуғ ва муҳим кашфиётлардан бири. Одамлар қадимдан боғни тўкин-сочинлик, ободлик, фаровонлик рамзи, деб билган.
Боғлар тарихи ҳақида сўз кетганда, “Дунёнинг етти мўъжизаси”дан бири бўлган — Бобил ҳукмдори Навуходоносор томонидан милоддан аввалги VI асрда бунёд этилган Бобил осма боғлари ҳақида ўқиганларимиз беихтиёр хаёлга келади. Манбаларда қайд этилишича, Бобил тасаввур қилиб бўлмас даражада гўзал бўлган. Сунъий майдон устида қурилган мазкур боққа қават-қават айвонлар орқали чиқилган. Ҳар бир қаватда гўзал боғлар яратилган.
Боғбончилик бобида ота-боболаримиз ҳам дунёда донг таратгани тарихий манбалардан аён. Масалан, биргина буюк Соҳибқирон Амир Темур Самарқанд атрофида бир нечта бетакрор боғ барпо эттирган. Улар дунё боғдорчилиги тарихида алоҳида ўрин тутади. Боғлар ҳудудида ҳовузлар қазилиб, фавворалар барпо этилган. Уларнинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси бой бўлган.
“Боғи Баланд”, “Боғи Беҳишт”, “Боғи Давлатобод”, “Боғи Дилкушо”, “Боғи Жаҳоннамо”, “Боғи Майдон”, “Боғи Нав”, “Боғи Чинор”, “Боғи Шамол” каби боғларнинг ҳар бири ўзига хос гўзаллиги, табиатининг фусункорлиги билан ажралиб турган. Уларни барпо этишда турли юртларнинг боғдорчилик санъати усталари ва меъморлари қатнашган. Бундай боғлар Самарқанд шаҳри ва атрофидаги ҳудудлар экологик ҳолатини, микроиқлимини яхшилашга хизмат қилган.
Буюк Амир Темур “Шоҳ бўлсанг-да, боғ ярат, гадо бўлсанг-да, боғ ярат, бир кун мевасидан тотарсан”, деган экан. Ўрта асрларда айтилган бу фикрнинг қадри, аҳамияти бугун ҳам ошса ошяптики, асло тушаётгани йўқ. Аксинча, аждодлардан мерос бундай эзгу амаллар бугун ҳам янгича маъно-мазмун касб этмоқда.
Мозийга қараб иш тутмоқ хайрлидир
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент вилоятининг Қибрай туманида барпо этилган, мустақиллик байрамида фойдаланишга топширилган Янги Ўзбекистон боғи Соҳибқирон Амир Темурнинг боғ барпо этиш борасидаги анъаналари давом этаётганини, бу эзгу амал бугун янгича бўй кўрсатаётганини ёрқин намоён этди.
Янги Ўзбекистон боғи том маънода халқимизнинг боғдорчилик анъаналарини ўзида тўлиқ намоён қиладиган, юртимиз ўтмиши ва бугунини улуғлайдиган гўзал масканга, янгиланаётган, яшараётган юртимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларининг чинакам тимсолига айланди.
Президентимиз жорий йил 25 февраль куни Тошкент вилоятида амалга ошириладиган бунёдкорлик ишлари тарҳи, хусусан, Қибрай туманида, “Тошкент-Шарқий” аэродроми яқинида боғ барпо этиш лойиҳаси билан ҳам танишган эди. Уни ишлаб чиқишда дунё мегаполисларидаги машҳур хиёбонларнинг ландшафти, қулайликлари ўрганилган. Бу боғ дарахтзор, бута ва гуллардан иборат ўзига хос дендропарк бўлиши кўзда тутилган. Шунингдек, пойтахтимиз экологиясига ижобий таъсир кўрсатадиган, аҳоли ва меҳмонлар сайр қиладиган “яшил ҳудуд” бўлиши мўлжалланганди.
Боғни барпо этиш жараёни бошдан охиригача Президентимизнинг шахсан назоратида бўлди. Давлатимиз раҳбари боғ ҳудудида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида шу қисқа муддатда бу ерга уч марта ташриф буюрди.
Жумладан, 1 май кунги ташриф чоғида боғ ҳудудига парламент ва ҳукумат аъзолари, Тошкент шаҳри жамоатчилиги, нуронийлар, илм-фан, маданият ва санъат вакиллари, спортчилар, ёшлар йиғилди.
— Бугунги муборак Рамазон кунларида сизлар билан кўришиб турганимдан хурсандман. Халқимиз учун муносиб шароитлар яратиш бўйича кўп ишларни бошлаганмиз. Худо хоҳласа, мана шу баҳаво жойда 104 гектарлик боғ барпо этмоқчимиз. Бу хайрли ишнинг бошланиши ҳозирги улуғ айём кунларига тўғри келгани ҳам хосиятли, деб ўйлайман, — деди Шавкат Мирзиёев ўша кунги учрашувда.
Президентимиз ўша куни бу мажмуанинг тарихий-ғоявий аҳамияти ҳақида ҳам тўхталди.
— Бу йил мустақиллигимизнинг 30 йиллигини нишонлаймиз. Лекин давлатчилигимиз 3 минг йиллик. Бу ана шу буюк тарихни кўрсатадиган мажмуа бўлади. Бу ерга келган ёшларимиз, чет эллик меҳмонлар ҳам шуни англайдиган далиллар акс эттирилади, — деди давлатимиз раҳбари.
Президентимиз бу боғ Ўзбекистоннинг янги қиёфасини, улкан салоҳиятини, кўпмиллатли халқимизнинг жипслиги ва аҳиллигини намоён этадиган мажмуа бўлиши кераклигини таъкидлади. Шуни ҳисобга олиб, бу муҳташам боғга “Янги Ўзбекистон” деб ном бериш таклифини илгари сурди. Йиғилганлар бу таклифни қўллаб-қувватлади.
Ўша куни давлатимиз раҳбари жамоатчилик билан бирга янги боғда кўчатлар ўтқазди.
Давлатимиз раҳбари 9 июль куни боғ ҳудудига яна ташриф буюриб, бу ердаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди, экиладиган манзарали дарахт кўчатларини ҳам кўрди.
Президентимиз 13 август куни боғ ҳудудига учинчи бор ташриф буюриб, “Янги Ўзбекистон” боғида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Боғда манзарали дарахтлар ва гуллар экилиб, сўлим ҳудудлар барпо этилаётгани, байрам тадбирлари ўтказиш учун 5 минг ўринли очиқ амфитеатр қурилиши жараёни билан танишди. Амфитеатрда бўлажак қулайликлар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, мамлакатимизнинг 3 минг йиллик тарихи, аждодларимизнинг буюк мероси, халқимизнинг миллий қадриятлари ўз ифодасини топган Мустақиллик монументидан ўрин оладиган барельеф ва безак намуналари билан танишди. Мутасадди ва қурувчиларга ўз тавсияларини берди.
Шу йил 31 август куни “Янги Ўзбекистон” боғи ва Мустақиллик монументининг очилиш маросими ўтказилди. Унда Президентимиз иштирок этди ва нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида мазкур мажмуада юртдошларимизнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида тўхталиб, боғ мазмунан миллий давлатчилигимиз тарихи, аждодларимизнинг буюк ишларидан сўзлайдиган, халқимизнинг бугунги интилишларини кўрсатиб берадиган маскан эканини қайд этди.
“Ўтмишдаги ютуқ ва ғалабаларидан куч-қувват олиб, хато ва мағлубиятларидан хулоса ва сабоқ чиқариб яшайдиган халқ ўзининг тараққиёт йўли ва келажагини тўғри белгилай олади. Шу сабабли биз ушбу ёдгорлик тимсолида Ўзбекистонимизнинг қадимги тарихидан бошлаб то бугунги кунга қадар юз берган энг муҳим воқеаларни муҳрлашга қарор қилдик. Бой ва бетакрор меросимиз, буюк саркарда ва жаҳонгирлар, аллома ва мутафаккирлар, жадид боболаримизнинг ўлмас сиймоларини акс эттиришга интилдик”, деди Президентимиз.
Маросимда нуронийлар, фан ва маданият намояндалари сўзга чиқиб, барчани ушбу воқеа билан табриклади.
Шавкат Мирзиёев жамоатчилик вакиллари билан бирга Мустақиллик монументини очди. Мажмуа пойига гуллар қўйилди.
Ўша куни Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган байрам тантанаси мазкур боғда ўтказилди.
Боғи Эрам мисоли...
Боғ Президентимиз ғояси асосида қисқа муддатда, аввало, юксак маданият ва маънавият маскани сифатида барпо этилди. Юқоридан қараганда
боғнинг умумий кўриниши худди улкан дарахтнинг бешта шохи шаклида бўлиб, бу Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналишини
ифодалайди. Маълумки, бугун янги Ўзбекистонда барча соҳаларда қўлга киритилаётган улкан ютуқлар замирида давлатимиз раҳбарининг шахсий ташаббуси ва ҳаётбахш ғоялари асосида ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган мақсад ва вазифалар рўёби мужассам. Бинобарин, боғга келган киши янги Ўзбекистондаги янгиланишлар, жадал ислоҳот ва ўзгаришлар муҳитини тўла ҳис этиши мумкин.
Бу ерда табиат қўйнида дам олиш учун сўлим ҳудудлар барпо этилди. Каштан, эман, чинор, лола, липа боғлари, ноёб манзарали дарахтлар, буталар ва гулларни кўриб, дилингиз яйрайди. Руҳиятингиз кўтарилади.
Мазкур боғ кўп жиҳатлари билан Эроннинг Шероз шаҳрида жойлашган дунёга машҳур Боғи Эрамни эслатади.
“Жаннатмонанд”, “Фирдавсмонанд”, дея таъриф берилган мазкур боғга имкон қадар иссиқдан асрайдиган, соя берадиган, ўзидан кўп кислород ажратиб, экологик муҳитни яхшилайдиган қарағай, садр, эвкалипт, оқ қайин каби дарахтлар экилган. 300 га яқин турдаги атиргуллар атрофга ўзгача ифор таратади. Турли манзарали буталар ўзгача чирой бағишлаб туради.
Янги Ўзбекистон боғида ҳам кислородни кўп чиқарадиган камёб дарахтлар, буталар, гул кўчатлари экилгани кишига нафақат эстетик завқ, балки мусаффо ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олиш имконини беради.
Табаррук гўшанинг чинакам рамзи
Миллий истиқлолимизнинг 30 йиллигига бағишланган боғ марказида бунёд этилган Мустақиллик монументи бу гўшанинг чинакам рамзига айланди, десак, муболаға бўлмайди. У юртимизнинг 3 минг йиллик тарихини, аждодларимизнинг буюк ишларини, халқимизнинг миллий ўзлигини, Ўзбекистоннинг янги қиёфасини, халқимизнинг бугунги интилишларини ўзида намоён этади.
— Мустақиллик монументининг баландлиги 60 метр, — дейди мажмуанинг лойиҳа дизайнери Синан Тураман. — Унинг ички қисми Ўзбекистоннинг 3 минг йиллик тарихини ўзида мужассам этган. Шунингдек, монументда Ўзбекистон шаҳарларини акс эттирувчи бир қанча белгилар бор. Масалан, Самарқанд шаҳридаги Регистон мажмуаси, Амир Темур мақбараси, Бухоро, Хива ва Термиз шаҳарлари, қолаверса, мамлакатнинг бошқа ҳудудларини акс эттирувчи меъморий ишланмалар мавжуд. Монументда Ўзбекистон маданиятини ифодалашга ҳаракат қилинди.
Айтиш жоизки, мазкур монументни яратишга умумий ҳисобда олти мингга яқин ишчи жалб қилинди. Кираверишда 3 ва 5 пиллапояга кўзингиз тушади. Илк уч поғона учта Ренессанс даврини, кейинги беш пиллапоя Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини англатади. Монументнинг чап қисмида Биринчи Ренессанс даври тасвирланган. Бу ерда Хоразмий даври ҳамда Буюк ипак йўли орқали амалга оширилган илк савдо-сотиқ ривожи акс эттирилган. Монументнинг иккинчи қисмида Иккинчи Ренессанс бўлими қад ростлаган. Бу ерда Амир Темур ва Мирзо Улуғбек сиймолари акс этган.
Монументда тасвирланган оқ дарахт ўзбек халқининг бирлиги ва келажаги порлоқ экани тимсоли сифатида намоён бўлади. Мажмуа гумбазининг ички тепа қисмида 360 даражада кўриш имконини берувчи экран ўрнатилган. Унда Ўзбекистон маданиятига оид фильм намойиш этилади. Гумбаз ичкарисига кирган киши бу орқали юртимизнинг уч минг йиллик тарихи ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлади. Монументнинг юқори қисмидан ўрин олган улкан Ҳумо қуши унга янада улуғворлик бағишлаб турибди. У мағрур қанот ёзган ҳолда акс эттирилган. Маълумки, давлатимиз гербининг марказида қанотларини кенг ёйган Ҳумо қуши бўлиб, у бахт ва эрксеварлик рамзи саналади. Ҳумо қушини аждодларимиз бахт-саодат, эзгулик ва улуғворлик рамзи деб таърифлаган. Афсоналарга кўра, у бошига қўнган кишига бахт ва омад ёр бўлади. Монументнинг юқорисидан жой олган улкан Ҳумо қуши янги Ўзбекистонимиз бошига қўнган, юртимиз тинчлигини улуғлайдиган бахт-саодат тимсоли сифатида гавдаланади.
Монументда, шунингдек, Ўзбекистоннинг собиқ мустабид тузум давридаги оғир ва машаққатли ҳаёти, қатағон сиёсати, халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган жасорати ва матонати таъсирчан лавҳаларда ўз ифодасини топди. Ғоят қийин ва мураккаб шароитда республикамиз равнақини, халқимизнинг тинчлиги ва омонлигини ўйлаб хизмат қилган атоқли давлат арбоблари фаолияти ҳам атрофлича ёритилди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳбарлигида халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлини акс эттиришга ҳам эътибор қаратилди.
Шаҳар шовқинию ташвишларидан холи манзил
Ҳеч кимга сир эмас, шаҳарлар қанчалик мегаполислашса, табиий муҳитдан шунчалик узоқлашиб бораверади. Тўғри, инфратузилма яхшиланади, уй-жойлар, бошқа иншоотлар қурилади. Шунга мос тарзда аҳоли ҳам кўпаяди. Аҳоли кўп бўлган жойда автомобиллар сони орта бориши ҳам табиий. Албатта, йирик шаҳарлар саноатлашади. Уларда турли завод ва фабрикалар, корхоналар фаолият юритади. Ана шу ишлаб чиқариш қувватлари, автомобиллардан чиқаётган зарарли тутун экологик муҳитга зарар етказмай қолмайди, албатта. Бундай вазиятда шаҳар аҳолиси табиат қўйнига интилади, салқин ва баҳаво масканларга, шовқинли муҳитдан сокин жойларга бориб дам олгиси келади. Дунёнинг кўплаб давлатлари мазкур муаммога шаҳарлар ичида ва унинг атрофида боғлар, хиёбонлар барпо этиш орқали ечим топмоқда.
Мисол учун, аҳолиси қарийб 18,5 миллион бўлган Нью-Йорк шаҳрини олайлик. Бу шаҳарда осмонўпар бинолар шу даражада зич қурилган, кўчалар шу даражада торки, аҳоли гўё табиий муҳитдан узилиб қолгандек таассурот уйғотади. Чиндан ҳам, шаҳар кўчаларида дарахтлар жуда кам. Шунинг учун шаҳарнинг турли ҳудудида бир нечта боғ, хиёбон барпо этилган. Нью-Йорк Марказий хиёбони, Ботаника боғи, Бруклин ботаника боғи, Гудзон дарёси устида қурилган “Кичкина оролча” номи билан машҳур боғ маҳаллий аҳоли ҳамда сайёҳларнинг севимли масканларидан саналади. Асосан офисларда ақлий фаолият билан шуғулланиб, толиқадиган шаҳар аҳолиси шовқиндан қочиб, ана шу масканларда — табиат қўйнида дам олади.
Маълумки, Сингапур ҳам мегаполис, осмонўпар иншоотлари кўп шаҳар-давлат. Бу ерда жойлашган “Кўрфаздаги боғ” ўзининг ноодатий дизайни, ландшафти билан дунёга машҳур. Бу боғ ҳукуматнинг Сингапурни “шаҳардаги боғ”дан “боғдаги шаҳар”га айлантириш стратегиясининг бир қисми сифатида барпо этилган. Мазкур стратегия шаҳарни кўкаламзорлаштириш ҳамда ўсимликларни кўпайтиришни назарда тутади.
Марина-Бэй кўрфазида жойлашган 101 гектарлик мазкур боғ “Гуллар гумбази” ҳамда “Булутли ўрмон” деб номланган иккита гумбазли иншооти билан эътиборни ўзига тортади. “Гуллар гумбази” дунёдаги энг йирик иссиқхона бўлиб, Гиннеснинг “Рекордлар китоби”дан ҳам ўрин олган. Ҳар иккала иншоотда турли қитъаларга мансуб ўсимликлар, дарахтлар парваришланади.
Боғ ҳудудида темир каркасдан ишланган 25-50 метрли “дарахт”лар ўзига хос аҳамиятга эга. Чунки “дарахт”лар ичига турли ўсимликлар экилган. “Дарахт”ларга ўрнатилган ускуналар ёмғир сувини йиғиб, ўсимликларни автоматик тарзда суғоради. Қуёш энергиясига асосланган қурилмалар эса уларнинг тунда порлашини таъминлайди. Айтиш жоизки, бу боғ мамлакатнинг “ташриф қоғози”га ҳам айланишга улгурган.
Президентимиз ғояси ва ташаббуси асосида барпо этилган Янги Ўзбекистон боғи ҳам Тошкент шаҳри аҳолиси ҳамда меҳмонлари учун ана шундай аҳамиятга эга маскан бўлиши, шубҳасиз.
— Шаҳар муҳити ҳар қандай кишини толиқтириши тайин, — дейди меҳнат фахрийси Абдулла Жумабоев. — Ҳатто шаҳар ҳаётига ҳаддан зиёд кўниккан инсон ҳам вақти-вақти билан сокин табиат қўйнига сайр қилиш, ҳайвонот ва наботот оламидан завқланиш, тоза ҳаводан нафас олишни истайди. Тўғри, кўпчилик пойтахтликлар бундай пайтларда Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларига бориб дам олишга ошиқади. Лекин табиати гўзал бу масканлар пойтахтдан анча узоқда-да. Ҳаммада ҳам, ҳар доим ҳам бундай имконият бўлавермайди. Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган Янги Ўзбекистон боғи эса бу борада айни муддао бўлди. Бундан жуда қувондик. Энди Тошкент шаҳри аҳолиси ҳамда пойтахт меҳмонлари узоққа бормай, фусункор табиатга эга боққа келиб, мароқли дам олиши, бу ердаги манзарали дарахтлар гўзаллигидан, анвойи гуллар ифоридан баҳра олиши мумкин. Мазкур боғ ташриф буюрувчиларга нафақат руҳий ором, балки маънавий озуқа бериши билан ҳам аҳамиятлидир. Чунки боғ юртимизнинг қадимий тарихидан, буюк аждодларимиздан, бугунги кунда янги Ўзбекистонимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан сўзлайди. Айниқса, ёшларимизда Ватанга муҳаббат, буюк ўтмишимиздан фахрланиш ҳамда юртимиз тақдирига дахлдорлик туйғусини юксалтиради.
Дарҳақиқат, боғни кезсангиз, бу ердаги дарахтлар билан халқимиз ўртасида боғлиқликни илғагандек бўласиз. Маълумки, илдизи бақувват дарахт кўп мева тугади, мустаҳкам бўлади, доимо яшнаб туради. Бугун янги Ўзбекистон ҳам гуллаб-яшнамоқда, эришаётган ютуқларини дунё ҳамжамияти кенг эътироф этяпти. Чунки томиримизда буюк аждодларимиз қони оқмоқда. Биз ҳам мана шундай илдизи бақувват, тарихи буюк, аждодлари дунё тамаддуни ривожига беқиёс ҳисса қўшган, палаги тоза халқмиз.
Бундай мустаҳкам илдиз, буюк тарих ва меҳнаткаш, яратувчан халқига, маррани ҳамиша катта оладиган халқпарвар давлат раҳбарига эга бу мамлакат мудом тараққиёт ва фаровонликка юз тутаверади.
Шаҳзод ҒАФФОРОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири