Пойтахтимиздаги “Humo Arena” мажмуаси байрамона безатилган. Бу ерда Наврўз байрамининг асосий тантанали тадбири бўлиб ўтди.

Муҳташам саройга сенаторлар, депутатлар, ҳукумат аъзолари, муҳтарам отахону онахонлар, турли соҳаларда меҳнат қилаётган юртдошларимиз, ёшлар, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар вакиллари ташриф буюрди.

Байрам тадбирида Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, халқимизга Наврўз табригини йўллади.

Юртимизга байрамлар ярашади. Улар орасида Наврўз шукуҳи ўзгача. Янгиланиш, тозариш ва куч-қувват манбаи, эзгу амаллар байрами сифатида қадр топиб келаётган Наврўзни бу йил халқимиз кўп орзу-умид, катта ниятлар билан қаршилаяпти.

Давлатимиз раҳбари шижоати, халқимиз ҳамжиҳатлиги билан бутун дунёни қалқитган глобал офат — коронавирус пандемияси ша­роитида ҳам кўзлаган мақсадларимизга эришдик. Халқчил ислоҳотлар давом этди, ютуқларимиз кўп бўлди, тараққиётимиз тўхтамади. Пировардида, Ўзбекистон дунёнинг саноқли давлатлари қаторида ижобий ўсиш суръатларини сақлаб қолди.

Ўтган йили шу кунларда Президентимиз халқимизга Наврўз табригида “Насиб этса, тез орада бу ташвишли кунлар ортда қолади. Бундай сайил-томошаларни, тўю тантаналарни эл-юртимиз билан биргаликда ҳали кўп-кўп ўтказамиз” дея эзгу ният қилган эди. Аллоҳга шукр, шу ният амалга ошди.

Бу йилги Наврўз мустақиллигимизнинг 30 йиллиги шукуҳи билан уйғун келгани билан ҳам қадрлидир. Мустақиллик тўйини азиз халқимиз билан биргаликда “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғояси асосида нишонлаймиз. Шундай фараҳли кунларда эса кейинги 5 йилга яқин вақт мобайнида биз эришган муваффақиятларни эслаб, кўнглимиз тоғдек юксалади. Маррани янада баланд оламиз.

...Наврўз — бунёдкорлик байрами. Биргина ўтган йили мамлакатимизда 197 та йирик, минг­лаб кичик ва ўрта корхоналар ҳамда инфратузилма объектлари ишга туширилди. Тошкент шаҳрида 2 та янги метро станцияси ва 18 километрлик ер усти метро йўналиши фойдаланишга топширилди.

Деҳқону фермерларимиз янгича, самарали ишлаш услубига ўтмоқда. Бу — кластер тизими. 2020 йилда мева-сабзавотчилик, ғаллачилик ва чорвачиликда 500 га яқин кластер ва кооперациялар фаолияти йўлга қўйилди. Натижада 1 миллиард долларлик мева-сабзавот экспорт қилинди. Аҳоли даромад олиши учун ер майдонлари ажратилмоқда.

Мамлакатимизнинг халқаро молия бозорларида ҳам нуфузи ошмоқда. Гапимизга ўтган йили илк бор миллий валютада 2 триллион сўмлик давлат еврооблигациялари паст фоизларда жойлаштирилгани ҳам мисол бўла ­олади.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш йўлидаги ишларимиз ҳам бардавом бўлмоқда. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” асосида бошланган ишларимиз ҳам яхши самара беряпти. Ана шу тизим орқали ўтган йили 500 мингдан зиёд фуқаронинг бандлиги таъминланди. Минглаб эҳтиёжманд оилаларга кўмаклашилди, муаммоларига ечим топилди.

...Наврўз меҳр-саховат байрами ҳамдир. Ота-боболаримиздан мерос жўмардлик, тантилик ва бағрикенглик хислатлари жўшиб турибди. Пандемия шароитида, турли табиий офатлар юз берганда меҳр-саховат ишларига гувоҳ бўлдик. Бу амаллар ҳамон давом этмоқда.

Ўтган йили ижтимоий нафақа олувчилар қамрови оширилиб, 1 миллион 200 мингга етказилди. Камбағал оилага бир марталик ёрдам бериш-ку майли, лекин уларга доимий даромад манбаи яратиш асосий мақсад қилинган. Шу маънода, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларига 300 миллиард сўм имтиёзли кредит ва субсидия ажратилгани ҳам қишлоқ аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлашда янги йўналишга айланди.

Ислоҳотларимизнинг халқаро эътирофи ҳам фахр этса арзигулик. Ўзбекистон “Очиқ маълумотларни кузатиш” халқаро индексида 125 поғонага кўтарилиб, 44-ўринни эгаллади. “Иқтисодий эркинлик” рейтингида ҳам 26 поғона илгариладик. Мамлакатимиз тарихда биринчи марта БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланди. АҚШ давлат департаменти томонидан Ўзбекистон диний эркинлик соҳасидаги “махсус кузатувдаги давлатлар” рўйхатидан чиқарилди.

...Наврўз саҳнасида жўшқин қўшиқ янграйди. Бу жўшқинлик қалбимизга ҳам кўчади. Забт этилган марралар, ютуқлар кўплигидан қувонамиз. Шу ҳис бизни янги ғояларни амалга оширишга чорлайди.

Қадимги қимизчи чоллар қўшиғида айтилганидек: бола дунёни тебратар. Бу тараннумнинг буюк фалсафаси бугун Ўзбекистонда бўй кўрсатмоқда.

Жумладан, Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида таълим-тарбияга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бир неча йилда кичик ёшдаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 2 баробар ортиб, 60 фоизга етди. Боғчалар сони эса 14 мингдан ошди. Мактаб ва олий таълимдаги ислоҳотларимиз ҳам кундек равшан кўриниб турибди.

...Наврўз деҳқончилик, яралиш фурсати. Шундай улуғ айём кунларида яхши ният билан ерга уруғ қадалади, деҳқончилик ишлари бошланади, чорва сони кўпаяди. Бу йилги кўклам деҳқону чорвадорлар кутганидек серёғин, баракали келмоқда. Мўл ҳосилдан умид катта.

Халқимиз табиат билан уйғун яшайди. Замину осмонга, тоғу далаларга муҳаббати юксак. Бу муҳаббат дастурхонимизга мўл-кўлчилик билан қайтади.

...Баҳор гўзаллик фасли. Кейинги йилларда шаҳарларимиз, қишлоғу маҳаллалар кун сайин кўркам қиёфа касб этиб боряпти. Ҳар ёнда ободлик ишлари авжида.

— Наврўзнинг ўлмас руҳи ва боқий фалсафаси биз бугун бунёд этаётган янги Ўзбекистон ғояси билан уйғун ва ҳамоҳангдир. Халқимизнинг фидокорона меҳнати, қатъий сиёсий иродамиз билан кенг кўламли ислоҳотларимизни бундан кейин ҳам жадал давом эттирамиз. Қанчалик қийин бўлмасин, эл-юртимиз манфаатини, жондан азиз фарзандларимиз келажагини таъминлашга хизмат қиладиган тўғри йўлимиздан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз, — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Байрам тадбири катта концерт дастури билан якунланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Humo Arena” мажмуаси олдидаги майдонда ташкил этилган байрам сайлида ҳам иштирок этди. Бу ерда миллий қадриятларимиз ва анъаналаримиз намойишини, фольклор-этнографик жамоалари чиқишларини кузатди. Нуронийлар билан суҳбатлашди, ёш ижрочиларга ўқиш ва ижодда муваффақиятлар тилади. Сайилга ташриф буюрган аҳоли давлатимиз раҳбарини олқишлар билан қарши олиб, миннатдор нигоҳлар ила кузатиб қўйди.

Наврўз тантаналари юртимиз бўйлаб давом этмоқда.

Шоиримиз Жуманиёз Жабборов ёзганидек:

Яшнар табиат, дашту адир лола ичинда,

Юртим — чаманим ўзгача пардозланажакдир.

Ҳа, Наврўзнинг ҳар нафаси умрга татигулик. Зеро, Ўзбекистонда янгиланиш фасли кезмоқда. Қаён боқсак ободлик манзаралари намоён бўлади. Шундай экан, Наврўз йил давомида ҳамроҳимиз бўлсин! Байрам муборак!

Абу Бакир ЎРОЗОВ,

Улуғбек АСРОРОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбирлари