Вилоят ҳокимлиги, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамда туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда уюшмаган ёшлар, маҳалла аҳли иштирок этди.

Ёшлар – давлат ва жамиятнинг ҳал қилувчи кучи, эртасининг эгалари сифатида ислоҳотларда фаол иштирок этмоқда. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиляпти. Мамлакатимизда ёшлар билан ишлашда ҳам ўзига хос тизим яратилганлиги бунда катта ўрин тутмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 11 апрель куни бўлиб ўтган ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида муҳим вазифалар белгилаб берилди. Айни кунларда вилоятда бу борада “йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, ижроси таъминланмоқда. Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишда турли фестиваллар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Туманнинг чекка ҳудуди -“Бесаранг” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 32-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган анжуман ҳам ёшларнинг катта байрамига айланди.

Мазкур маҳаллада 4 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган бўлиб, уларнинг 1 минг 54 нафар ёшлардир. Айни кунларда уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар ўргатиш, тадбиркорликка йўналтиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. “Ёшлар дафтари” асосида кўплаб ёшлар ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қуваатланмоқда. Шу билан биргаликда уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ҳам доимий эътиборда.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Файзулло Қосимов, туман ҳокими Абдуқаҳҳор Жўрабоев Президентимизнинг ташаббуси асосида ёшлар билан ишлашда янги имкониятлар яратилаётганини таъкидлаб, бесаранглик ёшларни фаолликка чорлади. Таълим масканлари доимо ёшлар билан гавжум бўлишида турли тадбирларнинг ташкил этилиши муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
 Маҳалладаги уюшмаган ёшлар иштирокида “Заковат” интелектуал ўйини, стритбол, футбол, стол тенниси шахмат бўйича спорт мусобақалари, китобхонлик кечаси ташкил этилди.

Санъаткорларнинг ватан, тинчлик, ёшлик ҳақида қўшиқлари, умумтаълим мактабларининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиларининг саҳна кўринишлари барчага манзур бўлди. Тадбирда фаол иштирок этган жамоалар ва ёшлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.